Оғуфурушлик занжири

Томорқадан унумли фойдаланиш тамойили амалий ифодасини топаётган, эл томорқани энг яхши даромад манбаи дея эътироф этиб, ернинг ҳар бир қаричини эъзозлаётган даврда, тупроққа оғу уруғини сепиб, уни парваришлаб, алал-оқибат пуллаб ўзини жувонмарг қилаётган инсонлар  борлиги афсусланарли ҳолатдир.

Қўлимиздаги ҳукм баёнида 6 нафар судланувчининг қилмишлари билан танишарканмиз, уларнинг содир этган жиноятлари биринчи навбатда инсонлар бошига таҳдид солажагини англаб етамиз.

Икки судланувчи Баҳром Мўминжонходжаев, Ровза Мадғофурованинг қилмишларини ўқиймиз:

Улар 2018 йил 14 май куни жиноий режа тузади. Яъни гашиш гиёҳвандлик воситасини Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига контрабанда йўли билан олиб кириш катта даромад келтиришини кўзлаб шу ишга қўл уришади.

Шу куни Қирғизистон фуқароси Анвар жиноий шериги Ёрқин исмли шахснинг кўрсатмаси билан 492,44 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтади ва уни икки жиноятчига етказиб беради.

Улар “ўлжа”ни қўлга киритишгач тезлик билан ундан 22,94 граммини ажратиб олиб, қолганини Баҳром яшаётган Қўқон шаҳридаги Парпашабоф кўчаси , 118-хонадондаги сўрига, тўшак остига яшириб қўйишади. Таклифга биноан учинчи жиноятчи Ҳусан Газиев бу хонадонга кириб келади-да “заҳри қотил”ни 4.500 АҚШ доллари бериш шарти билан сотиб олади.

Жиноят занжири шу йўсин уланиб кетаверади.

Ҳусаннинг акаси судланувчи Ҳасан Ғазиев  укасининг қўлидаги гашишга харидор бўлади. Бироқ ука анойилардан эмасди. Қўлидаги моддани бировга билинтирмаслик мақсадида ўз яшаш манзилидаги гулзор орасига кўмиб қўяди. Акасига гиёҳвандлик моддасининг 309,79 граммини 1.900 АҚШ доллари эвазига бериш шарти билан пуллайди. Ҳасан ўзига харидор топади. Мухсинжон Хидиров исмли шахсга укасидан олган “ўлжа”нинг 210,3 граммини 2.100 АҚШ долларига сотиб юборади. Бу “даромад”дан укасининг улушини бериб қолган 99,49 грамм гашишни пуллаш мақсадида кетаётган бир пайтда қўлга тушади.

Кейинги судланувчи Умиджон Ибрагимов Мухсиндан сотиб олган оғунинг маълум бир қисмини уйига яшириб, қолганини пуллашни режалаштираётган бир пайтда жинояти ошкор бўлади.

Ҳа, қонунни ҳеч ким четлаб ўтишга ҳаққи йўқ.

Судланувчиларнинг жиноий ишлари ўрганилганда улар “заҳри қотил”ни ўзлари етиштириб, истеъмол қилганликлари ҳам аниқланган. Масалан, Ҳасан Газиев кўкнори уруғини топиб уни томорқасида парваришлаб, 36 дона кўкнори бошоқларини етиштирган. Баҳром эса суд мажлисида шундай важ кўрсатади. У қайнотаси билан Учкўприк тумани, Сариқўрғон қишлоғида жойлашган дам олиш масканига борганда у ерда ўшлик Ёрқин исмли шахс билан танишиб қолганини айтади. Улар ўша ерда биргалашиб оғудан татиб кўришади. Шундан сўнг бу борада уларнинг “бизнес-режа”лари тузила бошланади. “Ёрқин”нинг таклифлари Баҳром ва унинг қайнонаси Ровзага ёқиб тушади ва ҳеч тап тортмай буюртма беришни бошлайдилар.

Ровзага аслида гиёҳвандлик савдоси бегона эмасди. Унинг турмуш ўртоғи гиёҳвандлик моддасини кўп истеъмол қилиши натижасида оғир ҳасталикка чалиниб вафот этган. У куёви ва қизини ўз уйида яшаб қолишларини таклиф қилгач нияти ёмон тарафга ўзгариб кетди. Эрининг эски улфати Ёрқин исмли шахс уларнинг уйига кириб келдию жиноятга улкан дарича очилди. Охир-оқибат бир неча инсонларни жиноятчига айлантирди.

Ёрқин Ўзбекистонга афсуски, оғуни ўзи олиб келмаган, балки, Анвар исмли шериги ҳам воситачилик қилганлиги воқеа жараёнида маълум бўлди. Буни қарангки, Ровза қайин укаси Ҳусан Газиевни ҳам гашиш олди-сотдисига аралаштиради.

Ҳусан суд жараёнида наша гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиб юришини очиқ айтади. Шу боис Ровзанинг иллат ҳақидаги таклифларини бажонидил қабул қилаверади. Гулзор орасига кўмиб қўйиш ҳам шунчаки тасодиф эмасдир, эҳтимол. У бу жиноятини ҳаммадан яшириб юрган. У акасининг қўлга олинганини эшитиб қолиб, зудлик билан гулзор орасига кўмиб қўйган гиёҳвандлик моддасини янада яхшироқ қилиб кўмади ва жиноий жавобгарликдан қутулиш учун яширинади. Кўздан йироқ бўлгани билан фош этилган жиноятни беркитиб бўлмайди. У ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага борди.

Мухсинжон Хидиров ҳам худди ана шундай жиноят кўчасига кириб, у ва шериги Умид Ибрагимов гиёҳвандлик олди-сотдиси билан “фаол” шуғулланди.

Юқорида номлари келтирилган жиноятчилар Баҳром Мўминжонҳоджаев 8 йилу 6 ойга, Ҳасан ва Ҳусан Газиевлар 7 йилу 6 ойга, Мухсинжон Хидиров 7 йил, Умиджон Ибрагимов 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ровза Мадғофуровага шартли жазо қўлланилиб, синов муддати белгиланди.