Фарғонада МИБ ходимлари мактабларга китоблар совға қилишди

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 19 март куни   ўтказилган йиғилишда мамлакатимиз ёшларини кенг тафаккурли, билимли ва баркамол қилиб тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича долзарб вазифалар белгиланди.

Мазкур вазифаларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшишини таъминлаш, таълим муассасаларида китоб фондини бойитишга кўмаклашиш мақсадида, Бюронинг Фарғона вилоят бошқармаси тизимида меҳнат қилиб келаётган минг нафардан ортиқ ходимлари ўзлари таҳсил олган умумий ўрта таълим мактабларига ташриф буюриб 10 мингдан ортиқ китобларни беғараз совға қилишган.

Риштон туманидаги 3‑сонли умумий ўрта таълим мактаби директори У.Кимёназарова бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланганлигини ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимларининг бу ҳаракатларидан беҳад миннатдорлиги, мактаб фондига топширилган китоблар келажак авлоднинг билимли ва маънавиятли бўлиб улғайишларига хизмат қилишини билдирди.

Шу каби, Қўштепа туманидаги 35‑чи ва 48‑чи мактаблар ўқитувчилари Ш.Юсупов ва Б.Низомовлар ҳам Бюро ходимларига ўзларининг чексиз миннатдорчилигини билдирганлар.

Бюро ходимлари томонидан мактабларга ўзбек халқ эртаклари, ўқув ва амалий адабиётлардан ташқари ўзбек адабиёти дурдоналаридан А.Навоий “Фарҳод ва Ширин”, Заҳириддин Мухаммад Бобур “Ҳар кимки вафо қилса”, Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Абдулла Қаҳҳор “Араб халқ эртаклари”, Саид Аҳмад “Уфқ”, Тохир Малик “Ҳаловат”, Ўткир Хошимов “Дунёнинг ишлари”, Ойбек “Болалик”, Худойберди Тўхтабоев “Сариқ девни миниб”, Миркарим Осим “Тўмарис”, Ғофур Ғулом “Шум бола”, Пиримқул Қодиров “Юлдузли тунлар”, жаҳон адабиётидан Чингиз Айтматов “Оқ кема”, Фирдавсий “Шохнома”, Гёте “Фауст”, Эрнест Хеменгуэй “Чол ва денгиз”, Агата Кристи “Ўнта негр боласи”, Кайковус “Қобуснома”, Антон Чехов “Ёмон бола”, Достоевский “Жиноят ва жазо” каби энг сара асарлар топширилди.

Мазкур тадбир барча мактаблар ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан ижобий қабул қилинди.

  А.Одилов,

Бош прокуратура ҳузуридаги

Бюронинг вилоят бошқармаси

катта инспектори