Ютуқлар сири изланишда

Данғара туманидаги “Аюбхон текстиль” масъулияти чекланган жамиятида замонавий технологиялар асосида эркаклар ва болалар кўйлаги, пайпоқ ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Айни пайтда жамият томонидан ички бозорга сифатли маҳсулот етказиб берилмоқда. Асосийси корхонада юз нафарга яқин хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. Яна бир муҳим янгилик: яқинда корхонага замонавий пайпоқ ишлаб чиқариш дастгоҳлари ўрнатилди. Бу эса ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириб, янги иш ўринларини яратишга асос бўлди.

Харидор диди, талаби, бозор муносабатларини қадам-бақадам ўрганиб борилаётгани туфайли Дилшодахон Усмонова раҳбарлик қилаётган “Аюбхон текстиль” МЧЖ фаолиятида унум, сифат, қўша-қўша ютуқ ва муваффақият бор.

Асосан эркаклар кўйлаклари, аёллар ва болалар трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бу жамоада ишчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Ишчилар кенг, ёруғ ва озода хоналарда замонавий тикув дастгоҳларида ишламоқдалар. Айниқса, бу жараён “Устоз – шогирд” тамойили асосида амалга оширилаётгани диққатга сазовордир.

– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, хориждан янги технологиялар келтириб ўрнатдик. Бу эса ёшларимиз учун айни муддао бўлди, – дейди Дилшода Усмонова. – Натижада маҳсулот сифати янада яхшиланиб, ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ортди. Ўз-ўзидан иш кўлами кенгайгач, иш ўринлари сони янада кўпайди.

Президент соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Аюбхон текстиль” МЧЖ раҳбари Д.Усмонова “Саноат соҳасидаги энг яхши тадбиркор” йўналишида биринчи ўринни эгаллади.

–Коллеждаги дарслардан сўнг иш ўрганиш учун мана шу корхонага қатнаб юрардим – дейди шогирд Зулайхо Акбарова.– Ўтган йили туманимиздаги агросаноат коллежини тамомладим. Ўшандан буён “Аюбхон текстиль” корхонасида фаолият олиб боряпман. Бу ерда барча ишчилар менга устозлик қилишмоқда, ишдаги тажрибаларини менга ҳам ўргатишмоқда. Оиламга ҳам моддий ёрдамим тегмоқда. Қисқаси улкан мақсадларни қўйдим. Келажакда мен ҳам ўз корхонамни очиш ниятидаман.

Элга нафи тегаётган, халқ дарди, ташвиши билан яшаётган ва меҳнат қилаётган тадбиркорларга танлаган йўлингиз ҳамиша ойдин бўлсин, деймиз.