Тараққиётнинг бешта асосий мезони

Муҳтарам Президентимиз томонидан шу йилнинг 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда жорий йилнинг 19 март куни давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселекторда илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Ёшларни мусиқа ва санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер саводхонлиги, китобхонлик тарғиботини ошириш, тадбиркорлик ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш  масалалари шулар жумласидандир. Вилоятимизда ҳам ушбу йўналишдаги эзгу ташаббусларни рўёбга чиқариш мақсадида кенг қамровли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда Фарғона давлат университетида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида спорт мусобақалари ташкил этилди,-дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Эркин Нуралиев. – Вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши соврини учун ўтказилган мусобақаларда университетнинг ўндан ортиқ жамоалари иштирок этди. Ғолибларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, эзгу ташаббус доирасида Қувасой шаҳридаги А. Азизов кўчасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун ажратилаётган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида кутубхона ташкил этилди. Қувасой шаҳар ҳокимлиги томонидан капитал реконстуркция қилинган эски бинодаги ушбу маънавият маркази замонавий жиҳозлдар билан таъминланиб, минг нусхага яқин китоблар тақдим этилди.