Санъат ва ҳунарнинг уйғун ифодаси

Фарғона водийсининг шарқдан ғарбга, шимолдан жанубга олиб борадиган йўллари кесишган чорраҳада  Марғилон жойлашган.  Манбаларда шаҳар Буюк ипак йўли карвонларининг қўналғаси бўлгани учун карвонсаройлар қурилганлиги қайд этилади.

“Ўткан кунлар” романининг биринчи саҳифасидаёқ Марғилондаги карвонсаройларнинг бирини таърифи келтирилади:” Дарбозаси шарқи-жанубига қаратиб қурилған бу донгдор саройни Тошканд, Самарқанд ва Бухоро савдогарлари эгаллаганлар”.

Шунингдек, романда Отабек Марғилонни “Туркистонимизнинг тўқуғучилиқ ҳунарида биринчи шаҳридир” дейди.

Дарҳақиқат замонлар силсиласи, йиллар суронида ҳам марғилонликларнинг қўл ҳунармандчилиги ўзининг асл моҳияти ва жозибасини йўқотмади. Авлоддан-авлодга сайқалланиб ўтиб борди.

Бугунги кунда шаҳарнинг ўзида 500 нафардан  зиёд ҳунармандлар 34 та йўналишда миллий ҳунармандчиликка асосланган касбий салоҳиятларини намоён этиб келмоқдалар. Уларнинг қўлида санъат асарига айланган ҳунармандчилик буюмларининг ҳайратомуз қадр-қиммати дунё миқёсида эътироф этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жойизки, кўҳна Марғилонда ҳунармандчилик билан уйғун равишда фольклор санъати ҳам кенг қулоч ёзган. Ҳунар соҳиблари иш жараёнларида  халқ терма қўшиқларини куйлаб фольклор санъатини такомиллаштириб борганлар. Эндиликда Марказий аҳоли дам олиш маркази қошидаги   “Чодиржамол” фольклор халқ ансамбли миллий анъаналаримиз намуналарининг тадрижий манбаидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан жорий йилнинг июнь ойида Марғилонда “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг ўтказилиши том маънода  фольклор мусиқа санъатини кенг тарғиб қилиш билан бирга ҳунарманд халқнинг бой маданий меросини янада теранроқ намойиш этиш имконини беради.

Шу кунларда  халқаро фестивални ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан амалий тадбирлар амалга ошириляпти.

Аввало Халқаро анжуман логопитини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилинди. Шунингдек мавзуга оид гайит (йўл кўрсаткич) буклет ва бошқа тарғибот воситаларини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Тадбир ўтказиладиган жойларга олиб борувчи Хиёбон, Туркистон ва Мустақиллик кўчаларида манзарали ўсимликлар ландштафт майдони ободонлаштирилди.  4190 туп дарахт кўчатлари ўтқазиш режалаштирилди.

Хиёбон кўчасининг автомобил йўл қисми кенгайтирилиб, йўл четларига  темир панжаралар ўрнатилди. Кўчаларни узлуксиз электр  энергияси билан таъминлашни йўлга қўйиш мақсадида ер ости кабеллари алмаштирилмоқда.

Халқаро анжуман доирасида ташриф буюрувчи чет эллик меҳмонларни жойлаштириш учун меҳмонхоналарда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Масалан, “Adras House” меҳмонхонасида 300 млн. сўмлик апитал таъмирлаш ишлари якунига етказилди.  “Adras Hotel” ва “Ikat House” меҳмонхоналарида таъмирлаш ишлари авжида.

Фестивалда иштирок этиш учун вилоят ҳунармандлар уюшмаси шаҳар бўлими аъзоларидан 35 нафари, “Чодиржамол”  халқ фольклор ансамбли ижрочиларининг 35 нафари танлаб олингани бежиз эмас, — дейди Марғилон шаҳар марказий маданият уйи раҳбари Валижон Йўлдошев. — Фестивал тадбирларида ҳар бир ҳунармандчилик йўналишига хос фольклор қўшиқлари ижроси театрлаштирилган дастур асосида намойиш этилади. Айтайлик, дўппидўз ўз ҳунарига  фольклор қўшиқни куйлайди, тўқувчи адрасу атласларни мадҳ этади. Шунингдек, Буюк ипак йўлининг рамзий манзарасида халқ ҳофиз ва санъаткорлари Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Тамарахоним, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов сиймолари ёрқин ифодасини топади.

Бу борада “Чодиржамол” ансамблининг моҳир ижрочилари Муҳаммаджон Назаров, Муродилжон Юсуповлар янги фольклор қўшиқлар альбомини яратишиб тақдим этишди.

Ҳунармандчилик намуналари ҳам ўзига хос олам сифатида фестивал иштирокчиларининг эътиборини тортади. Айни кунларда ёш ҳунарманд-абрбанд Абдулло Мирзааҳмедов, қўй юнгидан миллий дизайн асосида шарф тўқиш ҳунарини пухта эгаллаган Мухлиса Фозилованинг шахсий галареялари тайёргарлик жараёнининг диққат марказида турибди. Фестивалда ана шундай ёшларнинг истеъдод ва маҳоратлари бор бўй-басти билан намоён бўлади ва шубҳасиз хорижлик меҳмонларда унутилмас таассурот қолдиради.