Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари ўттизинчи сессияси

Вилоят Тадбиркорлар марказининг катта мажлислар залида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда депутат ва сенаторлар, туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, бўлим ва бошқармалар раҳбарлари, таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раҳбари, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев олиб борди.

Сессияда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, соҳада кузатилаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўриладиган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов сўзга чиқиб, юқори малакали педагог кадрлар ҳамда тарбиячиларни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш, соҳада ишлаётган раҳбарларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш орқали соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, жараёнга замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этишни асосий мезон сифатида киритиш ҳақида сўз юритди.

Мактабгача таълим муассасаларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш тизимини ва уларнинг фойдали элементларга бойлигини қайта кўриб чиқиш, жараённинг узлуксизлигини, белгиланган сифат ва стандартни таъминлаш, шифокорлар томонидан боланинг ўсиш суръатларини кузатиб бориш, болаларни боғчага қамраб олишнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш бўйича атрофлича фикрлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 14 февраль куни ўтказилган кенгайтирилган мажлисда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда хусусий ва давлат шерикчилиги асосидаги муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобига болалар қамровини кўпайтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берилган эди. Кун тартибидаги иккинчи масала шунга бағишланди. Унда мажлис топшириқлари асосида ишлаб чиқилган вилоят “Йўл харитаси” ва келгусида бажариладиган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди.

Мавзу юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдуз Ходжаева маъруза қилди.

“Йўл харитаси”да назарда тутилганидек, 2018 йил дастури доирасида янгитдан қуриладиган  10 та,  реконструкция қилинадиган 70 та, капитал таъмирланадиган  71 та, жами 151 та мактабгача таълим муассасалари лойиҳа-смета ҳужжатларини қайта тайёрлашда ҳар бир объектда қурилиш ишларини янги инновацион усулда ташкил этиб, қурилиш-монтаж ишларини камида 25 фоизга арзонлаштириш чораларини кўриш ишлари бажарилади. Қўқон, Қувасой шаҳарлари, Бешариқ, Данғара, Риштон, Қува туманларида фаолият кўрсатаётган 135 та давлат мактабгача таълим муассасаларининг болаларни жалб қилиш имконияти ўрганиб чиқилиб, асосланган таклифлар киритилади.

Нодавлат ва давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этилишини ривожлантириш йўналиши ҳам йўл харитасидаги муҳим топшириқларни қамраб олади. Масалан, 2018 йилда 277 та давлат ва хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш чораларини кўриш учун тегишли ташкилотларга вазифалар юклатилди. Бунда тадбиркорларлик имкониятларидан кенг фойдаланиш чоралари кўрилади. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан таълим муассасаларига сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан тўғри етказиб бериш, болалар учун озиқ-овқат рационини тўғри шакллантирилиш бўйича ҳам муҳим вазифалар ижро этилади.

Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.