Мафкуравий таҳдидларга йўл бермаймиз!

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг 20 февралидан 18 март кунига қадар вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида Наврўз умумхалқ байрами арафасида ўтказилаётган “Биз ёшлар мафкуравий таҳдидларга қаршимиз!” шиори остидаги фестивал давом этмоқда.

ТОШЛОҚ туманида фестиваль барча секторларда – 51 та маҳалла фуқаролар йиғинида уюшқоқлик руҳида ўтди.

Фестиваль доирасида ўтказилган спартакиадада йигитлар ўртасида спортнинг арқон тортиш, тўсиқлар оша югуриш, турникда тортиниш ва тош кўтариш бўйича мусобақалар ташкил этилди. Унда уюшмаган ёшлар фаол қатнашди. “Маҳалламиз маликалари” кўрик-танловида эса лобар қизлар орасидан “Энг моҳир пазанда”, “Энг чаққон келин” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Ғолибларга туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

ҚЎШТЕПА туманида бўлиб ўтган фестивалда маҳаллалардаги 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшлар “Маҳалламиз маликалари” ҳамда ёшлар спартакиадаси мусобақаларида ўзаро беллашдилар. Шунингдек, маҳаллаларда ёш тадбиркор ҳамда ҳунармандлар маҳсулотлари ўрин олган кўргазмалар намойиш этилди. Энг ташаббускор ва фаол ҳунармандлар, тадбиркорлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. Турли номинацияларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар кейинги босқичга йўлланма олдилар.

БУВАЙДА туманида бўлиб ўтган фестивалда тинчлик халқимиз учун бебаҳо неъмат эканлиги, қаерда осойишта ҳаёт бўлса, одамлар бугуни ҳамда келажагидан кўнгли тўқ ҳолда яшаши, ўша ерда тараққиёт бўлиши таъкидлаб ўтилди. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг негизида ҳам ана шу ҳақиқат – юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлашдек олий мақсад мужассамлиги, бунга эса мафкуравий таҳдидларга қарши ҳамиша огоҳлик руҳида яшаш билан эришиш мумкинлиги эътироф этилди.

Тумандаги Жилва, Ҳаким тўра, Янги ҳаёт, Чумбоғиш, Араб, Таррачи, Деҳқонобод ҳамда Шўр маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ғолибликни қўлга киритиб навбатдаги босқичга йўлланма олишди.