“Темурнома” китобини ўқиб…

Авлодлар йиллар, асрлар ўтган сари ўз юртига озодлик бахш этган, Ўрта Осиёда улкан давлат барпо этган Амир Темур шахсига қизиқиш билан қараганлар.

Соҳибқирон ҳақида жуда кўп ривотлар, ҳикоятлар тўқилган, достонлар битилган, асарлар яратилган. Қўлимиздаги китоб “Темурнома” Амир Темур Кўрагон жангномаси деб номланиб, Салоҳиддин Тошкандий қаламига мансуб. Китоб дастлаб 1908 йилда Ильин босмахонасида тошбосма усулида чоп этилган. 1991 йили эса “Чўлпон” нашриётида қайта нашр қилиниб китобхонлар қўлига тегди.

“Темурнома” бадиий асар бўлиб, туркий тилда битилган. Бироқ асардаги тарихий боғланишлар ҳақиқатга асосланган.

Ўқувчи мутолаа жараёнида туркий тилнинг мураккаб хусусиятлари, товуш ўзгаришларига дуч келсада, сўзни бироз мушоҳада қилиб матнни бемалол тушуниб боради.

Асар анъанавий ҳамддан бошланиб, сўнгра Мовароуннаҳрда ҳукм сурган сулолалар тилга олинади.

“Соҳибқироннинг оналаридан туғилмоқлари баёни” бобида қизиқ маълумотлар келтирилади.  Тегина Бегим билан  Тўрағай Баҳодир никоҳ қилингач мўғул амири Қозоғон  орага суқилади. Зийрак ўқувчи мўғуллар  билан туркий аҳолининг низолари фақатгина сиёсий кураш доирасида чекланиб қолмай, Ўрта Осиё халқи учун муқаддас бўлган оилавий масалаларга тақала бошлаганлигини англаб етади.

Мўғул амири Қозоғон билан Муҳаммад Тўрағай қайнота ва куёв. Амир Қозоғоннинг қизи Йўқун Бегим Тўрағайнинг биринчи хотини.  Амирнинг Тегина Бегимга илинжи борлиги қалб амри эмас, балки мўғул амирлари билан ҳисоблашмасдан қилинган никоҳ аҳдлашуви унинг иззат-нафсига тегади. Йўқун Бегим Тегина Бегимга кундошлик алами ва адовати билан жуда кўп ёмонликларни солади, хатто уни ўлдириш ҳақида режа тузади. Бунга сабаб Йўқун Бегимнинг тушида Тегина Бегимдан туғилажак фарзанд соҳибқирон бўлиши  аён бўлади ва у Тегина Бегимнинг отаси номидан қалбаки хат уюштириб тезлик билан Бухорога етиб келишини уюштиради. Лекин тақдир инояти билан  олти ойлик ҳомиласи бўлган Тегина Бегим ўлмай қолади.

Бу детал буюк инсонларнинг дунёга келишлари Оллоҳнинг муҳофазасида эканидан далолат беради.

Бўлажак соҳибқироннинг туғилишини  ҳам мунажжимлар каромат қиладилар. Асарда келтирилган Темурнинг болалиги ҳақидаги ривоят ва афсоналар  китобхон ҳайратини оширади. Айтайлик,  Темур болалигида. Занжир Сара қудуғидан қирқ қул сув тортадиган қовғани ёлғиз ўзи тортади. Қассобнинг зил-замбил қанорасини бир бармоғи билан отиб юборади. У қудуқдан қирқ маротаба сув тортиб, чарчаб ухлаб ётганида бир илон кўксига чиқиб кулча бўлиб ётади. Шу дақиқада отаси уни излаб келиб шу қудуқ ёнида тўхтаган эди. Одамлар саросимада турганида Темур уйғониб қолиб, қўрқмасдан пайт пойлаб кўксидаги илоннинг бошини тишлаб узиб ташлайди. Балки, бу воқеаларда муболаға,  бироз бўрттириш бордир. Лекин унинг болалигида етти йил қўтир касалига чалингани ҳақидаги лавҳалар бошқа тарихий манбаларда ҳам келтирилган. Темур табибнинг буюрганига риоя қилиб етти йил давомида бирор марта жароҳатларига қўлини теккизмайди.. Шунда табиб боланинг сабр ва бардошига тан бериб отасига сиз ўғлингизга ҳарбий санъатни ўргатинг, бундаги ирода шунга мойил,дейди.

Бобдан бобга асар мазмуни қизиқарли ҳикоятлар, ибратли нақллар билан бойиб бораверади. Амир Темурнинг Ўрта Осиёни мўғуллардан тозалаши, Дашти  қипчоқ, рус мулклари сари юришлар, Эрон ва Ироққа, Туркияга қўшин тортишлар давомида рўй берган саргузаштлари ўқувчини темурийлар салтанати ҳаёти томон етаклайди.

Охирги достонларда Елдирим Боязид билан бўлган жанг тасвирланади.. Елдирим ўғли Султон Шаблини Амир Темур олдига элчи қилиб жўнатади. Урушмаслик ҳақида аҳднома етилиб келаётганда, Елдирим сабрсизлик билан жангни бошлаб юборади.

Жангда АмирТемурнинг лашкарлари катта жасорат кўрсатади.

Тахтга чиққанидан то сўнгги нафасига қадар ҳарбу зарбга умрини бағишлаган Амир Соҳибқирон Ўтрорда касалланиб вафот этади. Кун совуқ, ҳукмдор соч олдиради. Мирзони чақириб бир байт ёздиради:

“Чу бир соат, чу бир лаҳза, чу бир дам,

Бўлак ҳол ўзгарур аҳволи олам.

Бугун Соҳибқирон жони амири

Жасаднинг кишваридан топса барҳам.

“Муборак жасадларини Сарой Мулк хоним Самарқандга олиб келиб дафн айладилар. Мотамларида барча уламо фузалолалар йиғлаб. уч кунгача умаро, беклар ёш ўрнига қон йиғладилар.

Илоҳи, қорайсун фалакни юзи,

Тўкулсун кўзум ёшидек юлдузи.

Куйуб Ой, тутулсун қуёши анинг,

Бу мотамға зулмат ўлуб кундузи.” (“Темурнома”.Тошкент “Чўлпон” 1991, 327-бет. )

Асарда яна бир лавҳа борки, у ҳар қандай китобхонни таъсирлантирмай қўймайди. Ровийларнинг ривоят қилишларича, Соҳибқирон Искандар Зулқарнайн мақбарасини зиёрат қилади. Мақбара эшигида Жаҳоннома кўзгусини кўради.. Кўзгу юқорисига шундай лавҳ битилган эди:

“Эй, бани одам, фалакнинг гардиши билан кечами, кундузми бу ерга қадам қўйсангиз, қадамни билиб қўйгайсиз, бу тождорлар жойидир.  Бу Жаҳоннома кўзгуси ибратдир, бу дунё кўб-кўб яхши зотларни барҳам берибдир. Бу дунё бир эски работдирким неча-неча карвонлар ғуборини елга бергандир. Эй азизим, кўнгилни буз, ул ғаддор дунёга қўйма, сочини муаттар қилиб, кундузи юзини зеб берғонига мағрур бўлма, юзини кўриб, сочларини тузоғига илинма, бу жаҳон боғлари ранж ила доғдир. Бу олам гулистонларига кўп боқма, гўристонларига ҳам бир боқ, алардан ибрат ол.

Эй нури айиним, ниҳол қаддинг олам ҳодисотларидан букилгай, вужудинг дарахти ўлим шамолидан япроқлари тўкилгай, бу жаҳон давлати ўлимни олдида ҳеч нимага арзимас. Эй гўзал йигит, бу ғазал сенга насиҳатдир:

Бу давлати жаҳонинг дирҳамға арзимайдир,

Умринг борича минг шод, бир ғамга арзимайдир.

Давлат менга фаровон деб ўлма шоду хандон,

Кўрдинг жаҳонни чиндан хуррамға арзимайдир.”

Эҳтимол, бу қайдлар буюк фотиҳни музаффар юришларида унутилмас шиор бўлгандир, унинг ақл-тафаккури чизиғида ёруғ нуқта бўлиб хизмат қилгандир. Зеро, у ҳамиша ростгўйлик ва адолатпарварликка, таянган. Беклардан кўра йўқсилларнинг дардини кўпроқ тинглаган.

“Темурнома” мазмунига кўра жангнома  асар. Ўтмишдан халқимиз “Алпомиш”, “Гурўғли”,, “Жангнома”, “Қиссас-ул-анбиё”  каби китобларни  ўқиб элга достон  қилиб келган. “Темурнома” ҳам халқ эпосининг туркий шевада ёзилган асл ижоди сифатида қадрлидир.