Инкубаторийлар шай ҳолга келтирилди

Бу йил 11450 қути хориж ипак  қурти  уруғи,  20350  қути маҳаллий ипак қуртидан 1750 тонна пилла хом ашёси етиштириш учун 2749 та фермер хўжаликлари билан контрактация шартномаси, 10842 та касаначилар билан  шартномалар тузилди..

Вилоятдаги  ўн бешта туман “Агропилла” МЧЖ ва 2 та шаҳар “Агропилла” МЧЖларига  вилоятда  фаолият юритаётган  бешта пиллани қайта ишлаш корхоналари, жумладан, “Водий маржони” КТИЧ фирмаси, Марғилон шаҳридаги “Силк Вац”, “Ёдгорлик”, “Нурли тонг”, “Силк” МЧЖ лари ҳамда Фарғона тумани Водил қишлоғидаги  ипак йигирув шўъба корхоналари бириктирилди. Шунингдек, вилоятимизда  иккита уруғчилик корхонаси  ҳамда  битта тутчилик хўжаликлари  фаолият олиб бормоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорига асосан соҳада юксалиш, ривожланиш сезила бошланди.  Энг аввало,  кўпчиликнинг тасаввурига ҳам сиғмаган  иш–такрорий пилла етиштириш муваффақиятли йўлга қўйилди. Ўтган йилнинг июнь-июль хамда август-сентябрь ойларида такрорий пилла етиштириш тажрибасидан келиб чиқиб, жорий йил ёзги мавсумда такрорий пилла етиштиришни самарали ташкил қилиш учун  авваламбор  ҳудудларнинг табиий иқлим шароитлари, ипак  қурти уруғини инкубаторийларда жонлантиришдан тортиб боқувчиларга тарқатиш, парваришлаб  топширишгача  бўлган давр назоратга олинди.  Жорий  йилда  ипак  қурти парваришлаш учун  95.4 тонна ўрама  қоғоз,  63600  дона  термометр, 7,0 тонна плёнка, 150 тонна кўмир,  31800 қути ипак  қурти уруғи  учун  жами 5368,8 млн. сўм маблағ сарфланди,–дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ бош агрономи  Феруза Аҳмадалиева.– Жорий йилдан бошлаб пилла ҳосили  учун контрактация шартномаларида  белгиланган миқдордан  ортиқча  пилла топширилганда, 5 килограммгача  ортиқча пилла ҳосили харид нархига нисбатан  15 фоиз, 5 килограммдан  юқори  бўлган қисмига 25 фоиз миқдорида устама хақ тўлаш  тизими жорий этилди.

Жорий  йилда  вилоятимизда 20 миллион туп тут кўчати экиш режалаштирилиб, ҳозирги  кунда  фермер хўжаликлари ҳамда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 16105,4 минг дона тут кўчатлари экилди. Шунингдек, 431 гектардан  ортиқ  янги  тутзорлар яратилди.  “Нурли тонг силк” МЧЖ корхонаси томонидан Хитойдан 9 миллион дона серҳосил тут кўчатлари олиб келиниб, тутзор қатор ораларига экилди.

Ҳозирги кунда вилоятда ипак қурти уруғини жонлантириш учун 200 та инкубаторийлар мавсум учун тўлиқ жиҳозланиб, тайёр ҳолга келтирилди.