Тараққиёт сари янги қадам

Жорий йилнинг 9 апрель куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистоннинг Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳамроҳлигидаги инвесторларни қабул қилди.

Асосий масала Фарғона туманидаги кўмир конида қазиш ишларини олиб бориш ва бу орқали вилоятимизнинг энергетика салоҳиятини юксалтиришга қаратилди.

Вилоят раҳбари таъкидлаб ўтганидек, ушбу соҳанинг ўсиши қазилма ишларининг сифатли ва кенг кўламда йўлга қўйилиши саноат, ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга муҳим ҳисса бўлади. Муқобил энергия, кўмир ёқилғисидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада жадаллаштириш имкониятлари яратилади. Бу борада эса Жанубий Корея мутахассислари, ишбилармон доиралари вакилларининг кўмаги, ҳамкорлиги зарур.

– Барча соҳаларда, айниқса, энергетика, саноат, геология соҳасида ҳам имкониятларингиз катта эканлигини яхши биламиз, – деди геология қазилма ишлари бўйича халқаро менежер Ким санг Ю. – Ушбу йўналишларда ҳамкор, ҳамжиҳатликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келганмиз ва бу лойихалар, Ангрендаги кўмир конлари, геологик қазилма ишларида ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Шу йилнинг 19 апрелида Фарғонага кореялик икки нафар мутахассис келади ва тадқиқот ишларини олиб боришиб, коннинг ҳолати бўйича барча маълумотлар базасини яратадилар. Ўйлайманки, вилоят заминида, хусусан, Фарғона туманида халқингиз фаровонлигига хизмат қиладиган сифатли кўмир захиралари мавжуд ва биз ушбу конларда тез фурсатда қазилма ишларини самарали олиб борамиз.
Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари хусусида ҳам атрофлича фикр юритдилар.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев қайд этишича, мақсад ушбу йирик лойиҳани тез фурсатларда сифатли тарзда ишга тушириш ва вилоятнинг саноат салоҳиятини янада юксалтиришдан иборат. Бу борада кореялик йирик инвесторлардан бири Ким Ён Гу ҳам ўзининг фикрлари ва режалари билан ўртоқлашди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.