Оилавий тадбиркорликка эътибор

Оилавий тадбиркорликка эътибор – аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга бўлган эътибор

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 март куни «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4231-сонли қарори қабул қилинди.

Қуйида мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамияти ҳамда унинг ижросини амалга ошириш борасида келиб чиқадиган вазифалар борасида фикр юритамиз.

Ушбу қарорда Республика ҳудудларида аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига,  оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш ва мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида белгиланган таркибда «Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари» ташкил этиш белгиланган.

Ушбу марказлар томонидан оилаларнинг хоҳиш ва истаклари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшларнинг лойиҳалари,  ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлиги чуқур ўрганилиб,  ҳар бир оила ва тадбиркорлик субъектларининг таклиф этаётган лойиҳаларига кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар берилади.

Ушбу қарор билан ўрнатилган тартибга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5242-сон, 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar – Kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5466-сон Фармонлари, 2018 йил 26 апрелдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3680-сон, 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ-3777-сон ва 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3856-сон қарорлари асосида имтиёзли кредитлар, кредит маблағлари товарлар (хизматлар) шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан (хизматлар кўрсатилгандан)  ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Қарорнинг 4-бандига асосан, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида назарда тутилган лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш учун, имтиёзли кредитлар оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

 

Маълумот учун:

2018 йилда ажратилган имтиёзли кредитлар:

2018 йилда вилоят бўйича 7941 та фуқаро (тадбиркор)га 199,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Шундан:

5563 та лойиҳага 128,1 миллиард сўм – «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури;

1288 та лойиҳага 14,6 миллиард сўм – «Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш» юзасидан;

288 та лойиҳага 33,9 миллиард сўм – «YoshlarKelajagimiz» давлат дастури;

802 та лойиҳага 22,7 миллиард сўм – ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш бўйича ажратилган.

Диққат!

2019 йилда имтиёзли кредитлар учун 486 миллиард сўм ресурс ажратилиши режалаштирилган. Эътибор беринг, бу йилги имтиёзли кредитлар миқдори 2018 йилдаги рақамга қараганда қарийиб 2,5 баробарга кўп.

Қарорнинг 9-бандига асосан бир ой муддатда барча туман (шаҳар)ларда аҳоли ва муҳтож оилаларни фойдали меҳнатга жалб этган ҳолда экспортбоп, бозор талабига тўлиқ жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнини қамраб олган кластер тизимини кенг жорий этиш бўйича аниқ чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.

Бунда:

Маҳсулотларни етиштириш ва қайта ишлаш жараёнида аҳолининг, биринчи навбатда, муҳтож оилаларнинг иштирокини ва моддий манфаатдорлигини ошириш;

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида улардан маҳаллий шароитларда кенг фойдаланиш, кластер тизимини жорий қилишда хорижий мутахассисларни ва мазкур соҳада юқори кўрсаткичларга эришган етакчи тадбиркорларни жалб қилиш;

Серҳосил мева-сабзавот экинларини экиш, наслли чорва молларини етиштириш, тайёр маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнига замонавий инновацион, ресурс тежайдиган технологияларни жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Қарорнинг 10-бандига асосан худудларда тадбиркорлик соҳасида муайян тажриба ва ютуқларга эришган тадбиркорни уларнинг соҳа ва имкониятларини ўрганган ҳолда тажриба орттириш, кўникма шакллантириш мақсадида «Устоз-шогирд» анъанаси асосида маслаҳатларни бериш бўйича имтиёзли кредитлар олаётган ташаббускор, айниқса ёш тадбиркорларга бириктирилади.

Аҳолининг, айниқса ёшларнинг бизнес ғоя ва стартапларини амалиётга татбиқ этишга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда «бизнес инкубаторлар»ни ташкил этилади.

Ушбу вазифалар ижроси бўйича вилоятимиз маҳаллаларда жойлашган йирик корхона ва саноат ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорликда, уларнинг меҳнат фахрийларини, муҳандис, техник ходимларини, ишчи-хизматчиларни, самарали фаолият юритаётган бизнес субъектлари раҳбарларини, маҳаллада яшовчи ўз касбининг усталарини жалб этган ҳолда «устоз-шогирд» анъаналари марказлари ишини ташкил этиш, шу асосда ёшларни, уйда бўш ўтирган аёлларни ижтимоий меҳнатга фаол жалб этиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш,  уларнинг бизнеслари ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашиш механизми шакллантирилмоқда.

Қарорнинг 11-бандига асосан ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш,  имтиёзли кредитларни мавжуд шароит ва оилаларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда ажратилишига эътибор қаратиш;

Қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига бўш турган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида 2 йил муддатда ушбу ер майдонларини ҳақиқий даромад манбаига айлантириш шарти билан доимий ёки узоқ муддатга ижарага бериш;

Шаҳар ва туманлар марказларида фойдаланилмасдан турган биноларни тадбиркорлик субъектларига уларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш шарти асосида доимий ёки узоқ муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш вазифалари юклатилган.

Бу борада вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида маҳаллалар кесимида «бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулотларни етиштиришни ихтиссослаштириш бўйича режалар ишлаб чиқилиб, амалиётда қўлланила бошланди.

Маҳаллада «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили қўлланилса, ишлаб чиқариш мукаммаллашади, шу маҳалланинг ўзида жаҳонбозор шаклланади. Қолаверса, бир хил маҳсулот етиштириш учун инновацион технологиялар қўлланилса, маҳсулдорлик максимум даражада ортади.

Кафолатли меҳнат ўринлари яратилиб, оила бюджети даромадлари ошади.

Шу билан бир қаторда шаҳар ва туманлар марказларида фойдаланилмасдан турган биноларни тадбиркорлик субъектларига уларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш шарти асосида доимий ёки узоқ муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш, бўш турган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида 2 йил муддатда ушбу ер майдонларини ҳақиқий даромад манбаига айлантириш шарти билан доимий ёки узоқ муддатга ижарага беришни ташкил этиш мақсадида мукаммал маълумотлар тайёрланмоқда.

Қарорнинг навбатдаги банди билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва лойиҳада иштирок этаётган тижорат банкларига, хонадонларга ташриф буюрган ҳолда имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самараси, натижадорлиги ва белгиланган муддатларда қайтарилишини мунтазам равишда назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бизнеснинг ушбу шакли билан шуғулланаётганларга кўплаб имтиёз ҳамда имкониятларни яратиб бериш мақсадида барча куч сафарбар этилмоқда. Солиқдан озод этиш бўладими, энергия ресурслари тўловидаги имтиёзларми, маҳсулотни сотишдаги эркинликми, хуллас, ҳамма шароит муҳайё қилинмоқда.

Мазкур қарор аҳамияти хақида айтилганда, қарор ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш йўлида катта хуқуқий дастур бўлиши, шубҳасиз.