Маҳаллалар раислари сайлови

Май ойида юртимизда фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайлови бўлиб ўтади.

Вилоятимизда 1034 маҳалла фуқаролар йиғинига сайловлар ўтказиш белгиланди. Бу йилги сайловларни очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 5 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори имзоланган. Ушбу муҳим сиёсий тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш назарда тутилган. Аввалги сайловларда раис ва маслаҳатчилар сайлови бир вақтда ўтказилган. Эндиликда сайловда фақатгина маҳалла раиси сайланади. Маслаҳатчилар оқсоқоллар сайловлари натижаларига кўра раис тавсияси асосида бир ой давломида сайланади, бир вақтнинг ўзида кенгаш, фаолиятнинг асосий турлари бўйича комиссиялар ва фуқаролар йиғинининг тафтиш комиссияси шакллантирилади. Яъни, жамоада ўзаро бир-бирини тушуниш, зиддиятларга бормаслик муҳити яратилади. Маълум маънода маҳалла раиси ўз жамоасини ўзи ишонган ва ишчан номзодлар асосида шакллантириш имкониятига эга бўлади. Қонунга кўра эндиликда оқсоқолларнинг ваколатлари уч йилни ташкил қилади. Фуқаролар йиғини раисини сайлашда овоз бериш жараёнида авваллари яширин ва очиқ овоз бериш шаклларидан фойдаланилган бўлса, энди қатъий равишда сайлов бюллетенларини тўлдириш орқали яширин шаклда ўтказилади. Яширин овоз бериш фуқароларнинг ўз хоҳиш-истакларини эркин билдиришларига таъсир этишга имкон қолдирмаслик демак. Бу ҳар бир фуқарога ўзи хоҳлаган номзодга овоз беришида тўлақонли имкониятдир. Яъни, авваллари сайлов жараёнида номзодлар ўзларининг таржимаи ҳолларини қисқача баён қилиб, сайловчиларга қараб туришган.

Сайловчилар эса номзод кўз олдида унга овоз бермаслик, уни ёқлаб қўл кўтармасликка истиҳола қилиб,  истасалар-истамасалар овоз беришга мажбур бўлишган. Кўп ҳолларда сайловчилар, психологиямизга кўра, биринчи номи эълон қилинган номзодга қўл кўтариб юборишган. Эндиликда сайлов қатъий равишда яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Сайловчиларга янада қулайлик яратиш, ўзи таниган, билган номзодга овоз беришларини таъминлаш мақсадида бюллетенларда раисликка номзодларнинг расмлари ҳам бўлиши кўзда тутилмоқда.

Айни пайтда шаҳар ва туманларда Сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилди ва унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг таркибига Халқ депутатлари шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари, тегишли давлат органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий муассасалар ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари киритилган. Йиғилишларда кўмаклашувчи комиссия аъзоларининг сайлов қонунчилиги оид билимларини кенгайтирилди. Шунингдек, жойларда сайловни ўтказувчи ишчи гуруҳлар тузилиб, аъзолари шакллантирилди, уларга сайловни очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш юзасидан тавсиялар берилди.

Сайловга кўмаклашувчи комиссия томонидан ишчи гуруҳлар раислари ва аъзоларига семинар-йиғилиш ўтказилиб, намунавий ҳужжатлар тўплами берилди, сайловни ўтказиш жойлари белгилаб олинди. Ишчи гуруҳ томонидан таъсис йиғилишлари ўтказилди.

Ишчи гуруҳлар аҳоли билан учрашиб, улар тавсия этган номзодларни сайловга кўмаклашувчи комиссияга тақдим этишмоқда. Шу кунларда вилоятимиз шаҳар ва туманларила фуқаролар йиғинлари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари Республика ишчи гуруҳи биргаликда раисликка номзодлар билан билан суҳбатлар ўтказишмоқда. Маҳалланинг бугуни ва келажаги, тараққиёти аҳолининг турмуш фаровонлиги бевосита маҳалла фуқаролар йиғини раисига кўп жихатдан боғлиқдир. Шу сабабли суҳбатлар давомида маҳалладаги муаммоларни жойида ҳал этилиши, фуқароларни турли идорларда сарсон бўлмаслиги ҳам маҳалла раисининг ташаббускорлиги, ҳалқпарварлиги, унинг ҳаётий тажрибаси, ташкилотчилиги ва аҳоли ўртасида  ҳар қандай масалага ижобий ечим  топа олиш қобилятига боғлиқлигига алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўз маҳаллангизда ана шундай раисни танлаш ва сайлаш барчангизнинг конститутцион ҳуқуқингиздир. Шундай экан, сайловда фаол иштирок этинг ва халқпарвар раисга овоз беринг!

Ш.ЮЛДАШЕВ,

вилоят “Маҳалла” фуқаролар йиғини
сайловини ўтказиш комиссияси раиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлиси Сенати аъзоси.