Энг яхши китоблар – мактабга

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси доирасида ўтган қисқа вақт ичида Тошлоқ тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 20 дан ортиқ мактабларга раҳбар ходимлар – таълим муссасалари собиқ ўқувчилари шахсий кутубхонасидан энг сара бадиий адабиётлар тақдим этилди.

Тошлоқ тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи Нодира Эминова ҳам тумандаги ўзи таҳсил олган 11-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, таълим даргоҳига шахсий кутубхонасидан 20 дан ортиқ энг севимли китобларини совға қилди. Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ аждодларимиз, Чархий, Ҳазиний, Увайсий ва Нодира сингари мумтоз шоирлар ижодига мансуб китобларни ўқувчилар мамнуният билан қабул қилиб олишди.

Китоб бизнинг энг катта бойлигимиз ва ишончли дўстимиз,-деди Н. Эминова. – Ўзлигимизни англаш ҳамда юрт равнақи учун муносиб ҳисса қўшиш учун кўп китоб ўқишимиз керак.

Самимий мулоқотда фидойи устозлар ёдга олиниб, инсон камолотида адабиётнинг ўрни жуда ҳам юксак эканлиги таъкидланди.