Оилавий тадбиркорлик ривожи: истиқбол ва имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ҳудудларда оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш ва мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари” ташкил этилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-кувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва қарорларига асосан  ажратиладиган имтиёзли кредитлар мазкур марказларнинг тегишли хулосасига асосан берилади.

2019 йилда имтиёзли кредитлар учун 486 млрд. сўм ресурс ажратилиши режалаштирилган. Шундан 425 млрд. сўм  2019 йил учун кредит линияси, 21 млрд. сўм  2018 йилда ажратилган маблағлар қолдиғи, 50 млрд.сўм  2018 йилда ажратилган ва 2019 йилда қайтарилиши кутилаётган кредитлардир.

Қарор ижросини сифатли таъминлаш юзасидан вилоят аҳолисини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида ажратилган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ва самарали ишлатилганлигини ҳамда уларда яратилган иш ўринларини доимий ўрганиш бўйича вилоят мониторинг гуруҳи ташкил этилади. Мониторингда ажратилган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилаётганлигини, имтиёзли кредит ҳисобидан етказиб берилган қимматликлар (кўрсатилган хизматлар)нинг мавжудлиги жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга кредит ажратилиб, фаолиятини йўлга қўйгандан сўнг уларнинг Давлат рўйхатидан ўтиши, янги иш ўринларининг яратилишини ҳисобини юритиш билан шуғулланади.

Тадбиркорлик соҳасида муайян тажриба ва ютуқларга эришган тадбиркорлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида имтиёзли кредитлар олаётган ёш тадбиркорларга бириктирилади.

Қарорга асосан  вилоят бандлик бош бошқармаси  таркибида  “Ҳар бир оила – тадбиркор”  дастури асосида  аҳоли бандлиги  ва даромадлари ошишига кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида  тадбиркорликни ривожлантириш  ва аҳолининг  ўзини ўзи банд  қилишини рағбатлантириш  бўлими ташкил этилиши кўзда тутилган.  Ҳозирда мазкур масала  Наманган вилоятида тажриба тариқасида амалиётга тадбиқ этилмоқда.

Ҳужжат нафақат оилавий тадбиркорлар,  тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очади.

Ойбек ҲАМИДОВ,

 вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи.