Иқтисодий ҳудудлар ҳамкорлиги

Бугунги кунда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, мамлакат иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш устувор вазифалардан бири саналади.

Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан инвесторлар билан  мунтазам равишда ўтказилаётган бизнес форумлар, яқиндан мулоқотлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Жанубий Кореянинг “Инчхон” иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбарияти ҳамда бир гуруҳ йирик инвесторлар “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар, дирекция фаолияти ҳамда ҳудудда  инвесторларга, тадбиркорлик субъектларига яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

“Инчхон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Ким Жин Ёнг бошчилигидаги делегация вакиллари жараёнларга катта қизиқиш билдириб,  энергетика, кимё, саноат, ишлаб чиқариш соҳасида имкониятларимизни юксак баҳоладилар ва айнан мана шу йўналишларда ҳамкорлик қилиш ниятларини билдириб ўтдилар.

Масъуллар Корея инвесторларини иқтисодий ҳудудимиздаги муваффақиятли амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар билан таништирдилар.

Куннинг иккинчи ярмида кореялик ишбиларонларни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев қабул қилди ҳамда вилоятнинг иқтисодий салоҳияти хусусида батафсил маълумот бериб ўтди.

Вилоят раҳбари Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг мамлакатимизга ташрифи олдидан ўтказилаётган ушбу мулоқотлар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техник ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

– Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлардан яхши хабардормиз, – дейди Ким Жин Ёнг. – Эркин иқтисодий зонада барпо этилган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишарканмиз, дунёнинг энг ривожланаётган давлатлари тажрибасидан кенг фойданилаётганининг гувоҳи бўлдик. Истиқболда ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга келишиб олдик.  Айниқса,  меҳнатсевар, тадбиркор, интилувчан ёшларингиз ушбу корхоналарда янги инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга татбиқ этаётгани бизда катта таассурот қолдирди. Эркин иктисодий зона дирекциясида амалга ошириладиган янги лойиҳалар такдимоти билан танишдик.  Келгусидаги режаларимиз катта ва ўйлаймизки, ушбу максадлар рўёбини тез кунда кўрамиз.

Қабул сўнггида  хорижлик меҳмонларга вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

      Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.