Иллати борнинг оёғи қалтирайди

Азиз Қосимов Ўрта Чирчиқ туманидаги темирйўл кесишмаси ёнидан ўтар экан, ариқ бўйидаги марихуанна ўсимлиги унинг диққатини ўзига тортди. У бир пайтлар кимдандир марихуаннани қовуриш йўли билан истеъмол қилиш мумкинлигини эшитганди.

Шу сабаб гиёҳвандлик моддасидан бир ҳовучини юлиб олади. Уйи ёнидаги катта ҳалқа йўлдан ўтиб, хилват жойда гиёҳвандлик воситасини қовурди. Кейин уни салфеткага ўраб, сигарет қутиси ичига солиб қўяди. Мақсади спиртли ичимлик ичган вақтида марихуаннани оз-оздан истеъмол қилиш эди…

Азиз савдо мақсадида “Тошкент-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан Самарқандга кетаётган вақтида фош бўлди. Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирайди, деганларидек, шахсий кўрикдан ўтаётганида Азиз ўзини беҳаловат тутиши билан шубҳа уйғотди. Ислом Каримов аэропорти ЖХТБ ҳамда Тошкент маҳаллий аэропорти авиация хавфсизлиги хизмати ходимларининг сергаклиги туфайли унинг эгнидаги шимнинг ўнг чўнтагида сигарет кутиси ичида 5,96 грамм гиёҳванд модда ҳамда 9 дона дори воситалари капсуласи борлиги аниқланди.

Азиз Қосимовнинг ушбу ҳаракати қонуний тартибда кўриб чиқилиб, тегишли жазо тайинланди. 25 ёшли йигит ичкиликнинг ҳам, гиёҳвандликнинг ҳам инсон ҳаётининг кушандаси эканлигини яхши билади. Шундай бўлсада “заҳри қотил”ни истеъмол қилиб, ўз ҳаётини разолат ботқоғига ботиргани албатта, кишини ташвишга солади. Шундай экан, бу каби жиноятлардан тўғри хулоса чиқариб, гиёҳвандлик тубанлик йўли эканлигини асло унутмайлик.

Шерзод ШОДМОНОВ,

Ислом Каримов аэропортида жамоат хавфсизлигини

таъминлаш бўлинмаси тергов

 бўлинмаси катта терговчиси.