Маҳалла – меҳр-оқибат бешиги, тарбия маскани

Жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма –маҳалла ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, соҳага малакали, бой ҳаётий тажрибага эга ва фидойи кадрларни жалб этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Файзулло ҚОСИМОВ, вилоят ҳокимининг ўринбосари:

– Мазкур муҳим ҳужжатда уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини аниқлаб, оғирини енгил қилиш борасида давлат идоралари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, маҳалла институларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳа ходимлари меҳнатини муносиб баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилиниб, мазкур тизим учун қатор йўналишлар белгилаб қўйилди.

Булар ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ҳар чоракда жамоатчилик назоратининг натижалари, аниқланган муаммолар тўғрисида умумлашган маълумотлар, шунингдек, тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш бўйича таклифларни  халқ депутатлари шаҳар, туман ва вилоят Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш учун киритиш вазифаларидир. Шунингдек, аниқланган муаммоларни умумлаштириш ҳамда ҳал этиш мақсадида электрон ахборот алмашиш тизимини жорий этиш масаласи ҳам Фармондан ўрин олган. Фармон билан жойларда ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этилади ва уларнинг ижросини таъминлашда тизимли ҳамкорлик ўрнатилади.

Шавкат ЭРМАТОВ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси:

Фармонни тарихий ҳужжат деб қабул қилдик, чунки маҳаллаларда анчадан буён йиғилиб қолган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар айнан унда ўз ифодасини топди. Муҳим бу ҳужжатда фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи ҳамда фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимларининг жорий этилиши  кўзда тутилган.

2019 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи фондини жорий йилда босқичма-босқич 1,5 бараварга, ушбу ходимларнинг ойлик иш ҳақи шу йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилиши, Фармон билан бир неча имтиёзлар берилиши маҳалла фуқаролар йиғинларига жуда катта масъулият ҳам юклайди. Маҳаллага берилаётган бундай катта эътибор эртага ўзининг ижобий натижасини беради.

Топволди ХОЛДОРОВ, вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси:

– Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган қадрият, меҳр ва оқибат бешиги саналган маҳалла билан ҳақли равишда ғурурланамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаронинг моддий фаровонлиги, маънавий етуклигини оширишга хизмат қилишини таъкидлаш ўринлидир. Инсон омилига эътибор, халқ дардини эшитишнинг бугунгидек кўринишини биз нуронийлар авваллари кузатмаганмиз. Сўнгги йилларда халқимизнинг эртанги кунга ишончи янада ортиб, кишиларнинг дунёқараши мутлақо ўзгарди.

Президентимизнинг юқоридаги Фармони бандларидан бирида қайд этилган “Кексалар маслаҳати” гуруҳларини ташкил этилишидан қувондик. Бунда маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда кекса авлод вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар нафақадаги ходимларининг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш назарда тутилган.

Вилоятимизда 330 минг нафардан ортиқ ёшлари туфайли нафақага чиққанлар бор, аҳолининг ўндан бири нуроний саналади. Ҳар бир маҳалланинг ҳаётий тажрибага эга обрўли отахон ва онахонлари “Кексалар маслаҳати” гуруҳига жалб этилса, уларнинг доно ўгитлари маҳаллада, жамиятда бўлаётган ҳар бир ишда қўл келади.

Ғуломжон БОБОРАҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона шаҳар Халқ қабулхонаси мудири:

Аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал қилиш борасида мамлакатимизда қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиндики, уларнинг барчаси кишиларни қийнаб келаётган масалаларни бартараф этишга қаратилгандир. Уйма-уй юрилиб, сектор раҳбарлари томонидан муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилиняпти.

Мазкур Фармонда фуқаролар йиғинлари раислари ҳар чоракда ўз маҳалласи ҳудудидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб боришлари белгиланган. Энг долзарб муаммолар секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналари томонидан тегишли  дастурларда инобатга олиш учун тавсия этилади.

Фуқаролар йиғинлари раислари мунтазам равишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиш, электр, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳа вакилларининг ҳудудда амалга оширган ишлари натижаси юзасидан ёзма равишда секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига маълумотлар киритадилар.

Халқ қабулхоналари томонидан фуқаролар йиғинлари раисларининг маълумотларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга  тақдимномалар, шунингдек, уларнинг юқори турувчи ташкилотларига мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритилади.