Вилоятимизда Наврўз шодиёналари

БАҒДОД туманида ҳам айём таровати ҳукмронлик қилаётир.

Умумхалқ сайлига чорланган бағдодликлар ҳар бир маҳалла ва қишлоқлар, кўчалар, хонадонларда акс этган байрам шукуҳи ва  файзини ҳис этдилар.

Туман марказида ташкил этилган сайилда моҳир ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, тадбиркорлар томонидан намойиш этилган миллий ва замонавий маҳсулотлар кўргазмалари, китоб ярмаркаси, ҳудуддаги таълим муассасаларининг гуллар ва қушлар намойиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдоси – бари-барисида  қутлуғ айём қиёфаси, унинг эзгу анъаналари тўла намоён бўлди.

Наврўзнинг шоҳона таоми – сумалак ва ош тайёрланиб, элга улашилди. – Бу йилги Наврўзи олам ҳар йилгидан-да шукуҳли ўтаяпти, – дейди тумандаги “Қароқчи тол” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Рисолатхон Абулғозиева. – Туманимиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида баҳамжиҳатлик ва ташаббускорлик билан ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, ёши улуғлар, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

ҚУВАСОЙ шаҳрида байрам тадбирлари Ёшлар боғида ўтказилди. Ушбу масканда Наврўз муносабати билан миллий анъаналарга хос тарзда палов танлови, дорбозлик томошалари, спорт мусобақалари,ҳунармандчилик маҳсулотларидан иборат кўргазмалар намойиш этилди. Байрамнинг тансиқ ва шифобахш таомлари қувасойликларга манзур бўлди. Болажонлар учун эса ширинликлар савдоси уюштирилди. Истироҳат боғларидаги турли атракцион ўйинлари шу куни кичкинтойлар хизматида бўлди.

Рус, тожик, қирғиз миллий анъаналари акс этган кўргазмалар барчада ёрқин таассурот қолдирди.

– Бетакрор айёмнинг барча хусусиятлари Наврўзнинг кўп асрлик тарихга эга эканлигини англатмоқда, – дейди шаҳардаги 16-умумтаълим мактаби директори Сакина Ҳайдарова. – Бугун ўқувчи-ёшлар, навқирон авлод вакиллари кўпчиликни ташкил этаётгани байрамга ёшлик тароватини олиб киряпти. Тўкин дастурхон узра яхши ниятлар билдирилди. Ҳар бир кунимиз Наврўз бўлсин, дея ана шу тилакларга қўшилдик.

ТОШЛОҚ туманида буюк Соҳибқирон Амир Темур номи билан аталадиган ўйингоҳ ўн мингдан зиёд тошлоқликларни,  вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган меҳмонларни карнай-сурнай садолари остида бағрига чорлади.

“Баҳор” ярмаркасидан жой олган она-заминимизда етиштирилган маҳсулотлар ва миллий таомлар кўргазмаси, ҳунармандчилик буюмлари  тупроқ билан тиллаша оладиган элнинг яратувчанлик, меҳнатсеварлик фазилатини, ижодкорлик истеъдодини намоён этиб турибди.

51 та қозонда тайёрланган палов ва сумалак кам таъминланган оилаларга тарқатилди.

20 дан зиёд корхона ва ташкилот, муассасалар томонидан тайёрланган кўргазмалар, айниқса Ёшлар Иттифоқи туман Кенгашининг фаоллари ташкил этган турли соҳаларга оид кўргазмалари,  қўли гул ҳунармандларнинг санъат асарига қиёсланса арзийдиган ашёлар миллий байрамимизнинг мазмунига-мазмун бағишлади.

Саҳнада миллий ўйинларимиздан тортиб спорт мусобақалари авжига чиқди.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, таниқли хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид ва  туман марказий маданият уйи ҳаваскорлари, тумандаги “Райҳон” ашула ва рақс дастаси ижрочиларининг концерт дастури Наврўзи олам иштирокчиларининг қалбларига қувонч бағишлади.

ҚУВА ТУМАНИ. Тонг саҳарлаб қуваликлар Ал-Фарғоний мажмуасига  кела бошлашди. Оламни тутган карнай-сурнай садолари ҳамда жарчиларнинг чақириғи ҳамюртларимизни Наврўзи олам тантаналарига чорлаяпти.  Мажмуада нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари ва байрам иштирокчиларига анъанага мувофиқ бир пиёла чой-нонушта тортилди.  Наврўз умумхалқ сайли бошланди.

Ўзбекистон халқ ҳофизи  Илҳом  Иброҳимов, таниқли санъаткорлар Тоҳир Маҳкамов, Абдужалил Қўқонов, Нуриддин Асқаров ва туман маданият  бўлими “Раъно”, “Анор”, “Дилхирож” ашула ва рақс халқ ансамбллари  хушовоз хонандалари  томонидан ижро этилган  куй-қўшиқлар байрамга ўзгача тароват олиб кирди.

Болажонлар варраклар учириб, қизлар арқон тортиш мусобақасини бошлаб юборишди.   Туманда бу йилги байрам ҳар қачонгидан кўтаринки кайфиятда то оқшомгача давом этди.