Халқ фаровонлиги ва Ватан равнақига барчамиз масъул бўлайлик

Юртимизда тарихнинг баланд-паст йўллари ва чоррахаларидан ўтиб, ўзининг эзгу анъаналарига эга бўлган шаҳар ва туманлар кўп. Ана шундай туманлардан бири Қувадир. У гўзал табиати, донг таратган дуру гавҳар анорлари-ю, мевали боғ-роғлари билан дунёга машҳур. Қува ҳақида гап кетганда киши кўз ўнгида камтарин ва самимий инсонлар жонланади…

Қува туманининг Саноатчи маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Маъмур ака қирқ йилга яқин умумтаълим мактабида физика фанидан болаларга таълим берди. Ўтган йили нафақага чиқиб, бекор ўтирмай, асаларичиликни ривожлантиришга бел боғлади. Бу соҳа унга нотаниш эмас, отаси ўз даврида асал етиштиришда қишлоқнинг энг олди миришкорларидан эди.

Боз устига, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси, маданияти ҳамда ижтимоий фаоллигини янада ошириш бўйича кенг ислоҳотлар жараёни бошланиб, катта имкониятлар яратилмоқда.

Албатта бу каби имкониятлардан фойдаланиш зарур, деб ўйларди Маъмур ака. Устига устак тўрт нафар фарзанди қўшимча иш билан таъминланиб, даромади ошади.

Кичик ўғли Баҳодир чет давлатда мумай даромад топишдек ўзининг хом хаёлларидан воз кечармиди?

Ана шундай режалар оғушида ўтирганида, эшик қўнғироғи чалиниб қолди. Кўча эшикни очганида рўпарасидан бир неча кишини кўрди. Маъмур ака меҳмонлар билан саломлашди. Уйга таклиф қилди. Оқ юзли баланд бўйли йигит сўз бошлаб, “Амаки, биз Президентимизнинг алоҳида топшириқлари билан Тошкент шаҳридан келдик. Вилоят ва туман мутасаддилари билан биргаликда сиздек отахонларнинг хонадонига кириб, юзага келган турли соҳалардаги муаммо ва масалаларни ўрганиб, уни ечиш бўйича амалий ишларни бажариб юрибмиз”, деб ташриф мақсадини билдирди.

Маъмур ака доимий равишда Юртбошимизнинг телевидение орқали чиқишларини кузатиб борарди. Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилмоғи керак”, деган тамойили дарҳол ёдига тушди.

Тунов куни шаҳарга тушганида туман ҳокимлигида ишлайдиган бир танишидан Президентимиз томонидан тузилган ишчи гуруҳ водий вилоятларининг Пахтаобод, Риштон, Қувасой, Қўрғонтепа туманларида бўлиб, аҳоли хонадонларига бирма-бир кириб, ижтимоий-маънавий соҳадаги кўплаб масалаларни ечишда амалий ёрдам бераётганини эшитган эди.

Уйига кириб келган йигитнинг сўзларидан Маъмур ака бағоят хурсанд бўлди.

Йигит билан саломлашгач, беихтиёр “Қува туманига барака кирди”, деб юборди. Ва ўзини қийнаётган муаммони сўзлаб берди. “Укажон бир неча йиллардан буён маҳалламиз бошидаги ер остидан зах сувни тортувчи дринажимиз ишламай қолган, чамамда матори куйган. Бир неча бор мутахассисларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмаяпти. Ер ости сувлари кўтарилгач томорқадаги мевали дарахтлар қуриб қолмоқда. Маълумки асалари гулга қўнади, гул эса дарахтда бўлади”, деди. Ишчи гуруҳ орасидаги сув хўжалиги ходими олдига чиқиб, икки кун муддатда мазкур масалани ҳал қилиб беришини айтди…

Албатта Қува тумани вилоятдаги энг катта ва салоҳиятли туманлардан биридир. Тумандаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 246 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Айни кунларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, аҳоли айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш ва уларни қийнаб келаётган муаммолар ечимига кўмаклашиш давлат сиёсатига айланди.

Аҳоли турмушининг яхшиланиши албатта қулай шароитга бориб тақалади. Маҳалла аҳолисини электр энергияси, ичимлик суви, газ баллон, кўмир  билан таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиш учун банк кредитлари ажратиш, уй-жой масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, кўплаб масалалар жойида бартараф этилмоқда. Йирик масалалар туман миқёсида ишлаб чиқилаётган “Йўл харитасига” киритилмоқда.

Шунингдек, маҳалладаги ишсиз фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиб бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари томонидан иш билан таъминлаш чораси белгиланди. Ногиронлар, ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, “Президент совға”лари ва моддий-маънавий ёрдам берилмоқда.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ниятида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Соғлиғидан шикояти борлар туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилмоқда ва бепул даволаниш учун йўлланмалар берилмоқда.

Маҳалладаги судланган, ички ишлар бўлимида профилактика назоратига олинган, ичкиликка ружу қўйган, нотинч оилалар ёки хорижга иш излаб чиқиб кетган фуқароларнинг яшашга бўлган иштиёқини ошириш мақсадида маҳаллада зиёлилар, эл-юрт орасида обрў топган кишилар, тадбиркорлар, ҳожи ота ва ҳожи оналар мураббий сифатида бириктирилмоқда.

Маъмур ака меҳмонлар билан саломлашиб бўлгач, “Агар рози бўлсангиз мен ҳам сизларга ёрдамлашаман. Давлат идоралари ходимлари бизнинг қишлоғимизга келиб, ёрдам қўлини чўзар экансизлар, албатта бизлар четда турмаслигимиз керак. Агар рухсат берсангизлар, ишни Зуҳро момоникидан бошласак. Зуҳро момо табаррук ёшдалар, яқинда у киши 101 ёшни қарши олдилар” деди.

“Саноатчилар” маҳалласи фахрийси Зуҳрахон момо Қурбоновани қишлоқ аҳли ҳурмат қилади, пиру бадавлатимиз дея эъзозлайдилар. Зуҳрахон момо узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритган. Олти фарзанднинг онаси бўлган момо бугун фарзандлари, невара-чеваралари  ардоғида.

Мана бир неча йилдирки момо бир жойдалар. Қувватсизлик, қаттиқ толиқиш момони тўшакка михлаган.

Момо дарҳол тиббий кўрикдан ўтказилди. Зарурий муолажа кўрсатилди. Доимий равишда патронаж хизматини кўрсатиш бўйича келишиб олинди. Президент совғаси ва асосий дори-дармонлар  топширилди.  Унинг илтимоси инобатга олиниб, ногиронлик аравачаси туҳфа этилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Зуҳрахон ая каби нуроний отахон ва онахонлар, меҳрга муҳтож кексаларимиз билан учрашиб уларга моддий ёрдам ва ногиронлик аравачаларини топширишди.

Маъмур ака Ишчи гуруҳ билан бирга қишлоқдаги ҳолатни ўрганар экан, йиллар давомида кўплаб муаммолар йиғилиб қолганига гувоҳ бўлди.

Кўчаларнинг ёзда чангга, қишда лойга қоришётгани, бундай ерларга шағал тўкиш, асфальт ётқизиш зарурлиги, маҳалла биноси бугун авария ҳолатида экани, демак, маҳаллага янги бино барпо этиш зарурлиги,  кўпгина симёғочлар аллақачон эскиргани ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаётгани, айрим кўчаларда ерлардан зах кўтарилгани, бу эса катта зовурларни қазиш, дренаж тармоғини созлаш лозимлиги билан боғлиқлигини англади.

Маъмур ака қишлоқдаги муаммоларга юзма-юз келар экан, “Бир томондан маҳалладаги ушбу тизимли муаммолар тумандаги айрим мутассади раҳбарларнинг лоқайдлиги туфайли йиғилиб қолган бўлса, иккинчи томондан ўзимизда ҳам бефарқлик кучайиб кетган эканда”, деб  хаёлан ўзини койиди.

Бир неча кунлик амалга оширилган ишлардан сўнг, маҳалла гузарида ишчи гуруҳ аъзолари, вилоят, туман мутасаддилари ва маҳалла фаоллари иштирокида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Маҳалла оқсоқоли ҳисобот берар экан, бир неча километр йўлларга шағал тўкиб, текислаш, эски қўлбола устунлар ўрнига замонавий симёғочлар ўрнатиш, зовурларни тозалаш, зах сувларни пасайтириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, паспорт ва кадастр билан боғлиқ масалалар бартараф этиш, муқаддам судланган ва нотинч оилаларни маънавий жиҳатдан соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган кўплаб ишлар тўғрисида гапирди.

Йиғилиш якунида Маъмур ака йиғилиш раисидан сўз сўради. У ўн кун давомида  ўзи туғилиб ўсган ва умр бўйи яшаган қишлоғидаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг аҳволи тўғрисидаги қалбига йиғилиб қолган сўзларни рўй-рост сўзлади.

У ўз сўзида қишлоқдошлари орасида ҳали ҳам боқимандалик руҳида яшаётган, ўз ҳаётини яхшилашга ўзи ҳаракат қилмаётганлар кўплиги, аксарият муаммоларни шу ернинг ўзида, яъни маҳалладаёқ ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Хусусан, “Бизнинг миллатимизга, миллий қадриятларимизга хос бўлган меҳр-оқибат, ўзаро ишонч, ҳурмат ва садоқат туйғулари ҳамиша бизнинг инсонийлик безагимиз бўлиб келган. Маҳаллалардаги, хонадонлардаги айрим камчиликлар ўзаро бартараф этилган. Халқ ҳаётини яхшилаш, уй-жойларни, кўчаларни, қабристонларни обод этиш мақсадида халқ ҳашарлари ташкил этилган.

Айни кунларда ҳам бундай қадимий анъаналаримизни давом эттираётган меҳридарё инсонлар кўп-ку. Бироқ бундай юмушларни албатта “давлат қилиб берсин” дея боқимандалик руҳини тарк эта олмаётганларни ғафлат уйқусидан уйғотиш вақти етди. Бу жараённи ташкил этишда зиёли маърифатчилар ташаббусни ўз қўлига олмоғи керак”, деб таъкидлади.

Дарҳақиқат, “Ўз уйингни ўзинг асра”, деган  ҳикмат бежиз эмас, албатта. Ўз ҳаётини, турмушини яхшилаш учун астойдил ҳаракат қилиш, ўзганинг ташвишини ўзиникидай билиб ёрдамга ошиқиш ҳисси ҳар бир инсон қалбидан жой олмоғи лозим. Шундагина бирдамлик ва аҳиллик эвазига турмушимизда учровчи, у хоҳ каттадир, хоҳ кичикдир, муаммо ва камчиликлар ечимига эришилади, барҳам берилади.

Ишчи гуруҳимиз ўз ишини якунлаб, қайтиш арафасида турганида Маъмур акани Насос станцияларини таъмирлаш энергетика бошқармасидан чиқиб келаётганини кўрдим. У жуда хурсанд эди. Бир неча йиллар давомида ишламай келган дринаж ишга тушгани, айни баҳор чоғида ҳовли томарқаларидан зах сув қочгани, боғидаги бодом ва ўриклар гуллагани, асаларилар тинмай гулдан гулга қўниб ҳаётдан баҳра олаётганини, энг асосийси ўғли чет элда ишлаш фикридан қайтгани хусусида ёнидаги ҳамроҳига жўшиб сўзларди…

Баҳодир Шермуҳаммадов,

 Республика Маънавият ва маърифат

 маркази раҳбари ўринбосари.