Бахт излаган бахтиқаролар

Бугун чор-атрофга теранроқ назар солиб, дунё воқеаларидан хабардор бўлиб мушоҳада  қилаётган  одам  юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, осойишталик, фаровонлик ва тўкинликка беихтиёр шукрона келтиради.

Инсон  манфаатлари ҳар нарсадан устун бўлган, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя  қилинаётган мамлакатда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилмоқда.Она тупроғимизнинг бебаҳо инъомлари–сархил меваларни дастурхонимизга тортарканмиз, бир таёқ суқсанг, гуллаб мева берадиган она заминга таъзимлар қилгимиз келади. Шундай жаннатмонанд юртда туғилганимиз, униб-ўсиб умргузаронлик қилаётганимиз энг олий неъматдир. Аммо   одам савдоси деган иллат ҳар биримизни хавотирга солади. Ноқонуний  йўл билан, пул ишлаб топиш илинжида ўзга юртларга  йўл олган, у ерларда меҳнати қадрсиз, азобли кунларга гирифтор бўлаётган ҳамюртларимиз борлиги ачинарлидир.

… Турмуши бузилган Ҳалима дугонасига маслаҳат солди. Икки нафар фарзанд билан қаерга бораман, ота-онам ўлиб кетган бўлишса? Дугонажон, биронта иш топиб берсанг, дея  Дурдонага  юзланди. Ҳалиманинг чиройли юз-кўзларига айёрона боққан куйи, дилидан “ҳалиги опага пуллаб юбораман”, деган ўй кетди. “Сен учун иш топамиз, аммо узоқда, хоҳласанг бирга борамиз”. Икки норасидани  едириб-ичириш, кийинтириш  муаммоси турганда  рад қилишга бало борми?

Туркияда бир кампирни парвариш қилиш керак экан. Ойига беш юз доллардан оласан, дея қўйнини ёнғоққа тўлдирди Дурдона. “Дугонам-ку, менга ёмонликни раво кўрмаса керак, борганим бўлсин” дея йўл тадоригини кўрди. Болаларини  қишлоқдаги холасиникига ташлаб кетди. Онасини  узоққа кетаётганидан  ўғли чирқираганча додлаб қолди.

Самолёт аэропортга қўнгач, уни барваста бир кимса кутиб турарди. Суратини Дурдона берган шекилли, ёнига келиб, “Сизни олиб кетгани келдим. Мен билан юринг”дея таксини кўрсатди.

Кампир жуда инжиқ экан. Қилган ишидан қийиқ ахтариб, бақир-чақир қилаверарди. Аммо начора ишлаш керак. Болаларига  ўйлаши, улар учун пул жўнатиши зарур.  Кампир овқатланиб бўлгач, идишларни уриб, синдирар, ёнига келса, сочидан тортиб, урарди. Бундай  хўрликларга чидаб юраверди. Аммо кампир борган сари зуғум кўрсата бошлади. Ўғли келса, “менга қарамаяпти, йўқот буни”, дея ёлғон гапирди. Онасини феълини билиб қолган ўғил индамайгина Ҳалимага  “сабр қилинг, касал одам шунақа бўлиб қоларкан”, дея тасалли берарди. “Ўз онамга тириклигида бир коса иссиқ овқат тутмагандим, энди бўлса, қария учун тувак тутиб, кун кечиряпман”дея афсусланди.

Кампирнинг қилғиликлари жуда ошиб кетди. Бир куни ўзини кроватдан ташлаб, ҳаммаёғини моматалоқ қилди. “Ҳалима мени шу куйга солди, ҳайдаб юбор”, деб ўғлига буюрди. Туҳмат  тоши  юрагини эзиб юборди. Ўғил эрталаб Ҳалимани чақириб, дўқ-пўписа қилиб, бир чақа ҳам бермай, уйдан ҳайдаб солди. Дурдонага қўнғироқ қилиб, аҳволни тушунтиргач, “Дугонажон, бошга  тушганини  кўз  кўради, сабр қил инсофга келиб қолишар. Ўзинг шуни истадинг, бошқа “иш”лар тиқилиб ётовди” дея тинчлантирди.

Сабр косаси тўлган аёл бош олиб чиқиб кетди. Ит кунини кўриб, юртга қайтгани пул ишлади. Болаларини бағрига  олгач, бошини қаёққа боришни билмади. Яхшиям бахтига олисда бўлса ҳам холаси бор. Қишлоққа бориб, далада ишлай бошлади. Ҳалол пешона тери билан топган пулининг баракасини бериб,  рўзғорига барака кириб, ўзини ўнглаб олди.

Фарзандлари ҳам ёнига киришди. Ўтган кунларини эсласа, ўз-ўзидан нафратланиб, қисматга минг лаънатлар ўқиди. Ризқнинг баракаси  юртида бўлишига яна бир бор иймон келтирди…

“Шоҳона ҳаёт”ни истаб, ўзга юртларга шошилаётган ҳамюртим, тўхтанг! Бир зум бўлсин, доно халқимиздан қолган пурмаъно нақлни ёдга олинг: “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарози”. Ҳаётингизни жаҳаннамга айлантирманг. Мақоламиз бадиий тўқима эмас, таниш бир аёлнинг бошидан ўтган савдолардир. Шу боис  бахт излаган бахтиқаролар қисмати бошқаларга ҳам сабоқ бўлсин, дея ушбу мақолани ёзишга жазм қилдик.