“Виртуал жамоат” таназзули

Бугунги кунда ҳар қандай экстремистик оқим тарафдорлари кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортиш, айниқса ёшларни ўз ғояларига жалб қилиш мақсадида  турли усул ва воситаларни ишга солишмоқда.

Масалан, виртуал жамоат шаклида бирлашган гуруҳлар жимжимадор шиорлар, жозибадор жумлалар орқали аста-секинлик билан сафларини кенгайтиришга киришишади. Бу ҳаракатни гоҳида  ислом дини аҳкомлари бузиб талқин этилган, замирига кин ва адоват, Ватанга хиёнат  яширинган маърузалар ўқиш билан амалга оширишади.

Алишер Умарқулов ҳам “Ҳизбут-таҳрир” диний экстремистик оқимининг “фаол” тарғиботчиси сифатида 2012 йилдан бошлаб  очиқдан-очиқ  даъват билан шуғулланиб келган.

У дастлаб 16 нафар инсонни оқим ғояси домига тортади. Фаолиятини “қизғин” давом эттириш жараёнида қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига ўтиб, диний экстремистик ташкилот тузади.

Дарвоқе, бу шахс 2000 йилда аввал худди шундай  жиноят туфайли қамоқ жазосига маҳкум этилганди.  Бироқ “Ҳизбут-таҳрир” нинг заҳарли ғояси унинг оиласи, уч фарзанди тақдири ҳақида қайғуришга, қилмишларидан оқилона хулоса чиқаришга йўл бермади.    Кўр-кўрона танлаган йўли уни темир панжара томон олиб боражагини билмади.   Муҳаммад Мамаризаев деган шахс  билан учрашишга қарор қилди..

Тез-тез имонлашиб турайлик, биродар, — дейди Алишер гина-қудурат оҳангида.

Албатта иймонлашамиз. Ҳозир уйимда уч-тўрт нафар “ҳизбийлар” бор. Сизни улар билан таништириб қўяман,- Муҳаммад бу гапни ўзига ишонч билан айтадики, қисқа сонияли суҳбатдан кейин Алишер Муҳаммаднинг йўл-йўриқлари асосида иш тутадиган бўлди.

Муҳаммаднинг Олтиариқ тумани Полосон қишлоғидаги уйида “ин” қурган “ҳизбийлар” шу ҳудудда яшовчи онгида мафкуравий бўшлиқ бўлган шахсларни тўплай бошлайдилар. Дастлабки тарғибот хонадон эгасининг куёви Азизбек Маҳсудовдан бошланади. Унга “Ҳизбут-таҳрир” оқимининг қасамини ичиши учун “Исломни ҳимоя қилишга ва унга аъзо бўлишга, уни тўғри бошқаришга “Ҳизбут-таҳрир” дастури ва аҳкомларига сўз ва амалда бажаришга, райимга зид келса ҳам қарорларини бажаришга қасамёд қиламан” деган сўзлар ёзилган қоғозни тутқазишади.  Азизбек икки “ҳизбий” гувоҳлигида юқоридаги ёзувларни ўқиб оқимга аъзолик қасамини ичади.

А.Умарқулов энди Рустам исмли шахсни Муҳаммаднинг хонадонига етаклаб келиб уни оқимга аъзо бўлишга ундайди.

Тобора оқим ғояларини тарқатишда устаси-фаранг бўлиб бораётган Алишер -“мушриф”, Муҳаммад “нақиб” лақаблари остида “ҳизбий халқа” ташкил этишади. Ва экстремистик ташкилот асосчиси Тақиюддин Набҳоний қаламига мансуб  “Ислом низоми”, “Ислом давлати” ва “Исломий нафсия” номли электрон диний адабиётлардан сабоқ беришни йўлга қўйишади.

Бундан ташқари оқим аъзолари йиғинларида диний сайтлар орқали оқимнинг янгликлари ва ғоялари бўйича “фикр алмашиб” туришади. Ижтимоий тармоқларда “виртуал жамоа” га бирлашиб  тарғибот ишларида давом этишади.

Шундай қилиб оқим “талабалари” сони бир неча нафарга кўпайиб кетади.

Қозонга яқин юрсанг қораси юқади, деганларидек, авваллари тингловчи бўлган кимсалар “мушриф” лавозимига тайинланиб ўзлари мустақил “ҳизбий халқа” ташкил қиладилар. Айтайлик Азизбек Мўминов ўз “халқасини” тузиб, унга  беш нафар фуқарони  аъзо қилади ва уларга оқимга доир маълумотлардан дарс беради.

2011-2014 йиллар орасида Азизбек каби “мансабдорлар” нинг уринишлари билан оқим аъзолари ўртасида пул тақсимоти ҳам амалга оширилади.

Даромадга яраша ҳаракат ҳам кучая боради. Алишер Умарқулов ва унинг маслакдошлари турмуш ўртоқлари, фарзандларини ҳам даъватга эргаштирадилар.

Носоғлом ғоя тарафдорлари ижтимоий тармоқлар  орқали  “Элдар Хамзин”, “Славик” профили орқали мулоқотни йўлга қўйишади. Мазкур профил эгалари  Алишер Умарқуловни Қирғизистон Республикасининг Қадамжой туманига таклиф қиладилар.

У айни пайтда ўзини “ҳожи” деб таништирган “Ҳизбут таҳрир” диний экстремистик оқимининг  Қирғизистон Республикасидаги вакили билан учрашишга муваффақ бўлади ва  Фарғонадаги оқим аъзолари фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар беради, “жамоат”ни бошқаришда ундан ёрдам  сўрайди.

“Вакил” ҳам меҳмоннинг илтимосини рад этмайди-ю, “жамоат” га бир нечта шартлар қўяди. Чунончи, ҳар бир оқим аъзоси ижтимоий тармоқлардан профил очсин.  “Ҳизб инфо” сайтидан тарқатилаётган оқимга тегишли мақолалар профилларга қўйиб борилсин. Ҳар ойда қилинган ишлар ҳақида интернет орқали ҳисобот топширилсин. Аъзолар “Таббарруот” ташкил этиб, унга мунтазам равишда пул маблағи тўплашни йўлга қўйишсин.

Ватанга хиёнат кўчасида дайдиб юрган  нобакор “Хожи”нинг айтганларини сўзсиз бажариш мақсадида яна Олтиариққа қайтиб келади. Гуруҳ аъзоларига бирма-бир топшириқлар беради. Ўзининг қора қилмишларини хуфёналаштириш, гуруҳ фаолиятини бегона шахслардан яшириш мақсадида “Фасеебоок”, “Одноклассники” тармоғида ўзи учун “Абу Бакр” номли, турмуш ўртоғи ва қизига “Хадича Бинту Хувайлид”, “Ойша Бинту Муслима” профилларини очади ва ташвиқот ишларини олиб боради.

Жиноий гуруҳ ишлари ҳудуд жиҳатидан шу қадар чўзилиб кетадики, йиғилган пул маблағлари андижонлик “Абдуллоҳ” лақабли “ҳизбутчи”га етказиб турилади.

Бу орада, яъни 2013 йилнинг ноябрь ойига келиб “жамоат” орасида хабар тарқалади. Уларнинг жиноий ишларидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари хабар топганмиш!

Пайтавасига қурт тушган “ҳизбутчилар” Қирғизистон Республикаси ҳудудига ўтиб кетишни режалаштирадилар. Уларнинг раҳбари А. Умарқулов эса оила аъзоларига оқим аъзолари томонидан тўпланган пулларни маълум бир қисмини  қолдириб,  Россияга ишлаш учун кетяпман, дея уйдан чиқиб кетади.

Айланма йўл унга “қадрдон” бўлиб қолган эди. Шу боис жиноий шериклари билан Фарғона туманининг Водил қишлоғи орқали Қирғизистоннинг Қадамжой туманига ўтиб яна даъватда давом этади.

Жиноят тўдаси хўжайинининг  топшириғи билан И. Маткаримов “Ҳизбут таҳрир” ғояси асосида “Таксичининг бир куни” сарлавҳали  мақола ёзиб унга юборади. Хўжайин мақолани ўқиб чиқиб, уни  ҳаммаслаги А. Мақсудовга “йўллайди”. А. Мақсудов мақолага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб интернет орқали кенг омма эътиборига ҳавола қилади.

Жиноятчи ижтимоий тармоқлар воситасида “талаба” излаб топиб унга сабоқ беришни канда қилмайди. Унинг ашаддий фаолияти 2018 йилнинг 11 январига қадар давом этаркан унгача Ўзбекистон Республикасида “халифалик” давлатини барпо этиш кераклиги тўғрисида очиқдан-очиқ даъват қилиб келади.

Унинг сохта, мантиқсиз даъвати Тожикистон ҳудудларигача етиб боради. У ерда “Шамсиддин”, “Абдуллоҳ”, “Абдурашид”, “Полвон” исмли терговда аниқланмаган шахслар иштирокида “виртуал жамоа” яратади.

Ҳар бир ишнинг интиҳоси бўлганидек, бу жиноий ҳаракат  Алишер Умарқулов Ўш вилоятида қўлга олингандагина фаолиятдан тўхтайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси томонидан “Ҳизбут таҳрир”га тегишли барча китоб, журнал ва маълумотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги билдирилган.

Алишер Умарқулов ниҳоят суднинг қора курсисида жиноятига иқрор бўлди. Суд ҳукмига биноан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва ўн йил озодликдан маҳрум қилди.

Юртимиздаги диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришларнинг қадрига етмайдиган, ичган тузини унутадиган, нафс кўйида носоғлом ғоялар ортидан эргашадиган, уларга тобе бўладиган кимсалар худди Алишер Умарқуловга ўхшаб эртами-кечми барибир  қонун  олдида жавоб берадилар!

Моҳларой ТЎХТАСИНОВА.