Томорқадан унумли фойдаланган ҳам тадбиркор

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида вилоятимизда амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар тобора кенг қулоч ёзаётгани қувонарлидир.

Айни жараёнда ҳар бир оиланинг муқим даромад манбаига эга бўлиши орқали турмуш фаровонлигини юксалтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу маънода, бундан буён хонадонидаги ҳар бир қарич томорқа еридан унумли фойдаланаётган оила ҳам тадбиркор. Боиси эндиликда томорқа – улкан даромад манбаи, фаровон ҳаёт мезони, оилалар бахти ва тўкислигини таъминловчи барқарор иш ўрни сифатида яққол намоён бўлмоқда.

Шу йилнинг 13 апрель куни Ёзёвон тумани ҳокимлиги ва “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган амалий семинарда туманда бу борада олиб борилаётган ишлар сарҳисоб этилди.

Томорқада банд бўлган аҳоли, айниқса, хотин-қизларимиз учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар тўлиқ тушунтирилди.

Маълумки, таҳририят томонидан жорий йилда вилоятимиз миқёсида Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамаот фонди гранти асосида “Уюшмаган, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга, уларни тадбиркорлик ва оилавий бизнеснинг турли шаклларига кенг жалб қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ёзёвон туманининг Қорасой МФЙда яшовчи миришкор томорқачи Миродил Содиқов хонадонида ўтказилган семинарда турли кўргазмалар воситасида иштирокчиларга оилада мева-сабзавотлар етиштириш, чорвачилик, паррандачилик ва куркачилик сингари тармоқларни ривожлантириш бўйича маълумотлар берилди. Томорқада 50 дан ортиқ йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ўқув-услубий қўлланмалар тарқатилди.

Бугунги кунда Қорасой, Тошҳовуз, Чўлигулистон, Тараққиёт, Сой бўйи сингари МФЙлар аҳолиси томорқадан унумли фойдаланиш борасида қувонарли ютуқларга эришмоқдалар,-дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Тешабоева. – Белгиланган режа асосида тумандаги 33 та МФЙда истиқомат қилувчи 27 минг 741 та оила секторлар кесимида ўрганилди. Ҳар бир сектор ҳудудида “Томорқа хизмати” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилиб, барча йўналишлар бўйича томорқа эгаларига жиддий кўмак бериляпти.

Қорасой МФЙ раиси Замира Хўжаеванинг эътироф этишича, ҳудуддаги 808 та хонадон тасарруфида 76 гектар томорқа ери мавжуд. 2019 йилнинг биринчи чорагида МФЙ томонидан иссиқхона қуриш учун 25 та оилага имтиёзли кредит олишга тавсияномалар берилди. Ҳозирда маҳалладаги 300 га яқин оилалар томорқасида ташкил этган иссиқхонадан яхши даромад олмоқда. Қорасой МФЙ “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича иссиқхоналарда лимон етиштириш ва хорижга экспорт қилишга ихтисослаштириляпти. Катта Фарғона канали бўйида жойлашган маҳалла аҳли вилоят бозорларига сифатли картошка етиштириб бериш борасида ҳам катта тажрибага эга.

Маҳаллада энг миришкор томорқачи сифатида танилган Миродил Содиқов томорқасининг 10 сотихида иссиқхона ташкил этилган. Шу кунларда иссиқхонадаги бодринг пишиб, бозорда сотиляпти. Помидор ҳам бугун-эрта сотувга чиқарилади. Булғор қалампири ҳам илк ҳосил нишоналарини кўрсатди. Деҳқончилик соҳасида катта ҳаётий тажрибага эга хонадон соҳиби тажриба тариқасида иссиқхонада узумнинг харидоргир “Ризамат” навини парваришлаяпти. Бундай усул орқали узумни одатдагидан бир ой олдин пишириш ва ички бозорда сотишни режалаштирмоқда. Узумнинг остидаги ерни бўш қўймаслик мақсадида изланувчан томорқачи лола парваришлашни ҳам йўлга қўйиш ниятида. Ўз навбатида хонадонда қорамол, товуқ, курка боқиш, гилос, шафтоли, анор, олма сингари мевали дарахтлар парвариши ҳам қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.

Турмуш ўртоғим Салима Содиқова кўп йиллардан буён томорқа юмушлари билан машғул бўлса-да, меҳнат дафтарчасига эга эмас эди,-дея семинар қатнашчиларига юзланди оила соҳиби. – Томорқа эгаси йилда бир маротаба энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўлаб, бир йиллик меҳнат стажига эга бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги янгилик бизни роса қувонтирди. Тез орада турмуш ўртоғимга меҳнат дафтарчаси расмийлаштирамиз. Маҳалладаги барча аёлларга ҳам шуни тавсия этаман. Чунки меҳнат стажи келажакда хотиржам пенсия олишни кафолатлайди.

Юзма-юз мулоқотда Миродил Содиқовнинг томорқадан салмоқли даромад олиш борасидаги ибратли тажрибаси ўрганилиб, туманнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган семинар иштирокчилари ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Бундан буён томорқадан самарали фойдаланиш ҳар бир оиланинг юрт олдидаги фуқаролик бурчи ва масъулияти эканлиги таъкидланди.