Одамнинг қўли гул, дегани шудир

Халқимизда “Изингдан кул эмас, гул қолдир” деган пурмаъно ҳикмат бор.

Фарғона шаҳар Хўжамағиз маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мирзаумар ака Мўминов ушбу ҳикмат мағзини чақиб, Ватанимиз ободлиги учун гулларни етиштиришга жазм этганига кўп бўлди.

Гулчининг хонадонига меҳмон келса, таомилга кўра, қуруқ қайтмайди. Қўлига ҳеч бўлмаганда бир жуфт атиргул кўчатини тутқазиб юборишади. Шунданми, Фарғонада бу хонадонни кўпчилик гулчилар оиласи сифатида яхши танийди.

Мирзаумар аканинг гулзор оралаб юрганига ўттиз беш йил бўлди. Шу вақт ичида гул парваришлаш, ўсимликлар билан тил топишиш нозик ва мураккаб иш эканини тушунди. Буларнинг барини ишининг давомчилари бўлмиш фарзандларига астойдил ўргатди. Шу маънода Президентимиз раҳнамолигида томорқачилар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлаш жоиз. Ҳар бир маҳаллада Мирзаумар ака сингари миришкор томорқачиларнинг борлиги атрофдагиларнинг ҳам ерга бўлган муҳаббатини оширади.

Гуллар парваришида Мирзаумар аканинг ўғли Беҳзоднинг ҳам қўли қўлига тегмайди. Унинг таъкидлашича, гулларга вақтида қарашдан ташқари, турли касалликларнинг олдини олишда кимёвий воситалардан  усталик билан фойдаланиш даркор. Қолаверса, гўзаллик тимсолларининг аксариятини қишда совуқдан, ёзда жазирамадан сақлаш ҳам мураккаб жараён. Ўтган йили хонадонда ташкил этилган олти сотихли иссиқхона шароитида 15 мингтадан ортиқ  гул кўчати етиштирилди. Бу йилги мавсумда ҳам гулларга бўлган талаб ва эҳтиёжни инобатга олиб яна шунча гул ниҳоллари парваришланмоқда. Илк баҳор кунларида биргина атиргулнинг 10 минг кўчати ўтқазилди. Айни вақтда оила аъзолари яна 2 сотихли майдонни иссиқхонага айлантириш тараддудига тушганлар.

– Ният ва шунга яраша ҳаракат қилсанг, эътибор ва шароит бўлса бас, ҳамма нарсага эришиш мумкин экан, – дейди Мирзаумар ака Мўминов. – Хонадонимизни дараклаб келувчиларнинг сон-саноғи йўқ. Улар орасида тажриба алмашиш истагида келаётганлари ҳам кўп. Гулларимизнинг бир қисмини маҳаллий бозорга ҳам арзон нархда етказиб беряпмиз. Қисқаси, меҳнат қилиб кам бўлмаяпмиз. Шунинг даромадидан уй-жой тикладик, тўй қилдик. Энг муҳими, ер билан андармон бўлиш саломатликка ҳам, кайфиятга ҳам кони фойда экан.

Хонадон томорқасида ҳозирги вақтда цитрус мевалар ҳам бор. Масалан, аввалига тажриба сифатида 1 туп олиб келинган лимон кўчатлари сони бугунги кунда 32 тага етди. Шунингдек, 500 дан ортиқ қаламчалар ҳам парваришланмоқда. Кейинги вақтда иссиқхонада апельсин етиштиралаётгани ҳам диққатга сазовордир. Чангланиш хусусияти лимондан юқорилигини инобатга олсак, апельсин ҳосилидан олинаётган даромад ҳам оила дастурхони тўкин бўлишини таъминламоқда.

Ҳовлидаги иссиқхонада атиргул дейсизми, чиннигул дейсизми, кала ёки хризантема, ишқилиб, ҳаммасининг ўнлаб хилидан бор. Мирзаумар ака бир-бири билан ҳусн талашаётган шу гуллар оралаб юрар экан, уларнинг ҳар бирига эринмай таъриф беради. Ҳозирча илмий асосланмаган тажрибалари, изланишлари фавқулодда ноёб самаралар бераётгани ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Беихтиёр, яшил майдон жозибасига мафтун бўласиз, она заминимизнинг бебаҳо саховати, мўъжизакор қудратига таҳсин ўқийсиз. Гулчиликни ҳам бир санъат сифатида эътироф этадиган Мўминовлар оиласи сингари гўзалликка ошно инсонлар меҳнати, фидокорлиги билан юртимиз янада обод ва кўркам бўлаётганини кўриб, кўзингиз қувнайди.