Имом-хатиблар малакаси оширилади

Фарғона нефт-газ саноати касб-ҳунар ва Қўқон тиббиёт коллежларида 181 нафар имом ва 87 нафар  имом-ноиблари учун  20 кунлик  малака ошириш ўқув семинари бўлиб ўтмоқда. Ўқув гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилади.

Сўнгги йилларда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тинчлигини сақлаш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда барча мутасадди ташкилотлар қатори имом-хатибларнинг иштироки, аҳоли ўртасида ўтказилаётган тарғибот тушунтириш тадбирларида фаоллиги ортиб бормоқда.

Уларнинг  ёт ғоялар таъсирига берилган кимсалар билан мулоқот  қилиш давомида янги шакл ва услубларни тадбиқ этиши,  экстремистик  оқимларга  мойиллиги бор шахслар билан  профилактик  ишлар олиб боришда  мутасадди ташкилотлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиши орқали самарадорликка эришиши муҳим.

Йигирма бир кунлик ўқув машғулотларини Ўзбекистон  Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур очди ва   тингловчиларга соҳага доир тавсияларини берди. Дарс соатлари давомида мутахассисларнинг “2017-2021 йилларда  Ўзбекистон Республикасини  янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар  стратегиясининг  бешта устувор йўналиши”, “Иш юритиш асослари. Диний муссасаларда  юритиладиган ҳужжатлар  турлари  ва иш юритиш тартиби”, “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ижтимоий ҳуқуқий асослари”, “Хатоба илми: имом-хатибларнинг  диний маросимларни тартибли ўтказишдаги долзарб вазифалари”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” сингари турли мавзулардаги билим ва кўникмаларини оширади.