Ҳамкорлик уфқлари кенгаймоқда

Қабул чоғида алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон – Германия алоқалари ишончли ҳамкорлик сифатида юксак мавқега кўтарилмоқда. Босқичма-босқич эришилаётган биргаликдаги лойиҳалар ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Ўзбекистонда айни пайтда германиялик инвесторлар иштирокида 132 та фирма ва компания фаолият юритмоқда. Шундан 33 таси юз фоиз немис капитали асосида тузилган, 31 таси юртимизда ўз ваколатхоналарини очган. Ўзбекистон “Миллий банк”и Германиянинг 57 та банки билан алоқа ўрнатган.

Президентимизнинг ушбу давлатга ташрифлари мобайнида кимё, қурилиш, энергетика, металлургия ва озиқ-овқат соҳалари етакчилари – “Сименс”, “Тиссен Групп”, “Класс”, “МАН”, “Кнауф”, “Линде”, “Паппенбург”, “Хумана”, “Фольксваген” каби халқаро миқёсдаги немис концернлари билан шерикликда янги кўп миллиардли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилгани ва қатор ҳамкорликда шартномаларнинг имзоланганлиги германиялик инвесторлар учун хам катта истиқболлар эшигини очди.

Фарғонада Германиянинг дунёга машхур “Кнауф” компанияси билан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фойдаланишга топшириш арафасида.

Мулоқотда мехмонлар томонидан  таъкидланганидек, инвесторлар асос солган ва бугунги кунда дунёнинг етакчи давлатларига экспорт қилинаётган болалар учун сут маҳсулотлари, йогурт ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Бэби” корхонасининг биринчи ва йирик филиалини Фарғона вилоятида барпо этиш  ниятидалар.

Ушбу лойиҳа агар  вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланса, инвесторлар уни тезлик билан амалга оширишларини айтиб ўтдилар.

Ўз навбатида  вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев бу ҳамкорликдан  вилоят аҳли ҳам бениҳоя миннатдор бўлишини,  зотан энг яхши  мева-сабзавот маҳсулотлари айнан вилоятимиз боғларида етиштирилишини  таъкидлади. Шу жумладан, вилоятнинг салоҳиятидан келиб чиқиб Қирғизистон, Тожикистоннинг бир қатор вилоятларида етиштирилаётган олма, нок, шафтоли каби серҳосил, сифатли маҳсулотларни ҳам харид қилиш,  қайта ишлаш имкониятлари мавжудлиги ҳақида гапирди.

Германиялик инвесторлар самимий қабул ва бўлажак ҳамкорлик учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Фарғона водийси, хусусан Фарғона вилоятининг боғлари, витаминларга бой сархил мевалари ҳақида кўп эшитганмиз, – дейди германиялик инвестор О.Вавасеер. – Уларни қайта ишлаб, шу ернинг ўзида қадоқлаб, дунёнинг барча мамлакатларига экспорт қилиш ниятидамиз. Ушбу завод Германия машҳур компаниясининг мамлакат ташқарисидаги биринчи завод ҳисобланади. Ниятларимиз улкан, мақсадларимиз юксак. Табиий, дориланмаган, органик соф мева-сабзавотлардан тайёрланган махсулотлар  дунё болаларининг қувончига ва саломатлигига сабаб бўлади, албатта. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш, экспорт салоҳияти юксалиб бораётгани биз германиялик инвесторларни ўзига оҳанграбодек тортаётгани ҳам бежиз эмас. Ушбу ҳамкорликдан умидларимиз катта. Бинобарин  қайта ишлаш, қадоқлаш борасида   сизда мутахассислар ҳам тайёр.

Қабул сўнггида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев меҳмонларга  эсдалик совғаларини топширди.