Мурожаатлар ечими фуқароларни қониқтирмоқда

Шу йил 9-10-11-апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, тергов департаменти бошлиғи, полковник Акромхон Бобохоновнинг фуқароларни сайёр қабули ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона шаҳридаги “Халқ қабулхонаси”да Марғилон, Қувасой шаҳарлари ҳамда Қува, Тошлоқ, Ёзёвон туманлари, Риштон тумани ҳокимлиги биносида Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Қўштепа ва Сўх туманлари,  “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси Қўқон шаҳар филиали биносида Қўқон шаҳри, Бешариқ, Фурқат, Бувайда, Данғара, Ўзбекистон ҳамда Учкўприк туманлари фуқаролари учун ўтказилган сайёр қабулларда кўплаб масалалар юзасидан мурожаатлар қилинди.

-Ўғлим Комилов Авазжон Абдуғаппор ўғли 5 ёшда эҳтиётсизлик туфайли оёғи синган, яхши юролмайди, 3-нуруҳ ногирони, рўйхатда туради — деб мурожаат қилди Бағдод туманидаги Каримбобо МФЙда яшовчи Бисолиҳа Ҳамроқулова. — Шу сабабли ўғлим 2-гуруҳ ногиронлигига ўтказилса яхши бўлар эди.

Авазжонга Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси ВТЭК томонидан амалий ёрдам бериладиган  бўлди.

Қабул куни Риштон шаҳридаги Мискин МФЙда яшовчи Сайфулло Абдулҳакимов ва Олтиариқ тумани, Катпут қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳасанбой Маткомиловлар иш билан таъминландилар.

Фарғона шаҳрида ўтказилган қабулда 85 нафар фуқаро турли масалалар билан мурожаат қилди.

Қабул давомида суриштирув ва тергов ҳаракатлари, фуқаролик ва паспорт-виза масалаларида қилинган мурожаатлар шу ерда ўз ечимини топди.

Бундан ташқари 25 та мурожаатга ижобий жавоб олинди. 17 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. 12 тасига бошқа органларга мурожаат қилиш тушунтирилди. 22 тасининг аризаси олиниб, ижрога қаратилди.