Сайёр қабул

Шу йилнинг 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марғилон шаҳар Халқ қабулхонаси ҳамда Фарғона юридик коллежи биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари томонидан аҳолининг жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий судларга оид мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказилди.

Мазкур қабул давомида 125 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Маҳалла раислари, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган шахслар, муқаддам судланганлар, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларнинг яқин қариндошлари, шу билан бирга оила ва никоҳ, уй-жой, мол-мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқаролар билан суҳбатлар бўлиб ўтди.

Қабуллар давомида 34 нафар фуқароларнинг назорат тартибидаги аризалари қабул қилинди, 91 нафар фуқароларга шикоят қилиш тартиби ва муддатлари, авф этиш бўйича мурожаат қилиш тартиби юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар олиб борилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан Исмоилжон Оталиқов, Камронбек Қодиров ва ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан Нурилло Ҳайдаровни айблаш ҳақидаги жиноят иши Фарғона юридик коллежида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Судланувчиларнинг оилавий аҳволи, улар томонидан етказилган моддий зарар қопланганлиги, ишдаги бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Улар суд залида қамоқдан озод қилиндилар.

Бундан ташқари, сайёр қабулларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган 17 нафар фуқароларга оид материаллар жиноят ишлари бўйича Фарғона ва Марғилон шаҳар ҳамда Фарғона туман судлари томонидан кўриб чиқилди. Ушбу фуқаролар ЖКнинг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Хусусан, Фарғона шаҳри, “Меҳрибонлик” МФЙ, “Янги аср” кўчаси, 23-уйда яшовчи Қ.Исроилова 2017 йилда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жиноятини содир этиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2018 йил 12 февралдаги ҳукми билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.

Сайёр қабул давомида Қ.Исроилова қилмишидан пушаймонлигини, жазодан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазодан муддатидан олдин озод қилиш ҳақида мурожаат қилди ва унинг мурожаати юзасидан Фарғона шаҳар ИИО пробация гуруҳи инспектори иштирокида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан мурожаат қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ҳақида тушунтириш берилди.

Шу куни Қ.Исроиловага оид материал жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, у томонидан жазо муддатини ўташ тартиби бузилмаганлиги, бу даврда ҳеч қандай ҳуқуқбузарликлар содир этилмаганлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлиги эътиборга олинди. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган 1 йилидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Ажримларнинг олдини олиш бугун юртимизда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Суд-ҳуқуқ тизимида ҳам бунга катта эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш ўринлики, Олий суднинг веб-саҳифасида ҳатто ажримларнинг салбий оқибатларини акс эттирувчи фильм ҳам жойлаштирилган. Ўтказилган сайёр қабулда мазкур масала юзасидан мурожаат қилган фуқароларга “Фарзанд – омонат” номли қисқа метражли видеофильм намойиш этилди. 100 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга ажрим арафасидаги 2 та оилани яраштиришга эришилди.

Бу каби аҳоли билан бўлган самимий мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Данғара тумани Халқ қабулхонасида ҳам ташкил этилди.

Маҳкамжон АБДУБАННОБОВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг

 суд амалиёти ва статистикаси таҳлили бўлими бошлиғи.