Биз биргаликда қудратли ва енгилмас кучмиз!

2019 йилнинг 11 ва 12 март кунлари вилоятимизда ўтказилган нуфузли анжуман эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаришда мақсадлар муштарак эканлигини намоён этди

Ёшлик нимаси билан завқли, – деган савол жавобини қалби бир олам орзуларга ҳамроҳ навқирон авлод “Ҳаётда ҳали ҳаммаси олдинда”, деган покиза ва беғубор туйғу билан яшаши орқали изоҳлашади. Бу борада ёшликни шоирона ташбеҳлар билан улуғловчи илҳомбахш мисралар ҳам истаганча топилади, аслида.

Ҳазрат Навоий ёшликни умр фаслининг гули ва навбаҳорига қиёслайди. Ёшлик худди муҳаббат сингари, ҳар бир қалб уни янгилайди. Ўзбек ва жаҳон адабиётида ёшликка гўзал таъриф берувчи кўплаб фикрларни келтириш мумкин. Зеро, ёшликка шеърлар, шоирона ўхшатишлар жуда ҳам ярашиқлидир.

Шу йилнинг 11 ва 12 март кунлари вилоятимиз мезбонлигида “Келажакни терроризмсиз қурамиз!” шиори остидаги халқаро ёшлар фестивали навқирон авлоднинг дарёлар, денгизлар ва уммонларни кечгулик қудратини намоён этди. Икки кун мобайнида Фарғона кўчалари ва кошоналарини тўлдириб юзма-юз мулоқотлар, баҳс-мунозаралар, спорт мусобақалари ўтказган, ўзбекона манзират ва меҳмондўстликдан яйраган, байрам дастурлари орқали ўйнаб-кулган ёшлар дунёга янгича ва тийрак нигоҳ билан боқишга интилаётган минтақамизнинг янги тимсолидай туюлди. Ҳақиқатдан ҳам шу қоракўз дилбандларимиз бизнинг келажагимиз – ишонгувчи боғимиз, суянгувчи тоғимиздир!

Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятида катта акс садо берган фикр-мулоҳазаларни билдирган эди.

Дунёда терроризм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради,-деди жумладан давлатимиз раҳбари. – Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг бу каби эзгу ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари Марказий Осиёда, бутун дунёда кенг қулоч ёзиб, халқлар ўртасида ўзаро ахил-иноқлик, яхши қўшничилик, дўст ва қардошлик муносабатлари тобора ривожланишини таъминлаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси эзгу ғояларига ҳамоҳанг тарзда ташкил этилган фестиваль мазкур йўналишдаги амалий ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўз навбатида фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида илгари сурилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида чуқур ўйланган ташқи сиёсат тамойилларига ҳамоҳангдир.

Вилоятимизга ташриф буюрган меҳмонлар Бешариқ, Фарғона тумани ҳамда қўшни Андижон вилояти чегара масканларида ўзбекона удумга кўра меҳмондўстлик билан кутиб олинди. Фарғона шаҳрига қадар фестиваль қатнашчиларини ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари автомагистраль йўллари бўйида самимий меҳр, табассум билан кузатиб қолдилар.

Фестивалда Андижон ва Наманган вилоятлари, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари чегарадош ҳудудларидаги давлат бошқарув органлари, ёшлар ташкилотлари, миллий-маданий марказлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, диний соҳа вакиллари, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш йўналишида илмий-амалий тажрибага эга мутахассислар, талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Вилоят Тадбиркорлар марказида фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирокчиларни қутлаб,  умуминсоний манфаатлар ўзаро уйғун бўлиб бораётган бугунги глобаллашув даврида халқаро терроризм ва турли таҳдидларга қарши курашишда ёшларнинг бирдамлиги муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев ва бошқалар Марказий Осиё ва минтақага қўшни мамлакатлар ҳукуматлари ҳамда ёшлар ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган ҳар томонлама дўстона, ишончли муносабатлар ҳамкорликнинг янги истиқболини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлаётганини таъкидладилар.

Ёшлар анжуманида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга қўшни республикалар делегациялари раҳбарлари томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Тожикистон, Қирғизистон ҳамда водий вилоятлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, жаҳолатга қарши – маърифат билан курашишни устувор мақсад сифатида белгилаб олган ёшларни диний экстремизм ва терроризм сингари турли иллатлар эзгу ниятлар йўлидан асло тўхтатиб қололмаслигини айтиб ўтдилар.

Экспертлар иштирокида савол-жавоблар ўтказилиб, ўзаро ишончли дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамфикрликни янада мустаҳкамлаш борасида яхши таклифлар ўртага ташланди.

­Ўзбекистонга қадам қўяр эканмиз, бунёдкорлик ишлари ва обод масканлардан кўнглимиз жуда ёришиб кетди,­-дейди Қирғизистон делегацияси аъзоси, Қирғизистон халқ артисти Гулшайир Саддибаққасова. ­– Бундай жаннатмакон диёрда яшаган навқирон авлоднинг қалбида ватанпарварлик туйғулари жўш уриши аниқ. Тинчлик-осойишталик ҳукмрон мамлакатдагина илдам ривожланиш бўлади. Бу каби фестиваллар эса ёшларни бирлаштиради. Бугуннинг ёшлари бирлашганда уларнинг қалбини ҳеч қандай ёвуз ниятли кимсалар забт эта олмайди.

Фарғона туманидаги қабуллар уйида Халқаро ёшлар фестивали доирасида “Марказий Осиё минтақасида экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг долзарб масалалари” мавзусида ўқув семинари ўтказилди. Семинарда экстремизм ва терроризмнинг моҳияти, иқтисодий ва ижтимоий ҳамда психологик хусусиятлари тўғрисида маърузалар тингланди.

Илмий-амалий семинар иштирокчилари якдиллик билан Марказий Осиёда терроризм ва экстремизмга қарши кураш долзаб масала экан, хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда ёшларнинг фаоллиги катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда бузғунчи ғояларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда амалий натижалар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Семинар якунида делегация раҳбарлари томонидан меморандум имзоланди.

Халқаро фестиваль доирасидаги тадбирлар Фарғона давлат университетида ҳам давом этиб, университет спорт мажмуаларида футбол, волейбол, сузиш бўйича ташкил этилган мусобақалар том маънода уларнинг ёшлик шижоати, интилишу маҳоратини намоён этди.

Спорт мусобақаларига старт берилишидан олдин вилоят ихтисослаштирилган  гимнастика мактаби,  Қува тумани  болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари ва спорт усталарининг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди.

Икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, анъанавий яхши қўшнилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган муносабатларнинг бугунги янги босқичи халқларимиз манфаати йўлида мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди  Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан ташриф буюрган Носиржон  Насимзода. – Биз ёшлар ҳам  ўзаро дўстлик алоқаларини боғлаб,  билим ва салоҳиятимиз, маънавий  кучимизни бирлаштирамиз.  Фарғонада ўнлаб ўзбек ёшлари билан самимий мулоқотга киришишга улгурдим. Уларнинг меҳмондўстлиги, ҳурмати, очиқчеҳралиги ҳавасимни келтирди. Халқаро фестивалда  ташкил қилинган    спорт мусобақасида биргаликда футбол ўйнадик. Ишонаманки, бундан буён ҳам бу каби баҳсларимизда доимо дўстлик ғалаба қозонади.

Наманган   давлат университетининг  жисмоний маданият факультети талабаси, фестиваль иштирокчиси Осепян Зовен 19 ёшда. Аммо ёш бўлишига қарамай  сузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва жаҳон чемпионати иштирокчиси. У ўз интилишлари,  тиришқоқлиги ва спортга бўлган  муҳаббати туфайли терроризм балосидек жирканч иллатга қарши ўз  фикр-муносабатини дадил ифодалай олади.

Мамлакатимизда янги авлод орзуларини тўлиқ рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратилган,-дейди у биз билан суҳбатда. – Бунинг учун ўз имкониятларимизни тўла ҳис қилишимиз, интилишимиз, куч ва маҳоратимиздан тўғри фойдалана билишимиз, соғлом турмуш тарзига риоя қилишимиз керак. Шунда имкониятларимиз янада ошади,  мамлакатимиз келажаги учун сидқидилдан хизмат қилган бўламиз.

Университетда ташкил этилган миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ҳам меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди. Олий таълим муассасаси талабалари ижросида миллий оҳанглар, шўх лапарлар янгради. Қадрдон қўшиқлар рақсларга уланиб, барчани шодон даврага чорлади.

Талабаларнинг илм-фандаги инновацион изланишлари, терроризм ва экстремизга қарши курашиш кайфияти акс этган ижодий ишлар, айниқса, ёшлар инновацион марказидан ўрин олган кулолчилик намуналарини йиғилганлар катта қизиқиш билан кузатдилар.

– Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст ҳамда қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз, маданий ва диний қадриятларимиз, анъанаю урф-одатларимиз муштарак, – дейди Қирғизистон Республикасининг Ош вилоятидан келган ҳунарманд Сара Орозбекова. – Бугун бизни катта бир шодиёна билан қарши олишди. Ҳар бир соҳада дўстлик ришталарининг мустаҳкамаланиб бораётгани, албатта, тинчликни қадрлашга ундайди. Зеро, тинчлик бугунги долғали замонда ҳар бир халқ учун қадрли тушунчадир.

Фарғонадаги “Истиқлол” теннис кортида дўстлик мусобақаси ўтказилиши фестиваль доирасидаги тадбирларга ўзгача шукуҳ бахш этди. Тенниснинг аралаш (микст) ўйинларида қирғизистонлик Килиим Жанишбеков, Чачикей Фармонова, Тожикистон Республикаси вакиллари Мараматжон Аюмбеков, Гулшан Шодиева, мамлакатимиз спортчилари Владимир Бондуров, Гулчеҳра Муҳаммаджонова, вилоятимиз терма жамоаси аъзолари Нигора Азимжонова, Нурмуҳаммад Ёқубжоновлар ўзаро куч синашдилар.

Бу мусобақада дўстлик ғалаба қозонди,-дейди Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридан ташриф буюрган спорт устаси Мунир Баҳодирхўжаев. – Замонавий теннис кортига жуда ҳам ҳавасим келди. Фарғонада кўплаб дўстлар орттирганимдан беҳад мамнунман.

Шу куни фестиваль доирасида Фарғона шаҳридаги муҳташам “Истиқлол” стадионида “Келажакни терроризмсиз қурамиз!” шиори остида катта концерт дастури бўлиб ўтди. Йигирма минг нафар томошабин тўпланган стадионда ёшларнинг завқу шавқи, ўйин-кулгилари билан байрам дастури янада кўтаринки кайфиятда ўтишига эришилди.

Концерт дастури аввалида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмал Ортиқов тадбир қатнашчиларини самимий қутлади. Маърузада миллий анъаналаримиз, динимиз, осмонимиз, сувимиз бир, қувончу ташвишимиз муштарак экан, аждодларимиздан мерос қадриятларни эъзозлаш, дўстликни янада мустаҳкамлаш учун келажагимиз ворислари фаол ва фидойи бўлишлари зарурлиги таъкидланди.

Маънавиятнинг ўзагини ташкил этувчи миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик қадриятлари, шубҳасиз ҳар қандай жамиятда хавфсизлик, тинчлик, барқарорлик ва тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Бугун бу тушунчани ҳар бир ёш теран ҳис қилаётганлиги қувонарли, албатта.

­Неъматларнинг энг ширини тинчлик саналади, ­-дейди тожикистонлик Гуласал Пўлатова. ­- Тинчликка шукроналик эса қилаётган ишларимизда яққол намоён бўлмоғи лозим. Ватанни терроризм ва экстремизм хавфидан ҳимоя қилиш орқали тинчликни таъминлай оламиз. Тинчлик-осойишталик бўлсагина бу каби фестиваллар, байрамлар бардавом бўлаверади.

Концерт дастурида вилоятимизнинг машҳур санъаткорлари, пойтахтдан ва қўшни республикалардан ташриф буюрган эстрада юлдузлари ижросида янграган ҳар бир таронада Ватан, халқ, тинчлик, дўстлик туйғулари тараннум этилди. Ўзбек, қирғиз, тожик тилларида жаранг сочган ҳар уч мамлакат қўшиқчиларининг хонишлари ёшларга аъло кайфият улашди.

Стадион бўйлаб уч давлатнинг байроқлари ҳилпираб, бирдамлик, ҳамжиҳатлик катта куч эканлигини тадбир иштирокчилари дилларидан ўтказдилар.

­-Биз ёшлар азиз ва мўътабар халқимизни ишонтириб айтамизки, ўзимизнинг бор куч-ғайратимиз, билимимиз, иқтидоримизу салоҳиятимизни Ватанимизнинг келажаги, унинг хавфсизлиги, барқарорлиги, тараққиёти йўлида сарфлашга, терроризм ва экстремизм каби иллатларга қарши астойдил курашишга ваъда берамиз ҳамда барча тенгдошларимизни ўз Ватанлари, халқининг содиқ ўғил-қизлари бўлишга чақирамиз! ­–дейди фестиваль иштирокчи, фаол ёшлардан бири Лочинбек Мирзаодилов.

Тадбирда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

***

Халқаро фестивалнинг иккинчи кунида   иштирокчилар  Фарғона шаҳрининг диққатга сазовор жойларини  томоша қилдилар.

Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номли истироҳат боғида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик кўргазмаси меҳмонларнинг  миллий маданиятимиз ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди. Ардоқли шоиримиз ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи музейда қатнашчилар Ўзбекистон Қаҳрамонининг китоблари, фотосуратлар билан танишдилар. Фестиваль иштирокчилари боғ ҳудудидаги Эркин Воҳидов номли она тили-адабиёти ва хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатида ҳам бўлдилар.

— Фарғона Ўзбекистоннинг  ўзига хос ва бетакрор шаҳри ҳисобланади,  – дейди қирғизистонлик Кудайберди уулу Жоомарт. –  Бу дурдона шаҳар ҳақида кўп эшитгандим. Бу ерга келиш, тенгдошларим билан суҳбатлашиш ниятида эдим.  Бугун нафақат шаҳарнинг гўзал ва сўлим табиатидан баҳраманд бўлдим, шу билан бирга  ўзбек адабиёти ва санъатида етакчи ўрин тутган  Фарғона  санъаткорлари ва адиблари ҳақидаги тасаввурим янада кенгайди.

Марғилондаги Саидаҳмад Хўжа эшон  мадрасаси  меҳмонлар ташрифи билан янада файзга тўлди.  Дошқозонда қайнаётган сумалакнинг муаттар ҳиди  ва таъми иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.  Улар миллий таомдан  баҳраманд бўлдилар. Адрас ва атласнинг кўзни қамаштирувчи камалак ранглари, нақшинкор дўппилар, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари ҳунармандлар юрти бўлган шаҳарнинг ўзига хос хусусиятини намоён этди.

“Чодиржамол” фольклор этнографик ансамбли  мусиқий чиқишлари, шаҳардаги 5-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг рақслари олқишларга сазовор бўлди.  Турли  миллат вакиллари томонидан ижро этилган қўшиқларда тинчлик, осуда ҳаёт ва меҳр-оқибат тараннум этилгани барчага манзур бўлди.

Фарғона санъатига ихлосим баланд, – дейди тожикистонлик хонанда  Нодирабегим  Ўсарзода.  –   Таваккал Қодировни ўзимга устоз деб биламан.  Миллий қўшиқларимиз қаторида ўзбек ашулаларини ҳам  мароқ билан жонли  ижро этаман.  Бу менга қувонч ва завқ бағишлайди. Фестиваль тадбирларида ҳам устознинг  кўплаб дурдона қўшиқлари қатори “Дилбарим”ни фахр билан ижро этдим.

Шу куни Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида фестиваль қатнашчилари учун вилоят рус драма театри томонидан саҳналаштирилган “Хазон бўлган гул” спектакли намойиш этилди.

… Фарғона осмонида тинч ва фаровон ҳаёт рамзи бўлган кабутарлар, лайлаклар ажиб рақслари билан элларни, юртларни, орзу-мақсадларни бирлаштирган кўнгилларни хушнуд этди. Қуёш бетакрор жилва қилиб, баҳорий насимлар меҳрибон ота-она бўлиб ўғил-қизлар бошини силади. Инсон ва табиатдаги ўзаро уйғунлик наинки бутун борлиққа, эртанги кунимиз эгалари қалбига ҳам мангу барҳаёт туйғулар – эзгулик ва яхшилик уруғларини экаётгандек эди гўё. Зотан, бизнинг шиоримиз жаҳолатга қарши маърифат, юксак маърифат ва тафаккур йўли эса абадий ҳаёт йўлидир!

Фестиваль иштирокчиларининг хулосалари ҳам шундай бўлди:

Биз – терроризмга қаршимиз!

Биз – диний экстремизмнинг ҳар қандай кўринишига қарши астойдил курашамиз!

Биз – дунёда ва Марказий Осиёда, юртимизда тинчлик ва дўстлик абадий барқарор бўлиши тарафдоримиз!

Шу боис бир-биримиз билан хайрлашмаймиз, яна кўришгунча деб қоламиз!..