Пролигада нима гап?

Илгари хабар қилинганидек, вилоятимиз шарафини мамлакат чемпионати суперлигасида “Қўқон-1912”, пролигада 4 та жамоа ҳимоя қилмоқда. Булар–Фарғонанинг “Нефтчи” ва “Истиқлол”, Олтиариқнинг “Ифтихор”, Яйпаннинг “Турон” жамоаларидир.

Ҳозиргача суперлига жамоаларида 3 та, пролигада эса 2 тадан ўйин ўтказилди. Бу учрашувларни  уюшқоқлик билан ўтказган “Истиқлол” жамоаси 2 та баҳсда 6 очко жамғариб, гуруҳ  пешқадамлари сафида бормоқда. Дастлабки баҳсларни кўнгилдагидек ўтказолмаган “Нефтчи” ва “Ифтихор” жамоалари эса турнир жадвалининг охирги ўринларини эгаллаб турибди.

Бу йил барча имкониятларини ишга солиб, суперлигадаги мавқеини тиклашни вазифа қилиб қўйган “Нефтчи” жамоаси дастлабки учрашувларни ўз майдонида ўтказган бўлса ҳам, имкониятларни қўлдан бой берди. Урганчнинг “Хоразм” жамоаси билан бўлган учрашувда фарғоналиклар ҳимоячиси Даврон Маматов рақибга тўпни олдириб қўймаслик  учун кутилмаганда уни дарвозабонга узатди. Дарвозабон буни кутмаган эди. Шу тариқа тўп дарвоза тўрига бориб тушди. “Нефтчи” футболчиси тўпни ўз дарвозасига йўллаб, меҳмонларга “текин” ғалаба ва уч очкони “тақдим” этди. “Истиқлол” билан бўлган беллашувда эса ҳакам томонидан белгиланган 11 метрли  жарима тўпини мўлжалга етказа олмаган  Носир Отақўзиев дуранг натижани йўққа чиқариб, ўз жамоасининг омадсизлигига сабабчи бўлди. Сергей  Лебедев  шогирдлари 3:2 ҳисобида ғалабага эришиб, турнир жадвалида ўз  мавқеиларини янада мустаҳкамлаб олдилар.

        Дониёр ЭРГАШЕВ.