Томорқа – мўъжиза, хазина ва туганмас бойлик…

Бугун юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт, дастурхонимиз ва бозорларимиздаги файз-барака барчамизни беҳад мамнун этади.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бободеҳқонларимиз ва шахсий томорқа ер эгалари учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкин-сочинлик бўлиши таъминланмоқда. Ваҳоланки, айни кунларда дунёнинг барча давлатлари аҳолиси ҳам ана шундай маъмурчиликда умргузаронлик қилиш имконига эга эмас.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) таҳлилларига қараганда, дунёда ҳар йили деҳқончилик маҳсулотлари нархи ошиб бораётгани кузатилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда ўнлаб мамлакатларда миллионлаб инсонлар кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги сабабли ёрдамга муҳтож бўлиб яшамоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда сайёрамиз аҳолисининг 1 миллиарддан кўпроғи очликда кун кечиряпти. Ер юзида ҳар куни 25 минг одам қашшоқлик ва очарчиликдан кўз юмаётгани аччиқ ҳақиқатдир.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар бир оилада томорқадан унумли фойдаланиш орқали ризқ-рўз ва даромад манбаларини яратиш бўйича амалга оширирилаётган изчил саъй-ҳаракатлар мазмун-моҳияти биргина ана шу мисолнинг ўзидан ҳам яққол намоён бўлади. “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” сингари ҳаётбахш дастурлар замирида ҳам юртимиздаги ҳар бир оилани муқим даромад манбаига эга бўлиши, тадбиркорлик кўникмаларини янада ривожлантиришдек эзгу мақсадлар мужассам. Бунинг самараси сифатида эндиликда бевосита томорқа маданияти ва даромадини ошириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар замонавий мезонлар асосида такомиллашиб бормоқда.

Шу йилнинг 10 март куни Қўштепа тумани, Қамиштепа МФЙда томорқадан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖлари фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган вилоят семинарида ҳам ана шу хусусда фикр юритилиб, бу борада олдимизда турган энг муҳим устувор вазифалар сарҳисоб этилди.

Вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, қишлоқ хўжалигига дахлдор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, тижорат банклари мутасаддилари, шаҳар-туман ҳокимлари, “Томорқа хизмати” МЧЖ бошлиқлари, маҳаллалар раислари иштирок этган амалий семинарда Қўштепа туманидаги 4 та сектор ҳудуди бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Томорқада фойдаланиш учун ихчам, камхарж ва замонавий техника воситалари намойиш этилиб, томорқа маданияти ва даромадини юксалтиришда битта оила тажрибаси намуна тарзида кўрсатилди.

“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар борасида Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов, Риштон тумани ҳокими Таваккал Раҳимов, Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиковларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Шундан сўнг Қамиштепа МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Меҳринсо Турсунова хонадонида амалий семинар бўлиб ўтди.

Айнан томорқа хизматини тизимли асосда ривожлантириш учун ҳар бир шаҳар-туманда барча юмушларни мувофиқлаштирувчи штаблар ташкил этилди,-деди семинарда сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – Бундан буён шаҳар-тумандаги ҳар бир сектор ҳудудида алоҳида “Томорқа хизмати” МЧЖ фаолият кўрсатади. Сектор раҳбари ўз ташаббуси билан ҳудудда бир неча “Томорқа хизмати” МЧЖлари фаолиятини йўлга қўйиши мумкин. Ҳар бир секторнинг экспорт режаси бор. Сектор раҳбари томорқа эгаси учун барча шароитларни яратишга, шу билан бирга унга тайёр маҳсулотни сотишга деҳқон бозори – экспортчи корхона – қайта ишлаш тизими асосида кўмаклашади. Шу тариқа ҳудудлар “Бир маҳалла – бир маҳсулот”, “Бир кўча – бир маҳсулот” тамойили бўйича ихтисослашиши керак.

Томорқада банд бўлган оила аъзолари учун меҳнат дафтарчаси очилиб, бандлиги таъминланади. Боиси томорқа янги иш ўринлари яратишнинг энг катта манбаи бўлиб, аҳоли даромадини ошириш ва турмуш фаровонлигини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда маҳалла раислари сайлови ўтказилади. Маҳаллага муносиб раис ва маслаҳатчилар номзодини танлашда ҳам айнан томорқадан фойдаланиш самарадорлиги асосий мезонлардан бири бўлади. Ўз навбатида қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалиётга жорий этилаётган янгиликлар, хусусан, кластер тизими мавжуд иш ўринларини қисқартириш учун эмас, балки маҳсулот ҳажмини ошириш ва даромадни кўпайтиришга қаратилган. Кластерлар иқтисодиётимиз барқарорлиги учун хизмат қилиши зарур.

Вилоят амалий семинарига мезбонлик қилган меҳнат фахрийси Меҳринсо Турсунова хонадонида 10 сотих томорқа ери мавжуд бўлиб, ҳар йили 4 тонна узум етиштирилади. Эрта кўкламда турли кўкат ва сабзавотлар етиштириш ҳам оиланинг қўшимча даромад манбаи ҳисобланади. Вилоят ҳокими хонадон эгаларининг томорқадан фойдаланиш борасидаги миришкорлиги барча учун ибрат эканлигини айтиб, оила аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

***

Шу куни вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида ушбу мавзуга бағишланган амалий семинарлар ўтказилиб, вилоят семинарида берилган амалий тавсиялар барча масъуллар ҳамда томорқа ер эгаларига етказилди.

Фарғона туманининг Новкент МФЙда яшовчи Набижон Иномов хонадонида бўлиб ўтган семинарда тумандаги 4 та секторда янгитдан иш бошлаган “Томорқа хизмати” МЧЖлари бўйича қатнашчиларга батафсил маълумот берилди.

Тумандаги тўртта сектор раҳбарлари иштирокидаги семинарда МФЙлар раислари, илғор томорқачилар, томорқада ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида бўлган 200 нафардан зиёд аҳоли вакилларига бу борада яратилаётган шароит, имконият ва имтиёзлар ҳақида тушунтирилди. Семинар қатнашчиларига мазкур хонадондаги иссиқхонада лимон парваришлаш, қўшни оила томорқасидаги қўзиқорин, редиска етиштириш тажрибаси бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Бешариқ тумани, Тошариқ МФЙдаги 631 та хонадонда яшовчи 3000 нафар аҳоли тасарруфида 27 гектар томорқа ери мавжуд. Хуршид Исмоилов хонадонида бўлиб ўтган семинарда 4 та секторда ўз фаолиятини бошлаган “Томорқа хизмати” МЧЖлари раҳбарлари сув таъминотини яхшилаш, уруғлик, агротехник тадбирларни сифатли бажариш борасида томорқа ер эгаларига ўз хизматларини таклиф этди.

Шунингдек, 4 та сектор раҳбари ташаббуси билан тумандаги тижорат банклари масъул ходимлари иштирок этиб, маҳалла аҳолиси ва туманнинг кўплаб ҳудудларидан таклиф этилган томорқа эгаларига имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби ва шу орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалий тавсияларини бердилар.