Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши

Фарғона шаҳрида Миллий гвардия, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорликда вояга етмаганлар иштирокида “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши бирга курашамиз!” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия ҳарбий-техника институти вакиллари сўз олиб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу йўналишда ижобий натижаларга эришиш муҳимлигини таъкидладилар.

Тадбирда ёшларни ўқитиш, ҳунар ўргатиш ва иш билан таъминлашга қартилган аниқ мақсадли комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ишларни янада жадаллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Ўқувчиларни назоратсиз юришларига чек қўйиш, эртамиз эгаларини турли тўгарак ва спорт турларига жалб қилиш, кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш зарур, дейилди тадбирда.

­­­– «Турон-патриот» тарбияланувчисиман, ­­– дейди  Фарғона шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азамат Абдуғаффоров. ­– Спортнинг ўзбек жанг санъати ва таэквандо турлари билан шуғулланаман. Келажакда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси бўлишга қарор қилдим. Тенгдошларимни ҳам спорт билан астойдил шуғулланишга, кўпроқ китоб ўқишга чақираман.