Мурожаатлар – эътиборда

Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказилиб, кишилар дардига қулоқ тутиляпти, ҳамюртларимизни ўйлантираётган муаммолар ҳал қилинишига эришилмоқда.

Яқинда Учкўприк ва Бағдод туманларида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Тошпўлатов, республика Савдо-саноат палатаси вакиллари вилоят бўлим ва бошқармалар раҳбарлари иштирокида ана шундай мулоқот ташкил қилинди.

Бағдод туманидаги Мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган сайёр қабулда тадбиркорларни қийнаб келаётган баъзи масалалар ўз ечимини топди.

Ўтган йили қишлоғимиз ҳудудидаги 49-мактаб балансида бўлган, эски бинони таъмирлаб, “Агробанк”дан 30 млн сўм имтиёзли кредит олиб, эркаклар кўйлаклари тикадиган корхона очиб, иш бошлаганмиз, – деди Говхона қишлоғида жойлашган кичик корхона раҳбари Бахтиёр Мамадалиев. – Хорижда ишлаб чиқарилган 10 та тикув машинаси, дастгоҳлар ва зарур асбоб-анжомлар сотиб олганмиз. Бугунги кунда мижозлар талабидан келиб чиқиб, корхонамизни кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратмоқчимиз.

Бунинг учун корхонага яна 30 млн сўм кредит олинса, янги иш ўринлари ва шароитлар яратилади.

Б.Мамадалиевга фаолиятини янада ривожлантириши учун туман “Агробанк”идан 30 млн сўм имтиёзли кредит бериладиган бўлди.

Чўл Мирзаҳамдам қишлоғида яшовчи тадбиркор Муборакхон Солиева  имконияти чекланганлигига қарамай, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганига 15 йилдан ошди. Бу вақт ичида у туман “Халқ банки”дан олган 8 фойизли 6.650 минг сўм кредит эвазига чет элда ишлаб чиқарилган 2 та тикув машинаси ва битта дазмол  сотиб олди. У асосан қизларнинг дидига мос равишда сарполар тикади. Шу боисдан ҳам унинг хонадони ҳамиша мижозлар билан гавжум. Тадбиркор шогирдлари – коллеж битирувчилари ва мактаб ўқувчиларига тикувчилик касбини мукаммал ўргатишни мақсад қилди. Бунинг учун унга етарли иш шароити яратилиши ҳам албатта зарур.

Қабулга келган Муборакхон мутасаддиларга ногиронлиги борларга берилаётган уйлардан унга ҳам ажратилишида амалий ёрдам сўради. Унинг бу илтимоси қаноатлантирилди, рўйхатга киритилиши билдирилди. Шу куни туман ҳокимлиги томонидан унга битта бепул тикув машинаси совға тариқасида бериладиган бўлди.

Бағдод шаҳарчасида яшовчи тадбиркор Одилжон Тошматов 30 йилдан буён телеуста бўлиб ишлайди. Айни кунларда 2 нафар  шогирди билан туман аҳолисига хизмат кўрсатиб келишмоқда.

Сайёр қабулда Одилжон яшаш хонадони олдидаги бўш турган ва бетони қуйиб қўйилган жойни унга расмийлаштириб берилишини сўради. Агар шу иш амалга ошса, ўша ерга ихчамгина бино қуриб, хотин-қизлар учун “Гўзаллик салони” очмоқчи. Мазкур масала туман ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, қонун доирасида қаноатлантирилиши билдирилди.

Яна бир масала: Одилжоннинг 2 сотих томорқасига иссиқхона қуриши учун кредит олиш масаласи ҳам “Халқ банки” томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Матқулободлик мебелсоз Хожимурод Абдуқодиров 3 йилдан буён 4 нафар ишчилари билан ён атрофдаги 6 та қишлоқ аҳолисини мебель маҳсулотлари билан таъминлаб келишяпти. Хожимуроднинг тадбиркорликни янада ривожлантириши учун тумандаги “Агробанк” томонидан 30 млн сўм имтиёзли кредит берилса яна 6 та ишчи ўрни яратилади. Унинг бу мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Бағдод шаҳарчасида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Абдуқодиров кўп тармоқли “Абдуқодиров Жаҳонгир Тоштемирович” хусусий корхонасини бошқаради. Асосан аҳолига савдо  ва компъютер хизмати кўрсатиб келади. Бугунги кунга келиб тадбиркор қўшимча хизмат турларини яратишни ният қилиб, сайёр қабулда мутасаддиларга мурожаат қилди. Агар туман “Агробанк”идан 200 млн сўм имтиёзли кредит берилса “Бизнес лойиҳа”га кўра қурилиш маҳсулотлари яъни, бўёқ, лак, эмульсия, шу билан бирга шлакоблок ғиштлар, плиткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Ҳозирги кунда 4 нафар ишчи билан фаолият юритаётган бўлса, кредит олгандан сўнг қўшимча  яна 8 та ишчи ўрни яратади.

Сайёр қабул давомида яна кўплаб тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга қониқарли жавоблар олдилар.

Шу куни Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг Бағдод туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда чоп этилган “Томорқа – даромад манбаи” қўлланмасининг тақдимоти ҳам бўлди. Ушбу қўлланма Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ёрдамида “Уюшмаган, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга, уларни тадбиркорлик ва оилавий бизнеснинг турли шаклларига кенг жалб қилишга кўмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида тайёрлангани таъкидлаб ўтилди.