Фарғонада лимончилик янада ривожланади

Айни кунларда юртимизда қишлоқ хўжалиги тармоқлари, хусусан, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишда замонавий илм-фан ютуқлари ҳамда инновацион технологияларни амалий тажриба билан ўзаро умумлаштиришга катта эътибор қаратиляпти.

Бунинг самараси сифатида вилоятимизда ҳам фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа ер эгалари ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, нафақат ички бозорни тўлдириш, балки экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича ҳам қувонарли ютуқларга эришмоқдалар.

Шу йилнинг 6 апрель куни вилоят Тадбиркорлар марказида Республика лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси, АТ “Туронбанк” ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида амалий семинар ўтказилди.

Унда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида томорқа хўжалигида лимончилик соҳасини ривожлантириш масалалари сарҳисоб этилди. Семинарда Республика лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси, АТ “Туронбанк” раҳбарлари ва Фарғона филиали мутахассислари, Фарғона водийси вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, МФЙлар раислари, миришкор томорқачилар қатнашди.

Таъкидлаб ўтилганидек, бугун юртимизда дармондориларга бой ва жаҳон бозорида харидоргир цитрус мевалар, хусусан, лимон етиштириш жадал ривожланяпти. Бу борадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида Республика лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси томонидан вилоятларга серҳосил лимон навлари кўчатларини етказиб бериш кўзда тутиляпти. Шу билан бирга юртимизда етиштирилган лимон ҳосилини Россияга экспорт қилиш борасида жуда катта ҳамкорлик келишувига эришилди. Лойиҳа ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида АТ “Туронбанк” томонидан лимончилик йўналиши бўйича 5 йилгача муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр асосида кредитлар ажратилади.

Маҳалламизда истиқомат қилувчи 4 минг нафардан зиёд аҳоли тасарруфида 30 гектарга яқин шахсий томорқа ери мавжуд,-дейди Учкўприк тумани, Сариқўрғон МФЙ раиси Саминжон Кенжаев. – Бир неча йиллардан буён томорқадаги иссиқхонада лимон парваришлашнинг ҳадисини олган маҳалладошларимиз ҳосилдор навларни маҳаллий шароитга мослаштириш, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш борасида катта ҳаётий тажрибага эга.

Юзма-юз мулоқотда Республика лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси, АТ “Туронбанк” мутахассислари ҳамда тадбир қатнашчилари ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Семинарда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳоджон Тошпўлатов иштирок этди.