Дилбар юрт баҳори – ассалом Наврўз!

Қир-адирларда эсган насимлар баҳор нафасини олиб келади. Зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган зилол сувли ариқларда ялпиз ифори, бепоён кенгликларда чучмомо, гулсафсар, бинафша ҳиди, боғларда қадрдон қушлар хониши, қуёшга қараган шарқона ҳовлиларда гул атри ифори…

Мусаффо тонг ҳавосидан яйраб-яйраб нафас олиб, худди гўзал келинчакдек ороланаётган латофатли табиат сингари музаффар ҳаёт қўшиғини куйлагинг келади. Мевали боғларнинг оқ, пушти, қизил гуллари сенга табассум қилаётгандек гўё. Нафақат она-табиатда, балки инсон қалбида ҳам яшнатиш ва яратиш завқи. Аслида ҳар баҳор шу манзара такрорланади. Аммо ҳар баҳорда бу кунларнинг гашти, сурури ҳамда оромбахш ҳузури ўзгача бўлади.

Дунё ҳамжамияти мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни ҳеч бир муболағасиз “ўзбек баҳори”га қиёслаётганлари бежиз эмас. Боиси бугунги ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида бизнинг нафақат шаҳар ва қишлоқларимиз, балки қалбимиз ҳам ажиб тарзда янгиланиб, ҳаётга ва яшашга, эртанги кун истиқболига бўлган жўшқин муносабатимиз ўзгариб бормоқда. Бу – юрт ва қалб баҳори ўзаро ҳамоҳанг эканлигидан далолатдир.

Дарҳақиқат, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни янада равнақ топтириш, халқимиз турмуш даражаси ва сифатини ошириш юзасидан жуда катта режалар белгиланган. Бу эзгу мақсадларга эришиш ҳар бир юртдошимизнинг фаол ва фидойилиги ҳамда ташаббускорлигига бевосита боғлиқ эканини асло унутмаслик лозим. Президентимиз ташаббуси билан тобора кенг авж олаётган ислоҳотлар жараёнида ҳаётнинг катта ва жўшқин оқимидан четда турмаслик ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизга айланиши зарур.

Наврўзнинг маъно-моҳиятига мос ана шу каби қутлуғ тушунчалар ҳаммамизни янги орзу-умидлар билан меҳнат қилишга, бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўра яхшироқ умргузаронлик қилишга ундайди. Шу боис Наврўз халқимизнинг муштарак байрами, элнинг самимий, муаззам  айёми. Янгиланиш ва яратиш, ободлик ва поклик эса Наврўз байрамининг абадий қудрати сифатида ҳаётимизда намоён бўлаверади. Яшариш фаслининг дебочаси, қутлуғ кунлар шодиёнаси ҳам аслида мана шу айёмдан бошланишида ҳам улкан ҳаётий фалсафа мужассам.

2019 йил, 21 март. Эрта тонгда вилоятимиз маркази кўчалари бўйлаб карнай-сурнай садолари жаранг сочиб, жарчилар каттаю кичикни халқ сайлига чорлади.

Эзгу анъанага кўра шаҳар ва туманларимиз, қишлоқ ва маҳаллаларда бошланган Наврўз Фарғона шаҳри марказидаги Ислом Каримов номидаги  Театр-концерт саройида катта сайил сифатида давом этди. Нафосат ва нафисликка юз тутган майдон ҳамюртларимиз ва вилоятимиз меҳмонлари билан гавжум бўлди. Муҳташам Санъат саройи пештоқлари баҳорий безакларнинг камалак рангидан янада чирой очди.

Асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган дурдона ҳунарманчилик намуналари бўлган заргарлик буюмлари, пазанда, қандолатчи, каштадўз, дўппидўз, гиламдўз, кандакор, чевар, кулол, тўқувчи, мебелсоз маҳсулотлари Театр-концерт саройи ҳудудида жойлашган турнақатор кўргазмалардан жой олди. Бир томонда дориломон кунларнинг бахтиёр фарзандлари варрак учириб, тинчлик сурурини дилларга бахш этсалар, иккинчи томонда вилоят қўғирчоқ театрининг байрамона томошалари кичкинтойларга байрам завқини ҳадя этди. Дорбоз ва полвонлар, масхарабознинг чиқишлари эса сайил қатнашчиларига бир олам завқ-шавқ улашди.

Муҳташам Санъат саройининг орқа томонида спортчилар учун алоҳида жой ажратилди. Полвонлар, гимнастикачилар, акробатикачилар ўз маҳоратларини йиғилганлар эътиборига ҳавола этдилар. Тош кўтариш, арқон тортиш, хуллас, миллий халқ ўйинлари байрамнинг шукуҳини янада оширди. Чемпионлар, спорт усталарининг чиқишлари сайил қатнашчиларига манзур бўлди.

Бу йилги Наврўзнинг алоҳида томони шунда бўлдики, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган меҳмонлар халқ сайлида ўз ҳудуди ҳақида сўз очувчи кўргазмалари билан фаол қатнашди. Вилоятимизнинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари, меҳнат жамоалари, ўқув ва таълим-тарбия муссасалари, маҳаллалар ўзлари тайёрлаган миллий таомлар, мазали пишириқлар, сумалагу баҳорий неъматларни йиғилганларга тортиқ этдилар.

Соат 10.00. Чорлов мусиқаси, карнай-сурнай садолари жаранг сочиб, байрам қатнашчилари Театр-концерт саройининг асосий саҳна майдонида жамул-жам бўлишди. Тантанада сўз олган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирокчиларни Наврўзи олам билан самимий қутлади.

– Наврўзи олам азалдан халқимизнинг энг эзгу фазилатлари ва миллий қадриятларини намоён этувчи байрам,-деди жумладан вилоят раҳбари. – Ўз навбатида ушбу кун тинчлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик байрами сифатида ҳам нишонланади. Бугунги байрамни юртимиздаги барча миллат ва элат вакиллари ўзаро ахил-иноқликда катта тантана қилаётгани ҳам шундан далолат беради. Қолаверса, Наврўз эртанги бахтли ва фаровон ҳаётимизни белгиловчи, ҳосилимиз қут-баракасига замин яратувчи байрам сифатида ҳам қадрлидир.

Айни кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб давом этаётган халқ сайилларида эзгу ниятларимиз ижобат бўлиши учун дуога қўл очилади, яхши ният билан деҳқончилик, ободончилик ва бунёдкорлик ишларига киришилади. Бу йил ҳам элимизнинг ризқ-насибаси улуғ бўлиши йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз баракали бўлишига ишонамиз, албатта.

Таваккал Қодиров ижросидаги “Фасли навбаҳор ўлди” қўшиғи барчанинг қалбини қадрдон туйғуларга ошно этди. Фарғона санъат коллежи ўқувчилари ижросидаги куйлар жўрлигида саҳнага чиқиб келган Баҳорой ва Кўкламойлар байрам шукуҳига янада файз киритди.

Театрлаштирилган байрам дастурида қадрдон оҳанглар, алёру лапарлар, мумтоз куй-қўшиқлар янгради. Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулҳай Каримов, таниқли қўшиқчилар Шерали Раҳмонов, Икром Абдуллаев, Нуриддин Асқаров, Отабек Муҳаммадзоҳид, Муқаддас Жўраева, “Наво” вокал-чолғу ансамбли томонидан ижро этилган ашулаларда баҳор,  Наврўзи олам, Ватан мадҳи тараннум этилди.

“Қўқон ёр-ёри”, Омон ёр” фольклор жамоаларнинг серавж яллалари, қизиқчиларнинг баҳорий ва тадбиркорлик мавзусидаги латифалари сайил қатнашчиларига кўтаринкилик бахш этди. Корейс, рус, тожик, қирғиз тилларида айтилган қўшиқлар барчани шодон даврага чорлади.

Юртимизга ҳамиша мана шу каби хурсандчиликлар ярашади, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби хонанда Икром Абдуллаев. Санъаткорнинг тилаги битта: осмонимиз мусаффо ва тинч бўлиб,  юртимизда ҳамиша яхши кунлар бўлаверсин!

Наврўз элларни элларга, дилларни дилларга дўст-қадрдон этувчи хислатлари билан ҳам севимлидир. Куй-қўшиқлар сеҳри муштарак мақсадлар – юртимиз равнақ-ривожи йўлида астойдил меҳнат қилаётган каттаю кичик ҳамюртларимизга мириқиб ўйнаб-кулиш имкониятини яратди.

Бу байрам Ўзбекистонда яшайдиган барча миллат вакилларининг энг севимли айёми, –дея суҳбатимизни давом эттиради Қувасой шаҳридаги Лашкар қишлоғида истиқомат қилувчи Одинабону Ўктамова. – Бугун қирғиз миллий либоси ярашган дугоналарим билан сайилда иштирок этяпмиз.

Халқ сайли давомида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ташкил этилган кўргазмаларни кўздан кечирди. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари жамоалари томонидан тайёрланган баҳорий композициялар, тикилган ўтовлар, ажойиб чиқишлар, турли эртак қаҳрамонлари, миллий удумларимиз намойишига эътибор қаратди.

Қўқон шаҳрининг бетакрор заргарлик буюмлари кўргазмаси, риштонлик ёш ҳунармандларнинг кулолчилик ишлари, олтиариқликлар томонидан тайёрланган миллий чолғу асбоблари, ёш рассомларнинг ижодий ишлари, таълим муассасалари ва маҳаллалар томонидан тайёрланган баҳорий таомлар байрам қатнашчиларига туҳфа этилди. Наврўз тантаналарида фаол иштирок этган  кўргазма қатнашчиларига вилоят раҳбари ўз миннатдорчилигини билдирди. Фаол ташкилотчилар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларига сазовор  бўлдилар.

–Ўзбекистон халқи тинчликсеварлиги ва меҳмондўстлиги билан ҳамиша ажралиб туради, – дейди вилоят славян миллий-маданий маркази фаоли Владимир Плешков – Ўртамизда тотувлик ва иноқлик бор экан, байрамларимиз бугунгидек шукуҳли, кунларимиз эса тинч ўтаверади. Дўстлигимиз ва аҳиллигимизга кўз тегмасин!

Байрам тантаналарида қўшни мамлакатлардан келган меҳмонларни ҳам учратиш мумкин эди.

– Сайилда иштирок этиш учун фарзандларимиз билан Аравондан келдик, – дейди қирғизистонлик Равшаной Алимова. – Фарғона шаҳрининг ободлиги ва озодалиги ҳавасимизни келтирди. Наврўз тантаналарида сумалагу кўк сомса, палову ширинликларгача баҳраманд бўлдик.

“Фарғонаазот” АЖ мутахассиси Азизахон Райимбердиева, Марғилон шаҳар маданият бўлими бошлиғи Маҳмуджон Эминжонов, шоир Баҳодир Исо, Қиргули саноат ва қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, ёш заргар Исмигул Убайдуллаева каби ўнлаб байрам қатнашчилари ҳамюртларига энг эзгу тилакларини билдирдилар.

Сўхликлар ҳам бу байрамга алоҳида тайёргарлик кўрдилар, –дейди “Дўстлик” ордени соҳибаси, Сўх тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Очахон Тўхтабоева. – Сайилда ўз қўшиқларимиз, миллий анъана ва урф-одатларимизни намойиш қилдик. Юртимизда турли миллат вакиллари аҳил-иноқликда ҳаёт кечириб келишаётгани Наврўз айёмида ҳам яққол бўй кўрсатди.

Сайил иштирокчилари Наврўзи олам билан қутлар эканлар, бир-бирларига бахт ва омад, тинч-тотув ва фаровон ҳаёт тиладилар. Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин, дея яхши ниятлар айтдилар. Эзгу сўзи билан барчага яхшилик соғинадиганлар юртида эса ҳар куни байрам – Наврўз бўлаверади!

Айни кунларда вилоятимиз бўйлаб Наврўзи олам тантаналари давом этмоқда.