Қуваликлар учун катта байрам тантанаси

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида “Одамлар эртага, узоқ келажакда эмас, балки бугун бахтли яшаши керак”, деган эзгу тамойилни рўёбга чиқариш учун барча соҳаларда ҳаётбахш ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Бунинг самараси сифатида юртимиздаги ҳар бир оиланинг турмуш фаровонлиги юксалиб, яқин йилларгача ҳам худди эртакдек туюлган ширин орзуларнинг амалга ошиши айни ҳаётий ҳақиқатга айланмоқда.

Бу борада тадбиркорлик фаолияти ривожи учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар эътиборга сазовордир. Аслида бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай мамлакатда тадбиркорлар жамиятнинг олтин фонди сифатида эъзозланиши шу юртнинг эртанги кун истиқболини белгиловчи муҳим мезондир десак, асло муболаға бўлмайди.

Ҳақиқатдан ҳам янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш, маҳаллий бюджет даромадларини ошириш, аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини яхшилашда тадбиркорларнинг хизмати беқиёсдир.

Шу йилнинг 5 апрель куни Қува тумани марказида “Ишонч” кредит-савдо марказининг Қува тумани филиали учун замонавий ва муҳташам бинонинг фойдаланишга топширилиши катта тантана сифатида нишонланди. Қува тумани ҳокими Равшанбек Қурбонов, “Ишонч” кредит-савдо маркази таъсисчиси Акрамжон Ҳайдаров, бир гуруҳ туман фаоллари гулдурос қарсаклар остида рамзий лентани қирқиб, фахрий меҳмонлар ичкарига таклиф этилди ва янги бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.

Халқ сайли тарзида ташкил этилган шодиёнада минглаб ҳамюртларимиз иштирок этиб, миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг турли байрам тадбирларида яйраб ҳордиқ чиқардилар. Карнай-сурнай ва доира садолари, севимли эртак қаҳрамонлари, машҳур қўшиқчилар ва рақс дасталари, пойтахтдан ташриф буюрган эстрада юлдузлари ҳамда ижодий жамоаларнинг чиқишлари байрам тадбирига янада файз бахш этиб, нафақат Қува тумани, Тошлоқ тумани, Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳри, қўшни Андижон вилоятидан келган каттаю кичикка бир олам завқ-шавқ улашди.

“Ишонч” кредит-савдо маркази томонидан турли байрам акциялари ўтказилди, ўзбекона удумга кўра меҳмонларга дошқозонларда палов тайёрланди, фаол иштирокчилар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, “Ишонч” кредит-савдо маркази Қува тумани филиали ўз фаолиятини бошлаши натижасида қўшимча 40 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Ҳамюртларимизга таклиф этилаётган барча турдаги маҳсулотлар маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимиз ва жаҳоннинг бренд маҳсулотлари – кенг ассортиментдаги мебель жиҳозлари, уй-рўзғор буюмлари, бир сўз билан айтганда, инсоннинг бахтли умргузаронлик қилиши ҳамда оила эҳтиёжи ва фаровонлиги учун зарур бўладиган барча турдаги маҳсулотларни энг қулай ва соддалаштирилган тартибда муддатли тўлов шартлари асосида расмийлаштириш мумкин.

“Ишонч” кредит-савдо маркази томонидан “Мижоз манфаати – устувор” тамойили асосида бошқа ана шу каби марказлар фаолиятидан фарқли равишда кўплаб афзалликлар жорий этилган. Мисол учун, мижоз фуқаролик паспортини тақдим этганидан сўнг барча филиалларда малакали мутахассислар томонидан атиги 15 дақиқада ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилади. Марказда доимий равишда ҳар бир харид қилинган маҳсулот учун бонуслар тақдим этилади. Харид қилинган маҳсулотлар 12 соат ичида кўрсатилган манзилларга бепул етказиб берилади ҳамда ўрнатиб бериш ишлари филиал мутахассислари томонидан бепул амалга оширилади.

Агар маҳсулот мижозга маъқул келмаса, у 30 иш куни мобайнида алмаштириб берилади. Бу эса мижозларга яна бир қулайлик бўлиб, бозор ёки савдо дўконларидан харид қилингандан фарқли равишда турли асаббузарлик ва югур-югурларнинг олдини олади.

Ўз навбатида марказнинг барча филиалларида 24 соат давомида ғамхўрликнинг яққол намунаси сифатида мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази хизмат кўрсатиб келмоқда. Мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази мутахассислари томонидан келиб тушаётган ҳар қандай таклиф ва шикоятлар мунтазам равишда ижобий ҳал этилиши таъминланади.

Фурсатдан фойдаланиб, биз ўнлаб тадбир иштирокчиларини суҳбатга тортдик. Иқтисодчи олим Дилмурод Дармонов, қувалик машҳур фермер Қаҳрамон Сиддиқов, таниқли шоира Зуҳра Алиева, меҳнат фахрийси Комилжон Ҳожиматов, ўнлаб таълим ва тиббиёт соҳаси ходимлари, маҳаллалар фаоллари ўзгача ғурур ва ифтихор билан ўз фикр-мулоҳазаларини таъкидлаб ўтишди.

Бу ердаги муҳташамлик, кенг ассортиментдаги маҳсулотлар, хизмат кўрсатиш маданияти ниҳоятда юқори эканлиги ҳар қандай юксак ва нозик дидли одамни ҳам мамнун этади, – дейди оила аъзолари билан тадбирда қатнашаётган Дилмурод Дармонов. – Замонавий турмуш шароитига эга инсоннинг дунёқараши, ҳаётга муносабати ҳам бошқача бўлади. Бахтли ва тўкис яшаш қувончини ҳадя этаётгани учун барча юртдошларимиз номидан “Ишонч” кредит-савдо маркази раҳбарияти ва мутахассисларига чексиз миннатдорчилик билдираман. “Ишонч” кредит-савдо маркази бренди нафақат Фарғона водийси ва мамлакатимиз миқёсида, балки бутун дунёда машҳур бўлаверсин!

Қувонарлиси, яқин келажакда Фарғона вилоятининг ўзига хос ташриф қоғози ва машҳур савдо бренди мақомига эга бўлишни энг устувор вазифа сифатида белгилаган “Ишонч” кредит-савдо маркази томонидан қисқа фурсат мобайнида Тошлоқ тумани ҳамда қўшни Наманган вилояти филиаллари учун янги биноларни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.