Халқимизнинг давлатдан розилиги ва фаровон яшаши

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг аҳолининг турмуш даражаси сифатини оширишга қаратаётган алоҳида эътиборлари, шунингдек, республиканинг ҳар бир ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги топшириқлари, кўрсатмалари ҳамда 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳудудлар ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари бошчилигидаги 4 та секторларга бўлиниб, бошқарувнинг янги тизимини яратиб берганларига ҳам бир ярим йил бўлди. Бу борадаги вазифалар қандай амалга ошириляпти-ю, аҳоли манфаати учун нима беряпти? деган саволларга жавоб олиш учун Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Мадаминович Ғаниевга мурожаат қилдик.

–Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги  “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг асосий мақсади 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, ишни ташкил этиш, биринчи навбатда, жамоатчилик олдида ҳисобот бериш шакллари ва услубларини тубдан такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтиришдан иборатдир.

Боиси ушбу тизим орқали бугунги бахтли ҳаётимиз ва эртанги кун истиқболини таъминловчи энг муҳим мезонлар белгиланиб, ҳар бир раҳбар ходимнинг жараёндаги дахлдорлик туйғуси ҳамда жавобгарлик ҳисси кучайишига муваффақ бўлинмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманларда ташкил этилган 4 та секторлар томонидан аҳолининг маиший ва турмуш шароитини яхшилаш, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантиришда вилоятда қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Биринчидан — Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари У.С.Исмоилов ҳамда Т.А.Худойбергеновлар бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳлари томонидан вилоятнинг барча 19 та туман (шаҳар)ларида 1031 та маҳаллалар фуқаролар йиғинларидаги 738 279 та хонадонларда уйма-уй юриб ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида жами 625,6 мингдан зиёд хонадонларга кирилиб, 99,3 мингта муаммо аниқланди ва 77,8 мингта муаммо бартараф этилди.

Шунингдек, ўрганишлар юзасидан ишларни самарали ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган вилоят ва туман (шаҳар)лар “Йўл харита”ларида белгиланган тадбирлар ижросининг бажарилиши бўйича мазкур шаҳар ва туманлар ҳокимликларида мониторинг гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, Йўл харита”лари ижроси таъминлаб келинмоқда.

Иккинчидан – 2018 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида вилоят ишчи гуруҳлари ва 4 та секторлар раҳбарлари ҳамда уларнинг ишчи гуруҳлари томонидан вилоятнинг 1031 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 738 279 мингга яқин хонадонлар тўлиқ ўрганилди.

Ўрганишлар натижасида жами 343 404 та муаммолар аниқланиб, уларнинг 339 827 таси бартараф этилди. Қўшимча муддат ва маблағ талаб этиладиган 19 831 та муаммолар республика, вилоят ва туман (шаҳар)лар “Йўл харита”ларига киритилди.

Учинчидан — сектор раҳбарлари томонидан асосий эътибор– бириктирилган ҳудудда яшайдиган алоҳида тоифадаги фуқароларни ҳолидан хабар олиш, ижтимоий соҳа муассасаларидаги камчиликларни аниқлаб, бартараф этишга қаратилмоқда.

Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан алоҳида ҳимояга муҳтож бўлган кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақа тайинлашда ижтимоий адолат принципларига амал қилиниши ва ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишининг аҳволи мунтазам равишда ўрганиб келинмоқда.

Бу борада, эҳтиёжманд оилаларга 101,3 млрд. сўм ижтимоий нафақалар тўланди ва 11 мингдан зиёдининг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, айниқса, оналар ва болалар ҳамда ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича вилоятда тиббий кўриклардан ўтказилиши режалаштирилган 2 млн. 493 496 нафар аҳолининг 2 млн. 456 93 нафари (98,5)% тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиғини тиклашга эришилди.

Шунингдек, ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг 1 584 нафарига ногиронлик аравачалари, 195 нафарига эшитиш мосламалари ва 5 053 нафарига ногиронлик гуруҳлари белгиланди, шу билан бирга 362 нафар беморларга қўлтиқтаёқлар, 221 нафар беморга ҳассалар ҳамда аҳоли соғлиғини яхшилаш мақсадида 2 668 та сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар ва 10 мингдан зиёд беморларга даволанишлари учун ордерлар берилди.

Тўртинчидан — сектор раҳбарлари томонидан тегишли бошқарма ва ташкилотлар билан биргаликда ижтимоий соҳа, инфратузилма, транспорт- коммуникация соҳалари бўйича фуқаролардан тушаётган мурожаатлар бартараф этилиб келинмоқда. Жумладан:

— электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 130 та янги трансформатор пунктлари ўрнатилди, 651,8 км. электр тармоқлари тортилди ҳамда 56 та трансформатор пунктлари ва 387 км. тармоқлар мукаммал таъмирланди;

— табиий газ таъминоти қониқарсиз, суюлтирилган газ етказиб берилаётган хонадонларга 110 013 дона (44,8 минг) тонна маиший газ баллонлари етказиб берилди;

— аҳолини ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 262 та сув насослари ўрнатилиб, 37 таси таъмирланди, 554,6 км. ичимлик суви ва 8 км. оқова сув тармоқлари тортилди, 20 та ичимлик сув қудуқлари таъмирланиб, 22 таси янгидан қазилди, 28 та янги ичимлик сув минораси ўрнатилиб, 109 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилди;

— йўллардан фойдаланишни янада яхшилаш борасида 347,8 км. ички йўллар асфальтланди, 107,6 км. йўллар тупроқдан шағал қопламага ўтказилди.

Бешинчидан — секторлар томонидан ўтказилаётган ўрганишларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш профилактика тадбирлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат бошқарув идоралари ва кенг жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш, халқ ичига тўлиқ кириб бориш, ҳудудларда ижтимоий-сиёсий вазиятдан бохабар бўлиш, маҳаллаларни тўлиқ қамровга олиш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳафтанинг ҳар пайшанба кунида “Профилактика куни” тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Бунинг ҳисобига, 2018 йилнинг 12 ойида содир этилган жиноятлар 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 2020 тага ёки 32,2 фоизга камайди, 201 та маҳаллаларда умуман жиноят содир этилмади.

Шунингдек, хотин-қизлар, ёшлар ўртасида жиноятчиликни ҳамда ёш оилаларни ажрашиб кетишининг олдини олиш бўйича вилоятда доимий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, аёллар ўртасида содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 648 тага, нотинч оилалар сони 77 тага, ажрашган оилалар сони 428 тага, ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар эса 113 тага камайган.

Олтинчидан — ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли хонадонларига кириш, аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан 2018 йилнинг октябрь ойида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилоятнинг 4 та секторлари раҳбарлари ҳисоботлари эшитилди.

Еттинчидан — белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, шаҳар ва туманлардаги 4 та сектор фаолиятини тизимли ва узвий ҳамкорликда ташкил этиш, секторлар раҳбарларининг биринчи навбатда бириктирилган ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда шу асосда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш, уларнинг амалий фаолиятидан келиб чиқиб, жамоатчилик олдида доимий ҳисобот бериш мақсадида вилоят ва шаҳар, туманлар сектор раҳбарлари келишуви асосида қўшма қарорлар қабул қилинди.

Мазкур қарорлар билан 2018 йил учун белгиланган экспорт, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, яратиладиган янги иш ўринлари манзилли рўйхатини шакллантириш, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумлар, аҳоли хонадонлари ва томорқа ер майдонлари тақсимоти ҳамда “Обод қишлоқ” дастури доирасида қурилиш ва ободонлаштириш бўйича кўрсаткичлар ҳар бир сектор бўйича тақсимот қилиниб, секторларни самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, уларнинг шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш чоралари белгилаб берилди.

Саккизинчидан — 2018 йил учун вилоят маҳаллий бюджетига белгиланган тушум прогноз параметрларини бажарилишини таъминлаш, шунингдек, 2018 йил учун бюджетга прогноздан юқори қўшимча 548 млрд. сўм маблағлар ундириш борасида белгиланган топшириқ бўйича 2018 йилнинг январь-декабрь ойларида 480,6 млрд. сўм қўшимча маблағлар ундирилиши таъминланди.

2018 йилнинг январь-декабрь ойлари учун вилоятга белгиланган 218,3 млн. долларлик ҳудудий экспорт режаси амалда қўшимча топшириқ билан бирга бажарилди.

2018 йил январь-декабрь ойлари давомида 152,7 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 218 фоизни ташкил этди. Натижада хорижий ва қўшма корхоналар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 72 тага кўпайиб, 282 тани ташкил этди.

Тўққизинчидан –муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқларига асосан туманлардаги 4 та сектор раҳбарларининг ҳар бирини ўз сектори ҳудудига йил давомида камида 1 млн. доллардан, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида эса 3 млн. доллардан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими бошчилигида жорий йилнинг 11-17 июль кунлари Хитой Халқ Республикасига ҳамда 24-27 июль кунлари Жанубий Корея Республикасига вилоят делегациясининг ташрифи амалга оширилди.

Хизмат сафарлари якуни бўйича Хитой Халқ Республикаси билан қиймати 358.8 млн доллар ҳамда Жанубий Корея Республикаси билан 222,5 млн.доллар, жами 581,3 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни 2018-2020 йиллар давомида жалб қилиш бўйича эришилган келишувлар ва меморандумларга асосан пухта ўйланган лойиҳаларининг аниқ “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Фарғона вилояти билан Белоруссия Республикаси вилоятлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида жорий йилнинг 10 август куни вилоят делегацияси Белоруссия Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф якунлари бўйича вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича қиймати 15 млн. доллар миқдоридаги келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикасининг Латвия Республикасидаги элчихонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда тасдиқланган “Фарғона вилоятига Латвия Республикаси билан 2018 йилда хорижий инвестициялар жалб этиш, экспортни кўпайтириш ва туризмни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган йўл харитаси”га мувофиқ, вилоят делегацияси “Riga Food — 2018” номли халқаро озиқ-овқат кўргазмасида иштирок этди.

Ушбу кўргазмада Рига шаҳри ва Фарғона вилоятидаги тадбиркорлар ўртасида қиймати 22 млн. доллар миқдоридаги 11 та меморандум имзоланди.

Шунингдек, Фарғона вилояти ва Россия Федерациясининг Уфа, Пермь, Санкт-Петербург ва Вологда вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари ўрганиб чиқилди ҳамда Россия Федерацияси ишбилармон доиралари билан вилоятимиз тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини фаоллаштириш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун жорий йилнинг 6-12 октябрь кунлари Россиянинг юқорида номлари келтириб ўтилган ҳудудларига вилоят расмий делегациясининг ташрифи амалга оширилди.

Делегация аъзоларининг Россияга ташрифи давомида 255,1 млн. долларлик 17 та келишув ва меморандумларга эришилди.

Ўнинчидан – вилоятнинг 15 та туманларидан “Обод қишлоқ” дастурига киритилган 30 та қишлоқларни обод масканларга айлантириш учун Дастур доирасида барча манбалар ҳисобидан жами 143,8 млрд.сўм ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда, Дастур доирасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш ишларига барча манбалар ҳисобидан 153,3 млрд. сўм (105,8%) маблағ сарфланиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари якунланган мазкур 30 та қишлоқлар далолатнома асосида жамоатчилик назоратининг хулосасига асосан фойдаланишга қабул қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 12-13 июнь кунлари вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ, жорий йил якунига қадар яна ҳар бир тумандан қўшимча 2 тадан, жами 30 та қишлоқлар танлаб олиниб, манзилли дастур тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган. Дастур доирасида барча манбалар ҳисобидан 149,3 млрд. сўм ўзлаштирилиши ҳисоб-китоб қилинган.

Бугунги кун ҳолатига дастурга қўшимча киритилган 30 та қишлоқлар учун 43,1 млрд. сўм маблағ ажратилиб, қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ-3812-сонли қарорига асосан 4 та шаҳарларда 8 та — яъни Фарғонада Хувайдо, Бешбола, Марғилонда Дўстлик, Оролбўйи, ҚўқондаЯнги обод, Азизтепа ва Қувасойда Пакана, Исфайрамсой маҳаллаларида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида дастур параметрлари белгиланиб, мазкур дастурни амалга ошириш бўйича 57,8 млрд.сўм маблағларни ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда Фарғона, Марғилон, Қўқон ва Қувасой шаҳарларидан дастурга киритилган 8 та маҳаллаларда 37,8 млрд. сўм (65,6%) маблағ ўзлаштирилиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини вилоятда амалга ошириш доирасида бириктирилган иқтисодий комплекс ходимлари томонидан хонадонларга дастур мазмун-моҳияти ва ундаги имтиёзларнинг етказилиши ҳамда вилоятдаги 738 мингта (100%) хонадонлар хатловдан ўтказилиши натижасида 81 112 та лойиҳаларга 1 трлн. 628 млрд. сўмлик кредит маблағларга талаб мавжудлиги аниқланди.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 65,9 мингта янги иш ўринларини яратилиши белгилаб олинди.

Шунингдек, кредит ажратиладиган фуқаро хонадонига маҳсулот етказилиб, хонадон эгаси томонидан розилик хати банкка тақдим этилгандан сўнг кредит ажратиш тизими йўлга қўйилди ва бугунги кунга қадар тижорат банклари томонидан 5 709 та лойиҳага жами 131,3 млрд. сўм (жамғарма маблағлари 12,9 млрд.сўм) кредит маблағлари ажратилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сонли қарорида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳамда ҳар бир сектор раҳбарларининг ўз ҳудудларида аниқланган ва “Йўл харитаси”га киритилган тадбирларнинг бажарилишини сўзсиз таъминлашда барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарларининг фаолиятини самарали ташкил этган ҳолда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари аҳолининг қувонч ва шодлиги, ғаму ташвишида бирдек иштирок этиб, уларга елкадош бўлиб, тўю маъракалардаги ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олишда ҳам ҳамкорликда иш кўрмоқдалар. Ўз секторидаги турли кўнгилсиз ҳолатларга хоналарда туриб эмас, балки юзма-юз суҳбатлашиб, тўғри йўл кўрсатиш ва маслаҳатлари билан  ечим топмоқдалар.

Умуман олганда, секторлар фаолияти аҳолининг қалбида яширин бўлган ва қийнаб келаётган муаммоларнинг  ижобий ҳал этилиши  ҳамда оилалар ҳаётининг фаровонлашишига замин яратмоқда, деб яна бир бор такрорласам муболаға бўлмайди.

Ўрни келганда яна шу нарсани очиқ айтишим керакки, шу ўтган давр ичида бу тизимни изчиллик билан амалга оширилишида тажрибасизлик, айрим раҳбарлар орасида масъулиятсизлик ҳам кузатилди.

Албатта, камчиликлар ўз вақтида муҳокама қилиниб, керакли чоралар кўрилмоқда.

Чунки мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида катта ва жўшқин ҳаёт оқимидан четда туришга, масъулиятсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – шараф, бу борада нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, секторлар раҳбарлари, балки ҳар бир инсон бурч ва масъулиятини унутмаслиги зарур.

Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида ҳар биримизда бундан буён жавобгарлик ҳисси, дахлдорлик туйғуси юксак даражада шаклланиши муҳим аҳамиятга эга.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, таҳлилий-танқид, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик кундалик фаолиятимизда ҳар биримиз учун жиддий ҳаётий позицияга айланиши зарур. Бу “Пировард мақсадимиз – одамларни рози қилиш”, “Инсон манфаати – ҳар недан улуғ” деган эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда ғоятда аҳамиятлидир.

Шуҳрат ҒАНИЕВ,

Фарғона вилояти ҳокими,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.