Кичик саноат зоналари

Инвестицияларни фаол жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, янги рақобатбардошли ишлаб чиқаришлар ва кичик корхоналарни ривожлантириш чора-тадбирларини таъминлаш мақсадида 2018 йилнинг 12 декабрида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

“Фарғона вилоятида қўшимча кичик саноат зоналари ташкил этиш чора-тадбирлари тўрисида”ги мазкур қарорда уларни муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси ташкил этилган алоҳида ҳудудларга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу асосда ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолининг бандлик ва фаровонлик даражасини ошириш кўзда тутилган.

Қарор иловасига мувофиқ, Фарғона шаҳрида, Фурқат, Қува, Ўзбекистон, Олтиариқ, Ёзёвон ва Қўштепа туманларида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари негизида кичик саноат зоналари янгитдан ташкил этилмоқда.

Қўштепа тумани ҳокимининг кичик саноат зонасини бошқариш ягона дирекцияси ташкил этиш ва унга  1,29 гектар ер майдонини бириктириб бериш тўғрисидаги қарори чиқарилди. Дирекция томонидан бириктирилган ҳудудни топосъёмкасини ўтказиш, ҳудуд картаси ва бош режасини ишлаб чиқиш, бу ерга муҳандислик коммуникация тармоқларини тортиб келиш, тендер ўтказиш мақсадида майдонларни лотларга ажратиш чора-тадбирлари белгиланиб, улар босқичма-босқич амалга ошириляпти.

Фурқат тумани ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекциясини  ташкил этиш ва унга 1,8 гектардан иборат “Навбаҳор улгуржисавдо” базасини  бириктириб бериш юзасидан ҳам қарор қабул қилинган. Унга кўра ҳудуддаги мавжуд муҳандислик коммуникациялари тўғрисида тегишли ташкилотларнинг хулосалари олинган. Туман архитектураси томонидан ишлаб чиқилган ҳудуд харитаси асосида ҳудуддаги 9774 кв.м бино ва иншоотлар 20 та лотга ажратилиб, тендер ўтказиш юзасидан зарурий ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Қува туманида иккита ­­– 8 гектар ҳамда 1,9 гектар, Ёзёвон туманида эса 4,5 гектардан иборат кичик саноат зоналари ташкил этиляпти. Ўзбекистон туманидаги саноат ҳудудида ҳам 5 гектар майдонда бу борадаги ишлар бошлаб юборилган.

Вилоятимиз эҳтиёжлари, мавжуд минерал-хом ашё, қишлоқ хўжалиги ресурслари ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, кичик саноат зоналари ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича “Йўл харитаси” мавжуд.

Данғара туманида жойлашган “Сувиншооттаъмир” кичик саноат зонаси ҳақида. Тадбиркор Даврон Деҳқонов бу ҳудудда фотоальбом ва болалар учун кийим-кечаклар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширди. Ушбу кичик саноат зонасида қурилиш материаллари тайёрлайдиган «METALL SERVIS INVEST» масъулияти чекланган жамияти  ҳам ўз фаолиятини бошлади. «REAL GOAL FORWARD» корхонасида эса ўсимликларга ишлов бериш аппарати ишлаб чиқарилади. Айни кунларда бинода қурилиш ва таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказиляпти.

Бу саноат зонасида ишга туширилган лойиҳалардан яна бири «REAL GOAL FORWARD» масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган бўлиб, мазкур корхонада автомобилларга ойналар, айрим эҳтиёт қисмлар ва карниз аксессуарлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, автомобилларга пластмасса ва алюминдан бутловчи қисмлар, маиший буюмлар тайёрланяпти.

Мих ва рангли бўёқ маҳсулотлари эса «ROYAL ROAD» корхонасида тайёрланаётганлиги эътиборли. «Сувиншоаттаъмир» масъулияти чекланган жамияти томонидан темир данбалар, «LITTLE XUSNIDDIN SHOES» корхонаси томонидан  ЛДСП ва ЛМДФ листлари ҳамда  спорт оёқ кийимлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам ишга тушган. Ўз маҳсулотини четга экспорт қилаётган хусусий корхоналардан бири «DOVUD» корхонаси бўлиб, унда техник кислород, трикотаж маҳсулотлари тайёрланишига эришиляпти.

Қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунланаётган, велосипед ва унинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган «NEW STAR BICYCLE» масъулияти чекланган жамияти, болалар ва катталар кийими тайёрланадиган «RAHMAT TEA» корхонасига технологияларнинг бир қисми олиб келинди.

Данғара туманидаги кичик саноат зонасида амалга оширилиши лозим бўлган 13 та лойиҳадан бугунги кунда 9 таси ишга туширилган. Қолган 4 та лойиҳа жорий йилнинг апрель ойига қадар ишга туширилиши кутиляпти.

Ҳозирда режадаги киритилиши белгиланган 44,74 миллиард сўмлик инвестиция ҳажмидан 48 фоизи, яъни 21,9 миллиард сўми киритилиб,  228 та ишчи ўрни яратилганлиги аҳамиятлидир.