ОАВда зиддиятли вазиятларни ёритиш

Фарғона шаҳридаги “Зиёрат” меҳмонхонасида Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан  оммавий ахборот воситалари, давлат органлари ахборот хизматлари ходимлари учун  “ОАВда зиддиятли вазиятлар: терроризм ва зўравон экстремизм масалаларини ёритиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Мазкур семинар-тренинг  жорий йилнинг март ойида  ўтказилган  Европа иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари учун йўналтирилган “Жамиятда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ОАВнинг ўрни”  лойиҳаси доирасидаги “Зиддиятли вазиятларда  журналистика асослари  ва принциплари” мавзусидаги  тадбирнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўқув машғулотлари давомида  замонавий технологиялар, ноанъанавий  ўргатиш элементларидан фойдаланилди.  Мутахассислар томонидан жамият тараққиёти ва миллатлар келажагига кушанда бўлган терроризм ва экстремизм мавзуларини ёритишда ўзига хос жиҳатлар, таъсирчанлигини ошириш, журналист этикаси,  жабрланувчилар ҳуқуқларини поймол қилмаслик, фото ва видеодан самарали фойдаланиш қоидалари бўйича маълумотлар берилди. Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ТОКТЭР – терроризмга олиб келувчи тажовузкор  экстремизм  ва радикализмга қарши курашга  оид материаллар тайёрлашда замонавий мультимедия технологиялари имкониятларини татбиқ этиш орқали аҳолининг саводхонлигини оширишга хизмат қилувчи  мақолалар тайёрлаш усуллари  кўргазмали воситалар асосида тушунтирилди.

«Экстремизм  ва радикаллашувнинг терроризмга олиб борувчи  диний жиҳатлари», “Зиддиятли вазиятларда  журналистлар ва ахборот хизматлари ходимларининг  ўзаро ҳамкорлиги”,  “Терроризм масалалари бўйича  жамоатчилик фикрини шакллантиришга ОАВ ва ахборот хизматининг таъсири” “Зиддиятли ҳолатларни  бошқаришда  ва зиддиятларни ҳал этишда  ОАВ ва  ахборот хизматларининг вазифалари.  ОАВ ва ахборот хизматларининг  медиатор сифатидаги роли”, “Очиқ ва ёпиқ манбалардан фойдаланиш қоидалари” мавзуларида маърузалар тингланди.

Дарс машғулотларини Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети  халқаро журналистика факультети катта ўқитувчиси Беруний Алимов,   факультет доценти  Наргис Қосимова,  Fledu.uz  электрон илмий журнали бош муҳаррири  Гулмира Шукурова,  Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш  маркази тренери  Қобилжон Хидировлар олиб борди.

Семинар сўнггида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов иштирок этди ва иштирокчиларга сертификат  топширди.