Пушаймонлик манзили

Маълумотларга қараганда, одам савдосидан энг кўп жабрланаётганлар вояга етмаганлар ва аёллардир. Айниқса, аёлларни шаҳвоний мақсадларда четга олиб чиқиб кетишга уриниш ҳолатлари кўп учрайди.

Одам савдосига қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан ташкил қилинаётган тарғибот тадбирларида ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётир.

Афсуски, одам савдоси билан боғлиқ жиноий ишларнинг фош этилаётгани, уларда хотин-қизларнинг иштироки борлиги кишини ташвишга солади.

Ана шундай эгри йўл этагини тутиб жавобгарликка тортилганлардан бири Нозима Шокирова (мақоладаги қаҳрамонларнинг исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган) ўз танишлари билан жиноий тил бириктириб, юзи шувут бўлди. У М.Гафурова ҳамда тергов даврида аниқлашнинг имкони бўлмаган “Света” исмли шахслар билан келишиб, Ноила Миржалоловани хорижга юбормоқчи бўлди.

Хуфёна тузилган режани амалга оширишдан аввал Нозима Ноилага Россия Федерациясида яхши иш борлигини, танишлари унга ёрдам беришини астойдил уқтирди. Бу орада Нозима унинг фуқаролик паспортини олиб қўйиб, уни суратга олади ва авиабилет расмийлаштириш учун М.Гафуровага юборади.  М.Гафурова ҳам унинг номига олинган авиачиптани Нозимага юборади.

Жиноят иши шундан бошланди. Нозима дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун бериладиган руҳсатнома стикери расмийлаштирилмаганига қарамасдан Ноилани қонунга хилоф ҳаракатга далолат қилди. Ноила келишилган шахслар орқали дастлаб Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳри, ундан сўнг Украинанинг Киев шаҳри ва у ердан Таиланд давлатига жўнаб кетади.

Таиландда Ноилани М.Гафурованинг шахсан ўзи кутиб олади. Афсуски, Ноила бу ерга келганида аёллик шаънига номуносиб ишларни қилишга мажбур бўлди. Унинг фуқаролик паспортини олиб қўйган шахслар нуфузли мехмонхонанинг тунги клубидаги айшу-ишратларга уни зўрлик билан жалб қилишди.  Бу ҳолатлардан қутулиш умидида Ноила Таиланддаги элчихонага мурожаат қилди ва 2017 йилнинг 12 сентябрь куни ватанимизга қайтишга муваффақ бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида юқоридаги ҳаракатлар далиллар ва кўрсатмалар орқали яна бир карра ўз исботини топди. Нозима Шокирова ҳамда Ноила Миржалоловалар устидан ҳукм чиқарилиб, тегишли жазо тайинланди.

Одам савдоси инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, қул бўлишга, ота-она, яқинларидан ажралиб, тирик етимга айланишга олиб келадиган мудҳиш жиноят. Зеро, бу иллатга қарши курашишни фақат суд-ҳуқуқ органлари ходимларининг вазифаси деб қараш нотўғри. Унга қарши курашишда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик катта ўрин тутмоқда. Барча бирдек ҳаракат қилиб, суд-ҳуқуқ органларига яқиндан ёрдам беришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

А.ИНАМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар суди судьяси.