Қўшма тарғибот ва ташвиқот гуруҳлари

Фарғона шаҳрида аҳоли, айиқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда таълим масканлари ходимлари, маҳалла жонкуярлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳусан Ботиров  Президентимизнинг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, Фарғона вилояти ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят марказида қўшма тарғибот ва ташвиқот гуруҳлари тузилганлигини қайд этди.

Фарғона шаҳрида мавжуд маҳаллалар аҳолиси, шунингдек, таълим муассасасалари талаба ва ўқувчилари ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ёшларни маънавий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни тизимли ташкиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида тузилган мазкур гуруҳларнинг асосий вазифалари айтиб ўтилди.

Гуруҳлар томонидан маҳалла ва таълим масканларида бу борада олиб борилган ишлар аҳволи, йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлили, эътиборталаб ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги профилактик ишлар, уюшмаган йигит-қизлар бандлиги масалаларига алоҳида аҳамият қаратилади.

“Ўз уйингни ўзинг асра!” шиори остида маҳалла аҳли, ёш авлод вакиллари иштирокида  давра суҳбатлари, фахрийлар билан учрашувлар ва семинарлар, ҳарбий-ватанпарварлик акциялари, спорт мусобақалари, маданий ҳордиқ тадбирлари ўтказилади.

Маҳаллаларда жойлашган таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Жасорат дарслари”, китобхонлик кечалари, турли интеллектуал ўйинлар уюштирилади. Таълим масканларида эса ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги бадиий фильмлар намойиш қилиниб, уларнинг муҳокамаси ташкил этилади.

Таъкидланишича, Фарғона шаҳрида 16 та ҳудудга бўлинган ҳолда, тарғибот ва ташвиқот гуруҳи фаолият олиб боради. Ҳафтанинг душанба, чоршанба кунлари амалий тадбирлар ўтказилса,   пайшанба ҳуқуқбузарлик профилактикаси, жума – маънавий юксалиш ва ватанпарлик кунида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилади.