Аёллар бандлиги – муҳим масала

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус бўйича дастурлар ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятга моликдир.

Фарғона тумани Миндонобод маҳалла фуқаролар йиғинида бешинчи ташаббусга кўра қад ростлаган “Нозли сарой маскани” МЧЖ тикув-трикотаж корхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган бирламчи вазифаларга асосан беш йўналишнинг дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилган. Айнан бешинчи ташаббус юзасидан тайёрланган ана шу дастур лойиҳасидан 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёлларни банд этиш масалалари ўрин олган.

Фарғона туманининг Миндонобод ҳудудида йўл бўйидаги қирлар қирқилиб, ўрнига замонавий, арзон турар-жой биноларининг барпо этилиши, бу уйларнинг ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд, боқувчисиз ва бошпанага муҳтож хотин-қизларга ажратилиши инсон омилига қаратилган эътибордан даракдир.

Бу кўп қаватли уйларнинг ёнгинасида “Нозли” тикув масканининг қисқа фурсатларда қурилиб, фойдаланишга топширилиши беш ташаббусдан бири, ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари лойиҳасининг Фарғонадаги амалий ифодаси бўлди.

Тикув цехининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев хотин-қизларни ушбу янги корхонанинг очилиши билан самимий қутлаб, жамоанинг келгуси фаолиятига омад тилади.

–Тикув-трикотаж корхонасининг ишга туширилиши билан 120 нафарга яқин хотин-қизлар бандлиги таъминланди, – дейди тадбиркор Наргиза Асқарова. – Бу ерга Япониянинг замонавий технологиялари, энг сўнгги русумдаги тикув дастгоҳларининг келтирилиши сифатли, харидорбоп маҳсулотлар тайёрланишига замин яратади.

Яқинда Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Муҳайё Абдуқаҳҳоровага уч қаватли арзон турар-жойларнинг 2 хонали хонадони калити топширилган эди. Энди бу чевар аёл уйининг олдида очилган тикувчилик цехига ишга жойлашди. Муҳайё уйнинг қолган кредит тўловларини шартнома асосида ишлаб, тўлашга имконият яратилганлигидан қувонмоқда.

Костюм-шим тикиш ва бичиш курсларида ўқиб, чеварчиликни яхши ўрганиб олдим, – дейди чевар Муҳайё Абдуқаҳҳорова.  – Биз каби ногиронлиги бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаётгани учун Президентимизга ташаккур билдираман.

Тикув-трикотаж корхонасининг очилиши муносабати билан турар-жойлар ҳовлисида бир пиёла чой ташкил этилиб, куй-қўшиқлар янгради.