Ҳар бир куни Наврўз маскан

Ҳар йили баҳор келиши билан тумандаги Аҳмад Фарғоний мажмуаси энг гавжум гўшага айланади. Бу масканни Баҳор, Наврўз байрамига тараддуднинг дебочаси дейиш мумкин.

Чор тарафга таралаётган куй қўшиқлар, алёру лапарлар тинчликсевар, меҳнаткаш элни гавжум зиёратгоҳ томон бошлайди.

Қарийиб 16 гектарлик ҳудудни эгаллаган мажмуа туман ободонлаштириш бўлими ишчилари томонидан энг кўркам, озода масканга айлантирилган.

Шу кунларда туман маданият бўлими ижодий жамоалари Наврўз айёмига қизғин тайёргарлик кўришяпти.

Ярим асрлик тарихга эга “Анор” халқ ансамбли  шу кунгача 20 дан зиёд хорижий мамлакатларда ижро маҳорати билан миллий қўшиқчилигимиз довруғини таратиб келади. “Зебо”, “Дилхирож” ашула ва рақс ансамбллари, “Қуббо наволари” бадиий жамоаларининг Ҳайитали Ортиқов, Шуҳратжон Қурбонов,Сойибжон Ғофуров каби хонандалари истеъдоди нуфузли саҳналарда олқишланган.

Туман маданият бўлими оммавий тадбирлар режиссёри Нўъмонжон Усмонов, туман марказий маданият уйи раҳбари Рафиқжон Ҳатамов байрамга бағишланган театрлаштирилган концерт дастурини тайёрлашга масъул.

Яқинда 20 нафар ҳаваскор хонандаларни бирлаштирган мақом ансамблининг ташкил этилиши туманда мақомчилик мактаби қайта тиклангани, ҳофизлар анъанаси давомийлигининг ёрқин ифодасидир.

Оммавий тадбирлар тайёргарлигида  тумандаги касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат, спорт мактаблари истеъдодли ўқувчилари ҳам қатнашяптилар.

Тумандаги 1-мактабгача давлат таълим муассасаси кичкинтойларининг чиқишлари жуда мароқли.

Ҳар куни тонг чоғидан бу улуғ масканда карнай-сурнай садолари, куй-қўшиқлар янграй бошларкан, яратувчан, бунёдкор қуваликлар қалбида шукроналик туйғулари, эзгу мақсадлар ҳам юксалиб боради.