Саломатлик ярмаркаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 февралдаги “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори минтақавий эпидемиологик ҳолатни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш имконини беради.

Ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишини прогнозлаш, бундай хасталикларни келтириб чиқарадиган қўзғатувчиларни лаборатор ташхислаш усулларини сифат жиҳатидан янада яхшилашнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқади.

Шу билан бирга мазкур ҳужжат инновацион усулларни жорий қилиш асосида сил ва носпецифик ўпка касалликларининг олдини олиш бўйича комплекс профилактика ишларини амалга оширишга қаратилган.  Шунингдек, силнинг дориларга чидамли турига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларни ташхислаш ва даволаш, ушбу касалликларни профилактика қилиш, аниқлаш ва даволашга оид фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда.

Вилоят силга қарши кураш диспансерида АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда  бўлиб ўтган тадбир силни тезкор аниқлашга қаратилди.

Вилоят силга қарши кураш диспансери бош шифокори Элёржон Алиев АҚШ нинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, аҳоли ўртасида тиббий профилактикани кучайтириш, касалликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида эътироф этди. Тадбирда сўз олаганлар  силни тезкор аниқлаш ва самарали даволашда лаборатор диагностиканинг инновацион амалиётлари, тиббиёт муассасаларида хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтишди.

Айтиш керакки, бугунги кунда соҳа ривожида касалликларни энг замонавий микробиологик усуллар ёрдамида қисқа фурсатда аниқлаш имконини берувчи технологиялар муҳим аҳамият касб этади. Тизимга қаратилаётган эътибор натижасида вилоятимизда энг замонавий аппаратлар олиб келинган. Жойларда яратилган шарт-шароитлар эвазига бугунги кунда сил касаллиги билан боғлиқ аломатларни исталган ҳудудда икки соат ичида аниқлаш ва даволаш ишларини бошлаш имконияти мавжуд.

Талаб этиладиган дори-воситалари билан юз фоиз таъминланган. Яқинда марказ қошида масофадан туриб онлайн тарзда ўқитиш, ташхис қўйиш, касалликлар устида фикр алмашиш имконини берувчи инновацион тренинг марказ фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг учун USAID ташкилоти томнидан 27 млн. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Носиржон РАҲИМОВ.