Бахшичилик санъати

Бугун бутун дунёнинг нигоҳи Сурхон воҳасидаги биринчи бахшичилик фестивалига қаратилди.

Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат, эътибор туйғуларини кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур нуфузли санъат фестивалининг мамлакатимизда илк бора ўтказилиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Бундан руҳланган Шарқий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат марказида ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган аскар йигитлар ўртасида бахшичилик санъатига бағишланган кўрик-танлов ташкил қилинди.

Ҳарбий қисмларнинг оддий аскарларидан 10 нафари кўрик-танловда бахшичилик йўналишида ўз маҳоратларини ҳайъат аъзолари ва сафдошлари, ота-оналар олдида синовдан ўтказдилар.

Айниқса, Сурхондарё вилоятида туғилиб ўсган йигитлар бу борада алоҳида истеъдодлари билан ажралиб турдилар.

Кўрик-танлов якунига кўра кичик сержант Асомиддин Чоршамбиев биринчи, оддий аскарлар Шоҳжаҳон Эргашев, Жаҳонгир Тоиров иккинчи, Даврон Одилов ва Нодирбек Холбоев учинчи ўринга лойиқ деб топилдилар.

Ғолибларга Шарқий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат маркази томонидан фахрий ёрлиқ ва китоблар тўплами совға қилинди.