Марғилонда аския байрами

Аския  жаҳондаги  биронта халқ оғзаки ижодида  учрамайдиган,  сўздан сўз  ҳосил  қилиш,  сўз  жилосидан  тўлиқ  фойдаланиш,  сўз  ўйинига  асосланган  жанрдир.  Бошқа халқларда  бу  жанрнинг учрамаслигини  эса,  асосан,  ўзбек  тилидаги  сўз бойлиги  билан  изоҳлаш мумкин.

Дунёда кулгуни, ҳазил-мутойибани севмайдиган халқ йўқ. Аския – халқимизнинг ўзига хос миллий санъат тури. У тўй-йиғинлар, чойхона ва сайиллар кўрки,  сўзга чечанлик санъатидир. Мазкур санъат тури даврлар ўтса-да ўзининг гўзал шакллари, содда ва теран мазмуни билан бизгача етиб келган халқ оғзаки ижодининг бетакрор намунасидир.

Ҳар йили  вилоятимизда ўтказиб келинаётган аския кечалари ва кўрик-танловлар бунинг ёрқин далидир. Ана шундай кулгу байрами анъанага кўра Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги Ижодкорлар боғида бўлиб ўтди. Марғилон шаҳар ҳокимлиги, “Рухсор” телерадиоканали ташаббуси билан ташкил этилган ушбу аския фестивалида нафақат водий вилоятлари балки, қўшни республикалардан ҳам меҳмонлар иштирок этди.

Тадбир аввалида таъкидланганидек, минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган аскиячилик санъати тараққиётида Марғилон ва Қўқон аския мактабларининг ўзига хос ўрни бор. Таниқли санъат дарғаси, ватандошимиз Юсуфжон қизиқ Шакаржонов ва унинг издошлари хизмати билан мазкур санъат тури азал-азалдан жаҳонга юз тутган эди. Қолаверса, аския ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан ўрин олгани мазкур жанрнинг инсоният маънавий ва маданий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлганини яққол намоён этади.

Фестивалда истеъдодли ҳофизлар томонидан бетакрор ва халқимиз эъзозлаган мақом қўшиқлардан намуналар ижро этилди. Вилоятимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, Андижон ва Наманган вилоятларидан ташриф буюрган сўз усталари ва қизиқчилар пайров, қофия, радиф, ўхшатма, баҳри байт, сўз ўйини, қочирим, мутойиба, муболаға сингари жанрлардан кенг фойдаланган ҳолда ўз маҳоратларини намоён этишди.

Тадбирда нуронийлардан тортиб, ёш авлод вакилларининг қувончига гувоҳ бўлдик. Ижодкорлар боғини янада файзли қилган кулгу оҳанглари, қарсаклар жаранги тадбирнинг юртдошларимизга яхши кайфият, унутилмас таассуротлар ҳадя этганидан дарак берди.