Чорак сарҳисоби

Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси биносида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда бошқарма ва туман, шаҳар давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари ва архиви томонидан йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлари тўғрисида маълумотлар иштирокчиларга етказилди.

Давлат хизматлари вилоят бошқармаси томонидан муддати бузилган мурожаатлар юзасидан давлат хизматларини кўрсатувчи идораларга 11 та тақдимнома ва 78 та огоҳномалар киритилиб, тақдимномалар натижаси бўйича 3 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш муддатини бузган 45 нафар мансабдор шахснинг маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Жорий йилнинг март ойи давомида туман(шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан жами 2.959 та юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Соҳа йўналиши бўйича 179 та фермер хўжалиги, 44 та деҳқон хўжалиги, 2.499 та кичик бизнес субъектлари, 176 таси эса бошқа юридик шахсларни ташкил этади. 6.576 та юридик  шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Марказ томонидан 783 та тадбиркорлик субъектлари сайёр рўйхатдан ўтказилганлиги маълум қилинди.

Анжуман якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига масъул ходимлар томонидан жавоблар олдилар.