Хонадондаги хазина

Юртимизда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томорқачилик учун яратилаётган имкониятлар, имтиёзли кредитлар берилаётгани барчага маълум.

Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган Данғара тумани Қизилмушт маҳалла фуқаро йиғинида яшовчи Муҳсин Омонхўжаев фаолиятига ҳавас қилса арзийди.

— Бўш ётган 10 сотихли еримнинг ярмига иссиқхона қуриб,унга лимон экдим. Ҳозирда лимонларимдан 30 миллион даромад олдим. Еримнинг қолган қисмига ҳам лимон экишни режалаштиряпман. Бир сўз билан айтганда, томорқамиз оиламиз фаровонлигини таъминлаяпти – дейди Муҳсин Омонхўжаев.

3 фарзанднинг отаси бўлган қаҳрамонимиз, ҳозирда Қўқонда умумий овқталаниш мажмуасида ошпазлик билан ҳам шуғулланмоқда. Ҳаракат қилган инсон доимо барака топади.

Томорқасидан унумли фойдаланаётган ҳамюртимизга ҳавас қилиб маҳалладошлари ҳам лимон етиштиришга киришиб кетишди. Шу маҳаллада яшовчи Абдумалик Ўрмонов доим  томорқасига маккажўхори экарди. Эндиликда эса иссиқхонада лимон парвариш қилмоқда.