Саудия Арабистони ишбилармонлари вилоятимизда

Фарғона вилояти ҳокимлиги қабуллар уйида Саудия Арабистони ишбилармонларининг вилоят раҳбарлари билан учрашуви ўтказилди.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида делегация аъзоларининг мамлакатимизга сафари доирасида “AWAD GROUP” компанияси бош менежери Аюб Муҳаммадҳасан Авад, ”RABEE COMPANY” компанияси таъсисчиси Муҳаммед Раби Алгаҳтаний ҳамда компания раҳбари Салом Мосфер Алкахтанилар Фарғонага ташриф буюрдилар.

Ташрифнинг асосий мақсади – меҳмонхона қурилиши бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш, вилоятимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкиллаш масаласини муҳокама қилишдан иборат.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов меҳмонларга Фарғонанинг иқтисодий-инвестицион салоҳияти, бугунги кунда амалга оширилаётган кластер усули, хорижий инвесторларга мамлакатимизда яратилаётган имтиёзлар ҳақида сўзлаб берди.

Учрашув давомида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига инвестиция жалб қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш масаласига эътибор қаратилди.

– Ўзбекистонга биринчи келишим,  – деди мулоқот чоғида Аюб Муҳаммадҳасан Авад, – Ота-боболарим Марғилон шаҳридан бўлган. Ота-боболаримиз юртини зиёрат қилиш ва бизнес режаларни амалга ошириш учун имкониятларни ўрганиш мақсадида Фарғонага келдик. Тўқимачилик, пахтани қайта ишлаш, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг маълумотларга эга бўлдик.

Музокаралар сўнгида томонлар эсдалик совғаларини топширдилар.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.