Бошқирдистон делегацияси – Фарғонада

2019 йилнинг 9 апрель куни Фарғона вилояти ҳокимлиги қабуллар уйида Россиянинг Бошқирдистон Республикаси бизнес-делегацияси раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Бошқирдистон Республикаси Премьер-министри ўринбосари Ильшат Фазрахманов бошчилигида Бошқирдистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Ўзбекистондаги вакили Марсель Асфандияров, агросаноат комплекси ва ўрмон хўжалиги Департаменти директори Светлана Белова ва бошқалар иштирок этдилар.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов ва вилоят ҳокими ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов меҳмонлар билан музокаралар олиб бордилар.

Ҳозирги кунда вилоятимиздан Россиянинг Поволжье, Урал ҳудудларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинади. Бошқирдистон Россиянинг остонаси бўлганлиги учун И.Фазрахманов ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олиб, уни Россия бўйлаб тарқатиш хизматини йўлга қўйиш таклифини билдирди.

– Сизнинг вилоятингизда ҳам худди биздаги каби, асаларичилик ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш билан боғлиқ йўналишлар бор. Сизларда мева-сабзавот йўналиши мавжуд. Шу соҳалардаги ҳамкорлик билан бизнинг товар айирбошлашимиз кенгаяди, – деди И.Фазрахманов.

Музокаралар якунлангач, томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Куннинг иккинчи қисмида Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида Бошқирдистон делегациясининг 100 дан ортиқ тадбиркорлар билан учрашуви ўтказилди. Шунингдек, улар Фарғона шаҳридаги “Асаларичилик” ассоциацияси, “Шукурдавлат”, “Фергана Океан”, “Волида” фермер хўжаликларида, “Наримтекс” корхонасида, “Агро Юнит” МЧЖ ва бошқа корхоналарда бўлдилар.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.