Фарғонада smart city – “ақлли шаҳар” қурилади

Фарғона вилоятида Жанубий Кореялик ҳамкорларимиз билан биргаликда “Ақлли шаҳар” қурилади. Ушбу лойиҳага Жанубий Корея томонидан 800 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган инвестиция киритилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа ишга тушгач, келажакда кўплаб инвесторларни жалб қилиш имкониятлари пайдо бўлади. Чунки бу ҳудуд илғор корейс эркин иқтисодий зоналари стандартларига мувофиқ шакллантирилади.

Жанубий Корея инвесторлари сифатида “Чхонг-хэ Инжиниринг” компанияси вакиллари Ким Ёнг Жун, Рю Санг Гюн, Ким Тае Хёнг, Лиан Николайлар Фарғонага келдилар.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг “Чхонг-хэ Инжиниринг” акционерлик жамияти ўзаро ҳамкорлигида Фарғона вилоятида эркин ққтисодий зона ва “Ақлли шаҳар” ривожи ва ушбу соҳада зарурий чора-тадбирларни бажариш учун меморандум имзоланди.

Унга кўра Учкўприк туманида 250 га ер майдонида “Ақлли шаҳар” лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган.  Меморандумда ҳудудларнинг тақсимланиши, Smart Core, яъни бизнес марказлаштирилиши, маъмурият, юқори технологияли индустрия, R&D Plaza – АТ водийси, шунингдек, яшаш ҳудудларининг марказлаштирилиши, аҳолини жойлаштириш ва чет элликлар оқими каби масалалар ўз аксини топган.

“Ақлли шаҳар” қурилганидан сўнг янги инвесторларни жалб қилиш ҳисобига 2 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши режалаштирилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.